Исмат Хушев — Дубайда! Бирлашган Араб Амирликларига сафар (6-қисм)
Исмат Хушев — Дубайда!
Бирлашган Араб Амирликларига сафар
(6-қисм)
1.
Дубай, Абу Даби, Шаржада мен олдинги сафар ҳам бўлганман. Уларнинг диққатга сазовор ва тарихий жойларини хаёл суриб, узоқ кезганман.
Шунинг учун ҳам мен бугун бу шаҳарлар ҳақида илгариги кўрган кечирганларимни — муқаддам ёзган эсдаликларимни яна такрорламаслигим учун, ўша ёзганларимдан ҳам фойдаланишни мақсадга мувофиқ деб билдим.
Зотан, менинг вазифам — Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамкасбларимни, яхши ниятли, кўнгли тоза Ватандошларимни Бирлашган Араб Амирликларини бориб кўришга, у ердаги шарт шароит, сиёсий ва иқтисодий муҳит билан ўз юртларини хаёлан таққослаб, ўрганиш керак бўлган нарсаларни ўрганишга, ўргатиш лозим бўлганларини эса — ўргатишга чорлаш ва ташвиқ қилишдан иборат.
Мен ўз журналистик касбимнинг энг муҳим ва муқаддас вазифаси ва бурчини энг биринчи галда — мана шунда деб биламан…
2.
Дубай – бу саҳро ва қумликлар бағрида қад кўтарган гўзал бир хилқат, шаффоф бир гўша.
Шишадек тоза ва озода, мукаммал ва мунаввар бир бўстон.
Бу ерда қурилган осмонўпар бино ва иншоотлар, мўҳташам сарой ва қасрларни мен ҳали ҳеч қаерда кўрмаган эдим.
Меҳмонхоналарини айтмайсизми? Мени чексиз ҳавас ва ҳайратларга ошно этган нарса — бу ернинг «жаннатда ҳам топилмайдиган» гўзал ва бетаъриф, шинам ва бетакрор меҳмонхоналари бўлди.
Машинангиз фойега келиб тўхташи биланоқ меҳмонхона хизматкорлари — ўз соҳиби дийдорига пешвоз чиққан қулбаччадай истиқболингизга югуриб чиқиб, Сизни ўраб олишади.
Бири машинангиз эшигини очиб, Сизни қаршиласа, яна бири уни ер ости гаражига олиб кириб кетади. Иккинчиси юкларингизга эгалик қилса, учинчиси Сизга йўл бошлаб, тўртинчиси Сиз кирар эшикларни тавозе билан бирма бир очиб туради…
Меҳмонхонага кириб, ажиб ҳайрат ва ҳавасдан бир лаҳза тилингиз калимага келмай қолади.
Ён атрофингизда тилла суви юргизилган заррин қандиллардан таралаётган шаффоф бир нур, ёруғ бир зиё – Сизнинг ҳам қалбингизга кўчиб киргандек бўлади.
Улуғвор ва масрур туйғуларга ошно бўласиз.
Теппангизда – марварид шодалари илинган биллур қандиллар, пойингизда эса — Эроннинг чўғдек қип қизил ипак гиламлари, Сизни ажиб бир табассум ва сеҳр, ифодалаб бўлмайдиган мунис бир меҳр билан қарши олган ҳижобли ва ҳижобсиз, ниқобли ва ниқобсиз, гўзал ва покиза туйғули санамлар…
Энг муҳими – уларнинг кўзларида яширинган ва Сиз ҳали дунёнинг ҳеч бир бурчида кўрмаган ҳаё ва ибо ақлингизни шошириб, фикру хаёлингизни тамомила ўғирлаб олади…
Араблар юртида, Араб Амирлигида Сизнинг эътиборингизни энг аввало тортадиган ойдин ва бокира туйғулар шулар.
Бу ерда ҳамма нарса – эъзоз ва эътибор, такаллум ва таважжуҳ, илтифот ва карам, ноз ва карашма – бари Сизга, Сизнинг шаънингизга, Сизнинг эътиборингизга қаратилган.
