Исмат Хушев — Дубайда! Бирлашган Араб Амирликларига сафар (4-қисм)
Исмат Хушев – Туркияда
(“Анталияга саёҳат” туркумидан)
1-қисм
Сўзбоши ўрнида
Туркияга бу галги сафарим 20-июндан олдин бўлиши керак эди. Лекин туғилган кунни уйда, бола-чақам ва оилам бағрида ўтказиб, сўнг йўлга чиқишни лозим топдим.
Дарвоқе, туғилган кун ҳақида.
Тошкентда Подшо эркатойи бўлиб юрган шонли ва суронли кунларимда, умуман ёш ва оташин, умидли ва истиқболли дамларимда туғилган кун нишонлашни ёқтирмасдим. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди, албатта.
Биринчидан, мансабидан фойдаланиб, зиёфату, тантаналарга берилган деб Президентга етказишларидан чўчиганман. Иккинчидан, ўз келажаги ва истиқболига ишонган одам туғилган кунларини нишонлаш билан ўзини овутиб юрмайди.
Қолаверса, раҳматли отам ҳам менга доим мансабидан фойдаланиб, туғилган кунини нишонлаш баҳонасида қўл остидаги ходимлар ва дўстларидан совға салом ўндирадиган мансабдорларни ёмон кўришини яширмасди.
У мени доим ҳалол, жиддий ва оғир босиқ, камтар ва камсуқум бўлишга ундаб келди. Бугун энди отам ҳам, амалим ҳам, Ватаним ҳам йўқ. Амалсиз қолсанг – ҳалоллик, ота онасиз қолсанг – камтарлик ва камсуқумлик, Ватансиз қолсанг эса – жиддийлик, оғир босиқлик ўз ўзидан сенга ҳамроқ бўлиб қолавераркан…
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1998 йилда уч галги ҳибс ва ҳақорат, зулм ва жаҳолатдан сўнг яна Бош муҳаррир этиб тайинланган бахтли кунларимда биринчи маротаба туғилган кунимни Тошкентдаги “Тельман” номли истироҳат боғининг сўлим бир ресторанида нишонлаган эдим. Бу байрам – қирқ йиллик мўъжаз ва лаҳзалик умр йўлларимнинг нурли ва шукуҳли бекати эди. Даврани Наримон Ҳотамов ва Нормурод Нарзуллаевлар олиб боришган, Охунжон Мадалиев қўшиқ куйлаган, Сафар Остонов, Жаббор Раззоқов ва Карим Баҳриевлар мени қутлашган эди…
Орадан йиллар ўтиб, яна ишдан урилдим. Энди – тўртинчи гал қамашса, узоқ муддат ҳибсда қолишимни яхши билардим. Қолаверса, энди мени Ўзбекистонда боғлаб турадиган ота онам, акам йўқ эди. Улар вафот этиб кетишган, етимликнинг бутун жабру жафоси ўзининг бор залвори билан нозиккина елкамга тушган эди.
Президентнинг атрофидагиларга аччиқ қилиб, Ватандан бош олиб, хорижга кетдим.
Эллик ёшимдан бўён чет элда ҳар гал имкон қадар туғилган кунимни нишонлашга ҳаракат қиламан. Чунки энди менинг ундан ортиқ ўзимга ва кўнглимга тасалли берадиган байрамларим қолмади ҳисоб. Орзу умидларим саробга айланди. Келажак ва истиқболдан эса дарак йўқ. Аксинча улар ҳам секин аста худди ўзимдек ҳаёт шоми томон одимламоқда. Умр якунига етмоқда…
20-июнь куни эрталаб уйқудан уйғониб, ювиниб тараниб, ижодхонамга кирсам, столим устида турган миттигина қутичага кўзим тушди. Очиб кўрсам яп-янги “Айфон-6″ телефон аппарати экан. Бу – ўғлим Исломбекнинг оила аъзоларимиз номидан менга қилган таваллуд кун совғаси эди…
Шанба куни бўлса-да, ҳали ишга чиқишим керак. Сафарга тайёргарлик кўришим лозим. Хуллас, кун жуда тез ўтди. Ишдан келсам, Наргиз одатдагидек ажойиб дастурхон тузатибди. Тансиқ таомлар пиширибди. Мен яхши кўрадиган “Оливье” салатини тайёрлабди.
Туғилган кун баҳонасида оиланг ва фарзандларинг сани қутлаб, табриклашса, дил сўзлари изҳор этишса, кўнглинг кўтарилади, албатта. Лекин айни пайтда ҳаёт йўлинг поёнига етиб, умринг шоми яқинлашаётганидан қалбингда номсиз бир дард, исмсиз бир ҳасрат бош кўтаради. Бунинг номини армон ва надомат дейсизми, афсус ва таассуф дейсизми, бунинг энди аҳамияти ҳам, фарқи ҳам йўқ.
Минг афсуски, инсон ўз умрини ҳеч қачон ортга қайтара олмайди. Ҳаёт – шунинг учун ҳам ҳаёт. У инсонга фақат ва фақат бир маротабагина берилади. Уни Ватанда, ўз она халқинг билан бирга ўйнаб кулиб ўтказиш ўрнига сен хорижда, муҳожирликда юрсанг, бир дардингга ўн дард келиб қўшилади. Муҳожиротдагиларнинг синиқ ва ўксик дилини фақат муҳожиротдагилар, ватансизлар тушунади, холос…
Хуллас, 20-июнни уйда – бола чақам ва оила аъзоларим билан ўтказдим. Исломбек футбол ўйнашга кетиб, кечиккани боис, аэропортга мени Чарос қизим олиб чиқадиган бўлди. Кенг ва равон “Хайвей” йўлдан аэропорт томон машинани елдек учириб бораётган қизимга қараб, унинг кўзга яқинлигидан, аллақачон гўзал бир қиз бўлиб улғайганидан қалбимда оталикнинг ажиб бир фахр ва ғурури бош кўтаради.