Меҳмонхона мулозимлари олдиндан буюртма бериб, банд этиб қўйилган хос хоналарни номингизга расмийлаштиргунга қадар – Сиз юмшоқ кресло ё диванда ўтириб, қаҳва ёки кўк чой ичиб турасиз…
3.
Дубайдаги саёҳатим давомида кечаги 4-қисмда ҳикоя қилган армон ва афсус билан бирга, ҳайрат ва ҳавас бобида ҳам шууримда мангуга муҳрланиб қолган воқеа ва ҳодисалар талайгина эди. Дунёдаги энг машҳур ва довруғли савдо марказларидан бўлмиш — Дубай Савдо Марказида кўрган кечирганларим бунинг ёрқин мисолидир.
Инсон заковоти тилсимлари ва кашфиётининг чек-чегараси йўқлигига бу ерда бўлсангиз, ўзингиз ҳам бешак иймон келтирасиз. Совет даврида: «Ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт саодати учун!» деган бир шиор бўларди. Лекин жамиятдаги ҳамма нарса инсон ва унинг саодати учун хизмат қилмас эди. Бугун мен кўрган Дубайда эса — ўша совет даври шиори юз фоиз амалда десам, ишонинг.
Дубай Савдо Маркази бир вақтнинг ўзида бир неча юз минглаб одамларга хизмат қилади. Бу ердаги савдо расталари ва дўконлар бир неча километрлаб айланаб бўйлаб давом этиши мумкин. Йигирма-ўттиз қаватли автомашина парковкаларининг ўзи юздан зиёд. Ана шундан ҳам бу ерда бир вақтнинг ўзида неча юз минг, балки миллионлаб одамга хизмат кўрсатиш мумкинлигини сезиб олиш мумкин.
Савдо Марказида дам олиш жойларидан тортиб, беш юлдузли қимматбаҳо меҳмонхоналарга қадар, сузиш ҳавзаларидан тортиб, хоккей ва теннис майдонларигача Сизнинг хизматингизда. Бу ерда кинотеатр, бар ва ресторанларнинг ўзи юздан зиёд.
Савдо Марказининг энг ҳайратли зиёратгоҳи эса — бир неча километр масофада ўраб олинган сув ости ҳайвоноти — юздан зиёд турдаги турли туман балиқлар сузиб юрувчи улкан аквариумдир. Бу ерда баъзи баъзида балиқлар орасида сузиб юрган сув ости ғоввосларини ҳам (Сурат берилади) учратиш мумкин. Бу аквариум — нодир ва ноёблиги, дунёда ягоналиги билан ҳатто Гиннеслар китобига ҳам киритилган.
Ўн қаватли баландликдан сочилиб турувчи фавворалар, ёмғир тинмай ёғиб турган ўрмонлар аро сайр қилиб юраркансиз, инсон зоти яратган бу ажиб ва ҳайратомуз томошолардан бошингиз айланиб, Савдо Марказида эмас, ўзга бир сайёрада сайр этиб юргандай сирли ва синоатли бир ҳолга тушасиз…
4.
Шаржа — Дубайга чегарадош бўлган тарихий шаҳар. Кўпи билан ярим соатда Дубайдан Шаржага ўтиб бориш мумкин. Таксида бу икки шаҳар орасини кесиб ўтганингиз учун йўл нархи бирданига 20 дирҳамга кўпайиб қолади. Буни менга такси ҳайдовчилари — бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиш нархи ёки йўл солиғи деб тушунтиришди.
Шаржа асосан туристлар шаҳри бўлиб, бу ерда ҳар қадамда меҳмонхона ва отелларни учратиш мумкин. Умуман шаржаликлар асосан туризм билан кун кўришини сезиш қийин эмас. Бу ерда араблар кўпчиликни ташкил этиб, улар асосан меҳмонхона ва отеллар, ташкилот ва компанияларнинг мулкдор ва пулдор соҳибларидир.