Аэропортга етиб хайрлашар эканмиз, Чарос юзларимдан ўпиб, “Туғилган кунингиз билан яна бир бор табриклайман, дада. Кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўрарсиз” – деб қўлимга пул қистирди. Ғалати бўлиб кетдим. Машина тўхташи мумкин бўлмаган жойда тўхтаганимиз учун ҳам, жомадонимни олдим-у, Чаросни тезда жўнатиб юбордим.
Қўлимни очиб қарасам – 200 доллар пул турибди. Кечагина боғча ва мактаб ёшидаги жажжигина қизалоғинг муҳожирликда ўсиб улғайиб, коллежда ўқиб, энди ўзи давлат корхонасида ишлаб, ойлик оладиган бўлгани яхши, албатта. Қизимнинг бу меҳри ва илтифотидан негадир кўнглим бузилиб, кўзим жиққа ёшга тўлди.
Одам ёши улғайиб, орзу умидлари ушалмай саробга айланаверса, умр шиддат билан поёнига етаверса, кўнгли бўлар бўлмас нарсага ҳам бўшаб қоладиган бўларкан.
Ватанимдан, Президентдан топмаган меҳру муҳаббатни энди фарзандларимдан, оиламдан топаятганимга Оллоҳга – Яратган Эгамга шукроналар айтиб яшашдан ўзга иложим йўқ, шекилли…
Ўша куни тунги 22.40 да Торонтодан Истанбулга учадиган “Туркиш авиалинияси”га қарашли учоққа чиқиб, эртаси куни эрталаб Истанбулга учиб келдим.
Дарвоқе, самодаги узоқ парвоз ва инсоннинг осмондаги ўн соатлик муаллақ ҳолатига оид оғир ва мураккаб мулоҳазалар ҳақида…
(Давоми бор)
Исмат Хушев – Туркияда (“Анталияга саёҳат” туркумидан) 2-қисм
1.
Менинг дунёга илк саёҳатим олтинчи ё еттинчи синфда ўқиб юрган 13 ёшлигимда -Тошкентдан Симферополга учиб, Қримнинг Гурзуф шаҳри атрофидаги бутуниттифоқ пионерлар лагери “Артек”ка бориш билан бошланган эди.
Саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи синфларда ёш адабиётчиларнинг гуллар шаҳри бўлмиш Наманганда ўтказилган республика олимпиадасида иштирок этиш бахтига муяссар бўлганман.
Кейин Тошкент Давлат университети журналистика факультети профсоюз ташкилоти йўлланмаси билан Грузиянинг Тбилиси, Бакуриани каби шаҳарларини бориб кўрган эдим.
Отамнинг талаб ва илтимосига биноан Грузиянинг Гори шаҳрида сақланиб қолган Сталиннинг баҳайбат ҳайкали қошида суратга тушганман.
Кейин Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрганимда Украинанинг Ворошиловград ва Краснодон шаҳарларига бориб, Александр Фадеевнинг афсонавий қаҳрамонлари бўлмиш – “Ёш гвардия” аъзолари тарихини ўрганганман.
Олег Кошевойнинг ўша пайтлар барҳаёт бўлган онаси Елена Николаевнанинг уйига бориб, ош пишириб берганман, уни зиёрат қилганман…
“Мен кўрган Краснодон” номли сафар хотираларимни саксонинчи йилларда таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Бош муҳаррир бўлган “Тошкент оқшоми” газетасида Сирожиддин Саидов ва Муҳаммад Юсуфлар ёрдамида эълон ҳам қилган эдим.
Москвани битириб келиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири сифатида Арманистоннинг Спитак шаҳрига бориб, зилзиладан жабрланган халқ ҳақида “Арман жароҳатлари” номли мақола ёзганман.
Совет Армияси сафидаги ҳарбий хизматимни Ростов Дон шаҳрида ниҳоясига етказиб, у ердан унча узоқ бўлмаган Вешенская станицасига бориб, улуғ ёзувчи Михаил Шолохов қабрини зиёрат қилганман.
Мен унинг юртига боришни “Тинч Дон”нинг тўртала китобини ўқиган студентлик йилларимдаёқ кўнглимга тугиб қўйган эдим.
Биз бу китобни курсдошларимиз билан Сирдарёнинг Сардобасида пахта териб юрган серзавқ кунларда қўлма қўл қилиб ўқиб тугатган эдик…
Мен Шолоховнинг юртига бориб, у ўсиб улғайган заминни, жасоратли ва матонатли Дон казакларини, Григорий Мелехов ва Наталья каби ўлмас қаҳрамонларини ўз кўзим билан кўришни ўша талабалик пайтлардаёқ қалбимга тугиб қўйган эдим.
Болалигимда Алдександр Фадеевнинг “Ёш гвардия”сини ўқиб, Краснодонга боришни ният қилган эдим.
Мен бу орзуларнинг ҳаммасига бирин кетин эришиб келдим.
Ислом Каримов салтанатига яқинлашиб, Бош муҳаррир бўлиб юрган шонли ва сўронли дамларимда дунё менга ўз қалбини янада кенгроқ очди.
Туркия, Бирлашган Германия, Исроил ва Франция давлатларида расмий сафарларда бўлдим.
Ғарбий Германияга – халқаро кўргазмалар шаҳри – Ганновер, сўнг Мюнхен ва Боннга бориб муҳожир ватандошимиз Боймирза Ҳайитни ҳеч кимдан ҳайиқмай нетмай унинг уйида зиёрат қилганимда – мен ҳали расмий Тошкент мулозимлари сафидан чиқарилмаган эдим.
Мен бу сафарга Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов ва Владимир Норовлар раҳбарлигидаги давлат делегацияси таркибида ташриф буюрганимда “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррири эдим…
Германиядан сўнг унга шундоққина қўшни бўлган Парижга ўтиб, “Эйфель” минорасини ҳаётимда биринчи маротаба кўриш бахтига муяссар бўлдим.
Тақдир тақозоси билан Ватанни тарк этиб, хориж эллар сари юз тутгандан сўнг дунё менга ўз эшикларини тамомила очиб юборди.
Канадада яшарканман, Америка Қўшма Штатларининг Нью Йорк, Вашингтон каби дунёга маълум ва машҳур бўлган йирик марказларига, Калифорния штатининг Лос Анжелос ва Голливуд шаҳарларига бир неча бор сафар қилдим.
У ерда мен кўрган осмонўпар бинолар, улкан сарой ва қасрлар шууримда мангуга муҳрланиб қолган.
Швеция, Денмарк ва Амстердамга бордим. Прага ва Истанбулда бўлдим.
Бу орада ўн йиллик танаффусдан сўнг шахсан Президентнинг рухсати билан Ўзбекистонга бориб, ота онам қабрини зиёрат қилиб келдим.
Дунё кўриш ким учундир саёҳатдир, ким учундир маишатдир.
Лекин Исмат Хушев учун дунёни кўриш катта бир мактаб! Агар таъбир жоиз бўлса – ҳаёт мактаби!
Менга ана шундай буюк бир мактаб насиб этганини таъкидлагим келади…
2.
Дарвоқе, Тошкентга саёҳат хусусида.
Мен юқорида қайд этганимдек, дунёнинг жуда кўп гўшаларини беармон кездим. Ажиб ҳайрат ва ҳавасларга ошно бўлдим.
Ўз юртим ва халқимни у ердаги одамлар ва уларнинг маданияти, тарихи ва салоҳияти билан хаёллан таққослаб, солиштириб, қиёслаб юрдим.
Лекин мен бу дунё гўшаларининг ҳеч бирида – Ватанимни ўн йиллик айрилиқдан сўнг кўргандаги энтикиш ва орзиқишни туймадим.
Америка Қўшма Штатларининг осмонўпар бинолари, Париждаги Эйфель минораси ҳайрати, ўзим яшайдиган Торонто ва Оттаванинг бетакрор малоҳати кўз ўнгимда қанчалик ҳайратли саҳифалар очмасин, лекин улар барибир она юртим Ўзбекистон олдида кичрайиб ва мунғайиб қолардилар.
Нью Йоркдан самога парвоз қилган улкан ҳаво лайнери Тошкент заминига оҳиста қўнаркан, юрагим қинидан чиқиб кетар даражада гупиллаб урарди.
Мен ўн йил йўқотиб қўйган шаҳаримни қайтадан бағримга босаётган эдим. Мен аэропорт деворларни қучоқлаётган эдим. Чунки менинг Ватанимга келиб биринчи кўрганим, биринчи босган қадамим — Ватан дарвозаси бўлмиш — шу муқаддас заминдан бошанаётган эди.
Нигоҳларим биринчи етиб борган жой – аэропорт ва унинг шинам ва мен учун муқаддас — кутиб олиш зали бўлди.
Мен хаёлан аэропортни қучоқлаб йиғлардим.
Шу пайтгача кўрган ва кечирган барча ҳайратларим она юртим висоли, юртдошларим дийдори олдида мунғайиб ва кичрайиб қолгандек эди гўё…
Лекин бу ҳали ҳолва экан.
Мен киндик қоним тўкилган Китобга борганимда, қишлоғимнинг чанг ва тупроқ йўлларини кўрганимда – ҳайратимга яна минг бир ҳайрат қўшилди.
Энди ҳеч қачон қайтиб келмайдиган бетакрор ва покдомон болалигим ўтган мунис ва азиз қишлоғимни, унинг ўнқир-чўнқир ёлғизоёқ йўлларини, кўм кўк, зилол сувга тўла сойлари-ю, боғларини бағримга босгим келди.
Ёшлигимнинг покиза излари тушган кўчаларни қучоғлаб йиғлагим келди.
Қабристонга бориб – акам, онам ва отамнинг хоки пойида тиловат қилиб, кўзда ёш ва дилда дард билан ўтган кунларимни бир бир хаёлдан ўтказарканман, умр бўйи юрт кезиб кўрган кечирганларим, елиб югурганларим ва топган тутганларим — Китобдаги ўша мўъжаз қабристон сукунати қаърига сингиб кетгандай бўлди…
Она Ватан дийдор олдида – дунё ҳайратлари бир чақа эканини ўшанда биринчи маротаба юрак юрагимдан аниқ ҳис этдим.
Бир неча кун давом этган таърифга ожиз бу сирли ва сеҳрли саёҳат ҳам бир неча дақиқадай – кўз очиб юмгунча ўтди кетди.
У менинг меҳримни ўзига ҳамон тортиб туради.
Тошкентдаги саёҳат олдида унга қадар ва ундан кейин кўрган саёҳатларим бир тийин экан…
Мана энди Дубайни кўриш насиб этди…
3.
Хуллас, умрим бўйи сафарларга кўп чиққанман, самоларда кўп учганман.
Юқорида айтганимдек, бешинчи ё олтинчи синфда ўқиганимда бутуниттифоқ пионерлар лагери “Артек”ка бориш учун ҳаётимда биринчи маротаба Тошкентдан Симферополга самолётда учган эдим.
Бу мен учун чинакам байрам эди: Самоларга, Кенгликларга, Фазоларга парвоз байрами!
Кейин ҳам ҳаётимда бунақанги байрамлар жуда кўп бўлди. Бу нобакор ва бевафо дунёнинг пасту баландини кўриб, ёшим улғаявергани сайин, ердаги гуноҳлардан – инсонларнинг тор ва майда қилиқлари-ю, худбинлик ва қитмирликларидан, иғво-ю, бўҳтонларидан, миллатларни, давлатларни рамкага солиб, ажратиб турган чегара ва сарҳадлардан безиб, кўпроқ самоларни, осмондаги кенгликларни, фазоларни қўмсайдиган бўлиб қолдим.