Покистон, Ҳиндистон ва Африка Давлатларидан иш излаб келган пулсиз ва камбағал қатлам эса -уларнинг хизматида. Улар меҳмонхона ва отелларда — ҳаммол, қоровул ва юк ташувчи, ташкилот ва компанияларда — югурдак ва фаррош, сал обрўлилари эса — такси ҳайдовчи бўлиб кун кўришади. Уларнинг маъюс ва умидсиз нигоҳларида ўтинч билан йўғрилган ажиб бир мутеълик, ҳатти ҳаракатларида — соҳибининг кўнглини олиб, бир икки дирҳам пул ишлашдан ортиқ илинж йўқ.
Араб Амирликлари — бу бой ва зодагонлар юрти. Қаршингизда ажиб бир мутеълик билан бош эгиб турган қулларнинг очиқ кафтларига тилло танга сочиб юрадиган. Ҳар бир қадамингизда Сиздан пул олиш илинжида мўлтираб турган хизматкорларга саҳийлик билан бир икки чақа — танга ташлаб ўтолмайдиган Исмат Хушевга ўхшаш номи улуғ — супраси қуруқ бўлган ҳалол ва ойликка кун кўрувчи журналистларнинг жойи эмас экан…
5.
Яна Дубай меҳмонхоналарига қайтсак.
Эрталаб тонгда уйқудан турганингиздан то тунда яна уйқуга кетгунингизга қадар хизматингизда бўладиган меҳмонхона мулозимлари, ҳижобли ва ҳижобсиз гўзал канизаклар, санамлар, ҳар бир имо ишорангизга муҳтож турувчи хизматкорлар – Сизни бу ерда мутлақ ҳоким, яккаю ягона хўжайин эканингизни ҳар зум, ҳар қадамда Сизга эслатиб туради…
Мен олдин ҳам дунё бўйлаб кўп кезган, беармон саёҳат қилган жаҳонгашта йигитман. Бу ҳақда муқаддам айтилди.
Лекин Бирлашган Араб Амирлигига қилинган бу галги сафар ҳам, бу бетакрор ва сирли саёҳат ҳам – умримнинг энг гўзал ва мароқли, ўлмас ва ардоқли хотираси бўлиб, журналистик шууримда мангуга муҳрланиб қолса, ажабланмайман.
Ўтган гал мен Дубайда эски қадрдоним Марат Зоҳидовни тасодифан учратиб қолган эдим.
Биз Марат Зоҳидов билан иккаламиз – икки эски қадрдон – бири Ватансиз, бири Ватанли, бири – сиёсий, бири – ҳаётий икки муҳожир Бирлашган Араб Амирликларининг энг гўзал ва кўркам шаҳарларидан бири бўлмиш – Дубайда ўтган кунларимизни хотирлаб уч кеча-ю, уч кундуз бирга бўлдик.
Биргаликда Дубайдаги фаровонлик ва ободликни, ҳурлик ва озодликни ўз она юртимиз – Ўзбекистон билан хаёлан қиёсладик, таққосладик.
Биз ўзбекистонлик икки ўзбек – араблар юртининг Ўрта ер денгизи бўйидаги қип қизил қум ва саҳродан иборат чўл-у, биёбоннинг қоқ марказида – жаннатдаги беҳиштдай дилбар ва мунаввар бир гўша, ям яшил ўтлоқзор ва зилол сувли фавворалардан иборат ўхшаши йўқ гўзал бир бўстон, бетакрор бир арши аъло яратган буюк араб халқига таҳсин ва ҳамду санолар ўқирдик.
Уларнинг улкан бунёдкорлик меҳри ва яратувчилик сеҳри билан йўғрилган ақлу заковатига таъзим бажо айлаб, ташаккур ва тасаннолар тўқирдик.
Араб Амирликларининг қаерига бормайлик, қай бурчига сафар қилмайлик – она Ўзбекистон доим бизнинг ёдимизда турди, хаёлимизда юрди.
Араблар юрти жуда гўзал ва обод. Дубайнинг таърифига – қалам ожиз, тил – лол.
Лекин Ўзбекистон барибир Ўзбекистон экан. Инсон ўз она Ватанининг асл қадрига шу юртда яшаб юрганида ҳеч қачон етмас экан.