Чунки кўкда, парвозларда ердагидек майда гаплар ва ғийбатлар, ғаразлар ва маразлар йўқ: у ерларда беҳудудлик ва эркинлик, бепоёнлик ва ҳурлик – озодлик бор, холос…
4.
Мустақил Туркия давлати асосчиси Мустафо Камол Ота Туркнинг Истанбул аэропорти пештоқига катта зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган: “Истиқлол кўклардадир” деган ҳикматли сўз маъносини ҳам уни илк ўқиган лаҳзада эмас, анча кейин – Ўзбекистон истиқлоли мен кутган натижани бермаганидан кейингина англаб етганман…
Яна шуни англаб етдимки, умримнинг энг шонли ва суронли, нурли ва сурурли дамларида, яъни ҳаётимнинг маълум бир даврига қадар самоларда парвоз қилиш мен учун ҳақиқий байрам бўлиб келди. Ёшим улғайиб, элликлардан ошиб, бу дунёда умр ҳам чекли ва чегарали эканини англаб етганимдан кейин – энди самоларда парвоз қилиш, мен учун байрамдан кўра кўпроқ айрилиқ ва мотамни, видолик ва жудоликни эслатадиган бўлиб қолди.
Бунга эҳтимол, кейинги пайтларда дунёдаги авиа ва учоқ манзилларида кетма кет содир бўлаётган турли туман фожеали парвозлар сабаб бўлган бўлса, не ажаб. Шунгами, билмадим, ҳар ҳолда кейинги пайтларда самоларга парвоз қилишдан, учоқларда узоқ учишдан безадиган, юрак олдирадиган бўлиб қолдим.
Олдинлари самолётга чиқсам, бу дунёнинг фақат бахт ила шодликдан, саодат ва ободликдан иборатлигини ўйласам, энди кўкка парвоз чоғи ўлим ва видолик, йўқлик ва жудолик ҳақида кўпроқ ўйлайман.
Бир сўз билан айтганда, энди сафарга чиқиш завқли-ю, фақат кўкка парвоз қилиш – хавфли бўлиб қолди мен учун…
5.
Ҳар гал кўкка парвоз қилсам, самодаги инсон руҳиятини англашга, унинг ички кечинмаларини таҳлил қилишга уринаман. Чексиз ва беҳудуд хаёллар оғушида само ва осмондаги парвоз ҳақида шоирлар битган сатрлар мағзини чақишга ҳаракат қиламан.
Олдинги сафар хотираларимда ҳам ёзганман, бугун яна ёзмоқчиман: Ҳар гал кўкка парвоз қилсам, энг аввало Абдулла Ориповнинг қуйидаги дилбар сатрлари ёдимга келади:
Чарх урар эрдим фазода, юлдузим йўлдош эди,
Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.
Дер эдим, жон юлдузим, васлингга бир етказ мани,
Ул деди: Кўк севмагай сендай гуноҳкор бандани…
Ростини айтсам, мен бу шеърга ерда юрганимда унчалик эътибор бермаган, маъносини ҳам тўла англаб етмаган эдим. Самога чиқиб, соатига минг километр тезлик билан чексиз ва беҳудуд осмон қаърига шиддат билан кириб борарканман, кутилмаганда бу тўрт қатор сатрнинг асл маъносини англаб, беихтиёр даҳшатга тушдим…
Абдулла Ориповнинг мана бу сатрлари эса, инсоннинг кўкдаги руҳий ҳолатига юқоридаги шеърдан ҳам ўткирроқ ва чуқурроқ таъсир қилади:
Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
ёдга тушар дорнинг сиёғи.
Ажаб ҳикмат одам ўларкан,
узилганда ердан оёғи…
Албатта, бу билан шоир кўкка парвоз этган одамдан кўра кўпроқ заминда туриб “оёғи ердан узилиб”, босар тусарини билмай қолганларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.
Лекин барибир бу бетакрор сатрлар самолётда учаётган одамни ҳам бехавотир қолдирмайди…
Дардли ва ҳасратли шоир Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърида шундай жумлалар бор:
Ўлим нима – бу бир сирли сайр, она.
Ўғлинг қаро ерга кетди, хайр она…
Бу шеърни мен ерда ўқиганда бошқача, кўкда ўқиганда эса ундан ҳам бутунлай бошқача бўламан.
Хуллас, ўн соатдан зиёд осмону фалакда учиб юрсанг, самолётинг қай манзилга қачон бориб қўнишини билмасанг, мана шундай дилтанг ва умидсиз туйғуларга ошно бўласан. Хаёлан яқинларинг, оиланг ва фарзандларингни бир бир кўз олдингга келтириб, ўтган умринг йўлларига яна бир бор армон билан сафар қиласан.
Хаёлан ўзингни ногаҳоний ўлимга ҳам тайёр қилиб қўясан, ҳатто.
Хуллас, юқорида айтганимдек, энди сафарга чиқиш завқли-ю, фақат кўкка парвоз қилиш – хавфли бўлиб қолди мен учун…
6.
Ҳар гал самолётга чиқарканман, ажиб бир табассум билан йўловчиларга елиб югуриб хизмат қилаётган парвоз бекалари (“Стюардессалар”) нинг миттигина юрагига қойил қоламан. Уларнинг ойдай жамоли-ю, сокин ва хотиржам нигоҳларига боқиб, кўнглимдаги парвоз чоғидаги хавотирлар бекор эканига имон келтираман.
Хуллас, 20 июнь тунги соат 22.40 Торонтодан кўкка парвоз қилган “Turkish Airlines” компаниясига тегишли бўлган улкан ҳаво кемаси 21 июннинг муборак тонгида Истанбул аэропортига эсон омон келиб қўнди…
7.