Исмат Хушевга ўхшаб, хориж эллар сари ногоҳ юз тутса, маданияти ёт ва қадрияти бегона юртлардан қўним топса, она Ватан қадрини ана ўшандагина англай бошлар экан одамзот…
Талабалик йилларимдаги истеъдодли шоир дўстим Мирзо Кенжабоевнинг қуйидаги дилбар сатрлари Дубайдаги етти кунлик саёҳатим давомида бир кун ҳам мени тарк этмади десам, ишонаверинг:
Ернинг ҳар буржида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўзлар, гумон йўқ
Ўзбек кўп курраи заминда, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!
6.
Бир ҳафталик Дубай, Шаржа ва Абу Даби зиёратидан сўнг ниҳоят 2 июль оқшомида олам олам завқу шавқ ва сирли синоатли таассуротлар билан Истанбулга учдим. Дубай аэропортидан кўкка парвоз қилган улкан ҳаво кемаси уч-тўрт соатнинг нари берисида Сизни Туркиянинг энг гўзал ва дилбар гўшаларидан бири — Истанбулга элтиб қўяди.
Самолётда менга тасодифан ҳамроҳ бўлган бир гуруҳ — Ўзбекистон Олий Кенгаши ва Сенати аъзоларининг Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан шу кеча кундузда олиб бораётган ўзъаро дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги умидбахш ҳикоялари менинг ҳам қалбимда ажойиб ва ғаройиб, яхши ва ёруғ орзу умидларни уйғотди.
Бу шу маънодаки, эрта бир кун Ўзбекистонда ҳам худди Дубай, Шаржа ва Абу Дабидаги каби шинам ва оромижон бизнес офислари, меҳмонхоналар, зангор сувли зилол ҳовузлар қурилиши мумкин. Дубай Савдо Марказидаги улкан Аквариумга ўхшаш сон саноқсиз балиқлар сузиб юрадиган сунъий денгизлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон бугун дунёга фақат коррупция ва порахўрлиги билан танилган давлат, инсон ҳуқуқлари чекланаётган — ёпиқ жамият мисоли бўлиб эмас, балки тобора гуллаб яшнаётган, инсонлари ҳур ва озод, бахтиёр бир ўлка тимсоли бўлиб ҳам танилишини жуда жуда орзу қилардим…
Назаримда, менинг Дубайдан Истанбулга қайтаётиб, бир гуруҳ ўзбек расмийлари билан бўлган суҳбатимдан кейинги руҳий ҳолатимни Абдулла Ориповнинг қуйидаги шеърий мисралари янада ёрқинроқ ифодаласа, не ажаб!
Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,
Қанча манзилларда туздим ошён.
Ва буюк ҳикматга охир юз бурдим:
Сийланган жойида азиздир инсон.
Юртим, сенда экан насибам тугал,
Сен ўзинг номусим, шавкатим, шоним.
Сен онам, сен синглим, ёримсан азал,
Эй, жоним жаҳоним – Ўзбекистоним.
Иста, қисматимга ўзинг бер берҳам,
Иста, яхши кунда номим этгил ёд.
Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам,
Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзот…
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев нашримизнинг Дубайдаги мухлислари билан…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
14 июль, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия бўйлаб сафари чоғи олинган суратлар галареяси, июнь-июль, 2015 йил.
14 июль, 2015 йил. Торонто шаҳри, Канада.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
(Давоми бор)
7 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ2 комментария
-
» Уларнинг маъюс ва умидсиз нигоҳларида ўтинч билан йўғрилган ажиб бир мутеълик»ixtiyoriy-majburiy vatandan olisda, men xam shu xolatlarni boshdan utkazdim yana qancha uzbeklar vatandan olisda kupchiligi farrosh ,qurilishda ,uy xizmatlarida bolam chaqam deb yurishibdi muxojirlikda qulidan nima ish kelsa qilishadi .muxojirlikdagi va yurtimizdagi xamma yurtoshlarimga sog’lik ,tinchlik va omonlik tilayman .Vatanim Uzbekiston rivojlangan davlatlar safida kurish nasib etsin barchamizga zero noumid shaytondir.
-
Хурматли Исмат ака! Сафар таасуротларингизни жуда хам ажойиб баён килгансизки, беихтиёр сиз билан бирга саёхат килгандек булади киши. Ёзганларингиздан менга энг маъкул булган гап, ушандек жаннатни Ватанимизда куришни орзу килганингиздир. Бизнинг халкимизнинг хам бахт куёши яна беш йиллардан кейин порлаб колса ажаб эмас. Дубай хам 1970 йилдан 90 йилгача, яъни йигирма йил ичида жадал ривожланиб шу даражага эришди. Бизнинг казолар эса сизнингдек фикрга эга эмаслар, улар шундай жойларга боришгач, уша ерлар дан касрлар, виллалар, яхталар ва яна кунгилларига келган нарсаларни олишди, оилаларини жунатишди. Зеро Ватанимизнинг табиати ва имконияти уша давлатларникидан заррача кам эмас. Умарилган ва умарилаётган миллардлаб долларларга уларникидан хам мухташам давлат барпо килса булар эди. Бизларнинг бир йиллик даромадимиз, саккиз йилга етади дейилган эди, чорак аср мукаддам! Демак 25х8=200 йиллик даромадимиз упирилиб кетибди. Ана шу беш йилдан кейин хам биз куплардан утиб кетамиз хали. КЕЛАЖАГИМИЗ АЛБАТТА БУЮК!!!
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Исмат ака сафар таассуротларига гап йук! Худди, сиз билан енма-ен бирга сафар килгандек булдим. Бирор нарса хакида таьсирли езиш учун, аввало автор узи таьсирланиш керак уша нарса еки вокеадан. Зерикарли езмаслик учун эса, сизга ухшаб каерда кандай езишни билиш керак деб уйлайман. Сизга рухий баркамоллик, уйгок калб, оилавий тукис бахт доимо хамрох булишини Аллохдан сураб коламан
“Мачит” эмас “Масжид” ёзилади
Bu boyliklarning barchasi turkiy va forsiy musulmonlarning cho’ntagidan kelgan. O’zbek yemasa ham hajga borsam deydi!
“Аёллар ҳижобда юришади, ўттиз ёшгача бўлган аёллар маҳрамсиз мамлакатга киритилмайди”. Unda MDH davlatlaridan (balki butub dunyodan) kelayotgan “tungi kapalaklar” yoki yosh qizlar Dubayga qaysi yo’l bilan kirishyapti?
Исмат ака сиз мавжуд сиёсий ҳокимят ичидан чиққанман дейсиз. Лекин қоғозга ўраб одоб доирасида пустагини қоқиб, камчиликларини очиб, чуқур мулохазали танқид қиласиз. Араблар нафақат нефт қушимча ислом дини туфайли шу мақомга эришди. Нефти бор мамлакатларни ҳаммаси ҳам БАА.КАТАР даражасига эришгани йўқ. Бизга келсак ҳали ҳам ўрта йўлдамиз жоҳил совет утмишидан қутлганимиз йўқ. Исломни ҳам жамиятимизга синдира олмадик. Исмат ака ёзганлари ва БАА хакдаги фикрлари биз учун ахамиятлик. Бошкалар хам у кишдан урганиш керак ёзишни. Айникса давлапт ва ахбарот агентликлари мухбирлари. Улар жуда сийка ва зерикарли ёзади. Исмат акани уларга бошлик киилб куйиш керак. Ман приздент бусам шундай килардим.
Бундан ортиқ таърифлаш мумкинми! Сафар таъсуротларини журналист аҳли. Шахсан мен Араб Амирлигига бу ёзганларингизни ўқиб боргандек бўлдим. Сиз саёҳатда тўриб шунчалик ижод қилишингизни ақилга сиғдириш қийин. Қандай вақт топасиз? Бутун ҳаёлингиз ижод, фикрлашда бўлса керак. Мана энди биз биламиз замонавий ҳақиқий журналист, ижодкор қандай бўлиши керак эканлигини сизнинг мисолингизда.
Ismat aka korib keganingiz yahshi, rosa tomosha qiladigan joylari kop, man bir narsaga hayron qoldim nega kostyumda yurdiz ahir u erlar 35-45 daraja issiqku tashqarida? Omad sizga!