Салом сенга она Истанбул! Салом сенга ота Туркия!
Асли ўзбекистонлик бўлган, лекин тақдир тақозоси билан Канадани Ватан тутган кўнгли – яро, бахти – қаро ўғлингга қучоғингни оч.
Мен сени жуда ҳам соғиниб келдим.
Ўзбекистонга ҳам руҳан, ҳам қалбан яқин ва ҳамнафас бўлганинг учун, урфу одатларимиз айни ва ҳамоҳанг, тилимиз ва дилларимиз бир ва якдил экани учун ҳам сенинг дийдорингга интизорлик билан талпиндим, ишон:
Менинг юрагимда ҳасратларим мўл.
Сен бу ғамларимга менга ҳамдард бўл.
Истеъдодли ўзбек шоири Абдулла Орипов онасиз қолган ҳижронли онида борлиқдан бир таскин излаб: “Она бўлақолгин менга, Табиат!” деб илтижо қилган эди. Бугун Ватансиз қолган ўзбек журналисти Исмат Хушев ярим ва ярадор, шикаста ва хаста юрагига малҳам топиш учун: Ватан бўлақолгин менга, Туркия!” деб пойингда тиз чўкиб, ялиниб ёлворса, майлими?…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
25 июнь 2015 йил, Анталия.
Исмат Хушев – Туркияда (Анталияга саёҳат” туркумидан) 3-қисм
1.
Анталия – Истанбулдан 715 километр узоқликда бўлиб, самолётда жуда тез – 45-50 дақиқа (минут) даёқ етиб борасиз.
Истанбулнинг Мустафо Камол Ота Турк номидаги халқаро аэропортидан Анталия учоғига чиқиб, ўриндиқларга жойлашганингиз заҳоти дилбар ва соҳибжамол парвоз бекалари Сизга турли туман ичимлик ва антиқа мева чеваларни то парвоз якунига етганига қадар сурункали таклиф қилиб туришади.
Уларнинг “Учоғимизга хуш галдингиз” деган ширин каломидан кўнглингиз тоғдек кўтарилиб, турк тили Сиз учун ҳам дилингизга яқин бўлган, азиз ва мўътабар, қадрдон тил эканини ҳис этасиз.
Парвоз чоғи беихтиёр англаб етган бу қувончдан – қалбингизда ажиб бир фахр ва ифтихор ҳиссини туясиз…
2.
Анталия аэропортидан ташқарига чиқишингиз биланоқ, қатор турган сон саноқсиз будкачаларга кўзингиз тушади.
Мени лол ва ҳайрон қолдирган, ажиб бир қувончга ёр этган нарса шу бўлдики, бу ердагилар Сизга энг аввало турк ва ё инглиз тилида эмас, балки рус тилида мурожаат қилишар экан. Шундан ҳам Анталияга одамлар асосан Россиядан ёки умуман Ҳамдўстлик давлатларидан келиб дам олишларини англаб етиш мумкин.
Кутиб олувчиларнинг ёнидаги стол устида эса ранг-баранг гулдасталар ва турли туман шарбат ичимликлари турарди. Уларнинг атрофида эса нав-ниҳол йигит-қизлар қўр тўкиб ўтиришарди. Уларга бораётган дам олиш масканингиз номини ва сотиб олган саёҳатнома (“Путевка”) ни кўрсатишингиз биланоқ Сизни ким кутиб олишини ва қайси машинада манзилга етказишларини дарҳол айтиб беришади.
Агар Сиз эркак киши бўлсангиз, шарбат сув ва турли туман ширинликларга, мабодо аёл киши бўлсангиз – яшнаб турган гўзал ва анвойи гулдастага эга бўласиз. Бу ҳурмат ва эҳтиром замирида эса – Сиз айнан мана шу гўшага – Анталияга келишни ихтиёр этганингиз учун билдирилган ширин бир калом ётганини сезиш мумкин…
3.
Мен борадиган “Nirvani” оромгоҳи Анталиядан 70-80 километр узоқликдаги бепоён денгиз ва сервиқор тоғлар бағрида экан. У ерга мени Марина исмли гўзал рус қизи олиб бориши маълум бўлди.
Танишдик. Марина – Россиянинг Екатеринбург шаҳридан бўлиб, Қозон Давлат Туризм Академиясида ўқиркан (Суратда).
Иккинчи курсга ўтганидан сўнг уни паркатика ўтиш учун 5 ойлик муддат билан Туркияга юборишибди. Ҳайдовчи йигит асли шу ерлик бўлиб, рус тилини ҳали яхши билмас экан.
Эндигина йигирма ёшни қоралаган Марина Туркияга биринчи келишини, бу ерлар уни ўзига тамомила мафтун қилиб қўйганин ҳикоя қилиб чарчамасди. Ўз касби бўйича тажриба ўрганиш учун Россиядан келган талаба қизлар билан тоғ ёнбағридаги ётоқхонада туришини, ҳар куни дунёнинг турли бурчидан келган сайёҳларни аэропортда кутиб олиб, оромгоҳларга олиб бориб жойлаштириш унга чексиз завқ ва шавқ бағишлашини мароқ билан сўзлар эди.
“Туристик саёҳатларни ташкил қилиш ва уюштириш” мавзуси бўйича ёзган биринчи мустақил курс ишидан сўнг уни Туркияга юборишга қарор қилишибди. Академияни тугатиб, шу мавзуда илмий иш қилиш нияти борлигини айтганида эндигина йигирмага тўлган бу ажойиб ва соҳибжамол навниҳол қизда шунча ёруғ ният ва тиниқ бир ҳайрат борлигидан кўнглим ўсди.
Суҳбат давомида Марина ҳали анча ёш бўлса-да, лекин Россиянинг туристик салоҳияти етарли эмаслигини, бунинг сабаби эса ҳозирча у ўзидаги бор имкониятларни тўла сафарбар этаолмаётганини ҳикоя қилиб берганида, рости унга, унинг ёниқ туйғуларига жуда ҳавасим келди…
Шунда беихтиёр Ўзбекистондаги Туризм соҳасига алоқадор бўлган олий даргоҳ ёшларини Марина билан хаёлан таққослагим келди. Бизда “Ўзбектуризм” вазирлиги ва бу соҳада кадрлар етиштириб берадиган қатор олий ўқув юртлари борлигини яхши биламан. Вазирлик деб аталмаса-да, мен бу идорани атайлаб вазирлик идораси деб атагим келди.
Чунки, Ўзбекистоннинг саёҳат ва туризм соҳасидаги имконият ва истиқболлари шу қадар кенг ва беқиёски, уларни тўлиқ ишга солиш ва бу соҳани давлат миқёсига олиб чиқиш вақти аллақачон келган. Ва айнан шунинг учун ҳам “Ўзбектуризм”га вазирлик даражасини бериб, унинг мақомини бутун жаҳон сайёҳлари назарида турувчи муборак бир мақомга айлантириш лозим.
Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хиванинг бетакрор жамоли, бир неча минг йиллик камоли – бу улуғ ва муборак қадамжо-ю, зиёратгоҳларнинг жаҳон аро таралган шон шуҳрат ва довруғини ким билмайди дейсиз? Шундай гўзал ва тарихий, бетакрор масканлари бўлган Ўзбекистон нега энди ўзининг энг яқин қўшниси бўлган Туркия давлати билан бу соҳада ҳамкорликни йўлга қўймагани менга тушунарсиз бўлиб қолди.
Маринадан улар орасида ўзбекистонлик талабалар борми деб сўрадим. Йўқ деб жавоб берди. Кейин – уларнинг раҳбарлари билан бўлган учрашувда ҳам шуни сўраб суриштирдим. Минг афсуски, улардан ҳам ижобий жавоб ололмадим: Туризм ва саёҳат соҳасидаги бўлажак талабаларнинг ўзъаро тажриба алмашувига оид бундай давлатлараро шартномаларни Ўзбекистон Туркия билан имзоламаганини айтишди…
5.
Анталия аэропортидан мен дам оладиган “Nirvani” масканига бир соатлар атрофида етиб келдик. Марина мени оромгоҳ маъмурлари билан таништирди.Ҳужжатларимни расмийлаштириб, қўлимга яшайдиган хона калитини топшириб, мен билан самимий хайрлашди.
Унинг гўзал ва иболи нигоҳи, ширин такаллуфи ва ахлоқ одоби, юксак муомила маданияти, ақлу заковотини кўриб, ўзбек қизлари ҳам эрта бир кун мана шундай юқори даража ва мақомда дунё сайёҳларини ўзларига мафтун этиб юришларини орзу қилдим…
6.
Мен шу пайтга қадар дунёнинг жуда кўп гўшаларида расмий ва ижодий сафарларда бўлганман, дам олганман. Лекин бирдан атмоқчиман: Уларнинг ҳаммаси бир бўлди-ю, Анталия бир бўлди…
“Подшо эркатойи”нинг саргузаштлари”да ҳам ёзганимдек: Бош муҳаррирлик давримда Ўзбекистон давлат ва ҳукумат делегацияси таркибида Туркияга уч- тўрт маротаба расмий сафар билан келганман. Истанбул, Анқара ва бошқа гўзал масканларда бўлганман. Давлат мулозимлари, Туркия Олий раҳбарияти вакиллари, хусусан, Президент Турғут Озал ва Бош вазир Сулаймон Демерал жаноблари билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлганман. Турғут Озалнинг миттигина жуссаси ва пастак бўйи ёдимда қолган бўлса, Сулаймон Демералнинг кенг келбатли қомати билан ўзбекча лаҳзада чиройли сўзлаш фазилати шууримда то ҳануз сақланиб қолган.
Расмий сафар якунида улардан Ўзбекистон делегациясининг бошқа аъзолари – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Содиқ Сафоев, академиклар Саидаҳрор Ғуломов, Эркин Шайхов, Неъматилло Иброҳимов, ёзувчи ва шоирлар Мирмуҳсин, Тўлипберган Қаипберганов, Омон Матжон, журналистлар Турсун Қоратоев, Карим Баҳриевлар қаторида қимматбаҳо совға саломлар олганман.
Сулаймон Демерал бизга ҳадя қилган – қўлга тақиладиган тилла соатни ўша шонли ва суронли йилларимдан ширин ва армонли бир эсдалик сифатида то ҳануз авайлаб асраб келяпман. Тилла суви юргизилган бу соат беш-ўн йилдан бўён ишламаса-да, лекин тарихий ва ноёб бир ёдгорлик сифатида у мен учун ҳануз қадрли…
Майли, мавзудан чалғимайлик. Хуллас, умрим бўйи қилган сайру саёҳатлар, кайфу сафоатлар бир бўлди-ю, Анталия бир бўлди…
7.
Мен бугун Анталиядаги бир ҳафталик жаннат мисол дам олишнинг сирли ва сеҳрли лаҳзаларига, нурли ва меҳрли жабҳаларига алоҳида ва батафсил тўхталиб ўтирмайман. Ҳали сайтга қўйилажак расмлар ва видео лавҳаларни кўриб, ўзингиз фикр ва мулоҳаза қиласиз.
Қолаверса, халқимизда: “Минг эшитгандан кўра, бир бора кўрган афзал” деган ажойиб бир мақол ҳам бор. Шу маънода мен нафақат муҳожиротдаги ўзбекларни, балки Ўзбекистондаги Ватандошларимизни ҳам Анталиядек дунёнинг жаннат гўшаларида тез тез кўриб туришни истардим…
8.
Анталияда менга жуда таъсир қилган бошқа ҳоллар ҳам бўлдики, булар ҳақида ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ икки оғиз сўз айтиб, муносабат билдириб ўтмасам бўлмас.
Аввало, эътиборимни тортган нарса шуки, “Nirvani” да ҳамма рус тилида гапиради. Кейин билсам, бутун Анталияда шундай экан. Дам олиш масканидаги барча эслатма ва ёзувлар ҳам турк ва рус тилларида ёзиб қўйилган. Бу гўзал маъвони асосан Россиядан келган сайёҳлар ишғол қилишган. Олдин ҳам шундай экан, ҳозир ҳам шундай. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак деб ўйлайман.
Бу ерда ҳамма нарса инсон учун, унинг роҳати ва фароғати, дам олиш соати ва саёҳати учун маҳайё қилиб қўйилган. Бешта ресторан, тунги бар ва кафелар дам олувчилар ихтиёрида. Алкоголь ва бошқа ичимликлар 24 соат меҳмонлар измида. Зилол сувли бассейнлар ва қирғоқ бўйларига ҳам истаган ичимликни ўша заҳотиёқ сизга етказиб беришади. Ҳар бир дам оладиган ва офтобда тобланадиган соябон остидаги столчада махсус тугмача бор. Уни боссангиз, ўша заҳотиёқ сон саноқсиз хизмакорлардан бири “Буюринг, Афандим!” деб олдингизга югуриб келади.
Бу ерда дам олувчилар асосан икки қаватли “Виллалар”да яшашаркан. Оиласи ва болалари билан келганлар жуда кўп. Мен уларнинг кўплари билан танишиб, суҳбатлашдим. Дил сўзларини видео тасмага тушириб, ўзларини расмга олдим. Юқорида айтганимдек уларнинг аксарияти россияликлар эди. Қозоғистондан келган оилаларни ҳам кўп кўрдим. Қирғизистондан келганлар ҳам, кам бўлса-да, бор экан.
Лекин менга алам қилгани шу бўлдики, Ўзбекистондан келган оила тугул, бирор бир кимсани ҳам учратмадим. Ҳолбуки, мен журналистик одатим бўйича эртадан кечгача одамлар орасида бўлдим. Улар билан танишиб, суҳбатлашдим. Баъзи бировлар каби қирғоқ ва ё бассейн бўйларида осмонга термулиб, хаёл суриб ётмадим. Бир ҳафта ичида юзлаб инсонлар билан танишдим. Уларнинг юртидаги сиёсий вазият, яшаш шароитлари ҳақида сўраб суриштирдим.
Дам олишнинг биринчи куни уларга ўзимни “Канададан келдим” деб таништирган бўлсам, кейин ҳаммага атайлаб: “Ўзбекистондан келганман” деб айта бошладим. Бу ерда ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳам борлигини улар билиши, кўриши учун ва ўз юртларига ҳам шундай фикр билан қайтишлари учун атай ёлғон гапирдим.
Уларга ёлғон гапирдим-у, лекин қалбимнинг қаеридадир мен ҳануз ўзимни ўзбекистонлик деб юрганимдан ва бундан кейин ҳам абадул абад ўзбекистонлик бўлиб қолшимдан дилимда ажиб бир фахр ва ифтихор туйдим…
9.
Дарвоқе, Ўзбекистон ва у ердаги ўзбеклар ҳақида.
Тиниқ ва кўм кўк зилол сув бўйидаги юмшоқ ўриндиқда дунёнинг қаеридадир шундай дилбар гўшалар борлигини билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган, эртаю кеч даладан чиқмаган меҳнаткаш ва муштипар халқимиз ҳақида хаёл сурарканман, яна беихтиёр Абдулла Ориповнинг қуйидаги дилбар сатрлари хаёлимга қуйилиб келди:
Менинг она халқим, эй қадим, ҳалол
Ризқи она ерга сепилган халқим.
Ушоқ чигитни ҳам қилмай деб увол.
Миллион эгатларга эгилган халқим…
“Миллион эгатларга эгилган” бу шўрлик халқ қачон Анталия курортларини обод қиларкин?
10.
Ҳар куни эрта тонг – соат 3.45 да дам олиш масканига узоқ узоқлардан таралган ёқимли бир калом – муаззиннинг азон айтган муборак овози етиб келади. Бу нафақат “Nirvani”да, нафақат Анталияда, балки бутун Туркияда шундай. Бу ерларда инсонларнинг диний эътиқоди ниҳоятда мустаҳкам. Туркияликларнинг деярли ҳаммаси, айтиш мумкинки – аксарият қисми ислом динига ихлосманд. Беш вақт намоз ўқиб, айни кунларда эса – рўза тутишяпти.
Мен ҳам ҳали намоз ўқишни бошламасам-да, лекин ҳар йили рўза тутардим. Бу йил эса дам олиш ва ижодий сафар боис рўза тутолмадим. Лекин дам олишнинг биринчи тонгидаёқ, қулоғимга чалинган ўша муаззин айтган азон товушини эшитиб, уйқуларим тамом учиб кетди. Сокин тун қўйнида борлиқ узра таралаётган бу майин, айни пайтда ўктам ва қудратли овоз – хаёлимни беихтиёр узоқ ўтмишга – 1994 йилнинг МХХ подвалида ўтган бир ойлик ҳибс кунларига етаклаб кетди.
Ҳаётимда илк маротаба намоз ўқишни менга МХХ ертўласида ҳибсда сақланаётган ТошМининг 5-курс талабаси бўлган покистонлик йигит ўргатган эди. Уни жосусликда – Карачи разведкаси учун Тошкентдан туриб маълумот йиғишда айблашган эдилар. Лекин у буни тан олмас, мен врач бўлишни орзу қилган йигитман, холос дерди менга сирли жилмайиб.
Ана шу “жосус” йигит нима қилса, мен ҳам шуни қилиб, турса – туриб, эгилса – эгилиб, чўк тушса – чўк тушиб, намоз ўқишни ўрганганман.
Кроватнинг устидаги оқ чойшабли простина узра чўккала тушиб, у нима қилса мен ҳам шуни қилардим. Бу билан гўё Оллоҳга – Яратган эгамга сажда қилиб, аосан бу зиндондан тезроқ ва эсон омон чиқиб кетишни орзу қилардик…
Мана энди орадан салкам йигирма йил вақт ўтиб, Анталиянинг гўзал ва хушманзара бир гўшасида – муаззин азон айтган муборак бир тонгда мен беихтиёр умримда илк бора намоз ўқиган ўша кунларимни эсладим…
11.
Дарвоқе, Анталияда муаззиннинг тонгда қулоғимга келиб урилган бу ширин ва ёқимли каломи айни пайтда Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир нохуш хотирани ҳам ёдимга солди. Бу энди 1990 йилнинг бошларида – Тошкентнинг Қизил Майдонида рўй берган эди.
Ҳали Мустақил бўлишимизга бир оз вақт бор, Ислом ака ҳали Президент эмас, балки Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари эдилар.
Ҳозир аниқ эсимда йўқ, лекин аллақайси байрам арафасида Қизил Майдонда қандайдир тантана бўлиши керак эди. Ўзбекистон телевидениясининг бир гуруҳ телеоператор ва журналистлари сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев бошчилигида тонг ғира ширасида майдонга кириб келишди.
Орадан ўн дақиқа ўтар ўтмай Ислом ака ҳам етиб келдилар. Биз Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаровлар билан аллақачон шу ерда эдик. Ташкилий масалалар асосан Ислом Каримовга яқин бўлган шу икки мулозим бўйнида эди.
Ислом ака галстугини тўғрилаб, энди микрафонга гапираман деб турганида узоқ узоқлардан таралган муаззин айтган азон овози қулоқларимизга келиб урилди. Бу ширали овоз худди Анталия оромгоҳидаги каби тун қўйнини секин аста ёриб ўтиб, ҳаммамизга аниқ тиниқ эшитила бошлади.
Шунда Ислом ака ёнида куймаланиб юрган Тошкент шаҳар горисполкоми раисининг кўзларига азон овози келаётган томонни кўрсатиб, савол ва қаҳр назари билан шундай қарадиларки, у бечора қочишга жой тополмай қолди. Ҳамма ҳар томонга югуриб кетди.
Беш дақиқа ўтар ўтмай Қизил Майдон узра таралган азон овози ҳам ўчди.
Шу воқеадан кўп ўтмай Горисполком раиси Шоабдураҳмонов яна ўша келган жойи – Метросига қайтариб юборилди. Муаззин тонг чоғи айтган биргина азон – у кишининг горисполком раислиги карьерасига тамомила нуқта қўйди.
Мана йигирма беш йилдирки, Шоабдураҳмоновнинг ўша – муаззин бевақт азон айтгандаги саросимали ҳолати кўз ўнгимда абадий муҳрланиб қолган…
12.
Майли, хотирага берилиш яхши, лекин мавзуга қайтиш ундан ҳам яхши.
“Nirvani” оромгоҳида мен Қозоғистондан келган икки нафар ёш оилани – янги келин куёвларни ҳам учратдим. Улар опа сингил бўлиб, куёвлар ўзларининг яқин қариндошлари экан. Улар тўйдан кейин ўзъаро келишиб, “Асал ойи” ни Анталияда ўтказишга қарор қилишибди. Қуда андалар пул йиғишиб, ёшларга йўлланма олиб беришибди.
Худди янги уйланган Исмат Хушев ҳам куёвликнинг “Асал ойи”ни 1986 йил Сочида ўтказгани каби…
13.
Анталияда мен эски қадрдоним Марат Зоҳидовни ҳам учратдим. Бу гал худди Дубайдаги каби тасодиий эмас, балки аввалдан келишиб олиб, кейин учрашдик.
У киши дам олаётган маскан – мен дам олаётган жойдан узоқ эмас экан.
Гоҳ у кишининг оромгоҳида, гоҳ бизникида икки уч кун учрашиб, мириқиб суҳбатлашдик – ҳасратлашдик, дардлашдик ва юракдан дийдорлашдик.
Умуман, Марат Зоҳидов ҳақида мен шу пайтгача билган ва эшитган гап сўзлар, тасаввур ва таассуротлар ҳар гал бойиб, янада янги ва унутилмас, ўлмас ва ўчмас хотиралар кашф этиб бормоқда.
Масалан, Марат аканинг отаси Теша Зоҳидов – Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти бўлганини эшитган эдим, билардим. Лекин Марат ака ўспиринлик, яъни мактаб давридаги ёзги таътилида отаси Президент бўлган Академия гаражида хизмат машиналарни ювувчи бўлиб ишлаб, пул топганини, рости, билмасдим.
Ёки бўлмаса, у кишининг йигитлик давридаги – таниқли ва машҳур шахсларнинг қизлари билан бўлган ишқий ҳангомалари, Москва Давлат универститетидаги студентлик хотиралари, ВЛКСМ Марказий Комитетида ишлаган ва Чехословакиядаги 1968 йилги воқеаларга бевосита Марат аканинг ҳам алоқадорлиги ҳақидаги ҳикоялар менинг шууримда мангуга муҳрланиб қолди.
Анталияга келишдан олдин эса Марат Зоҳидов Москвада халқаро анжуманда маърўза қилгани, Қирғизистоннинг собиқ президенти, академик Асқар Акаев билан уч кечаю кундуз бирга бўлгани – буларнинг бари ҳали нашримиз учун ёзилажак мақолалар мавзусини ташкил этади. Биз уларни секин аста эълон қиламиз.
Бу ва бунга ўхшаш қанчадан қанча дилбар хотиралар бор экан Марат аканинг қалбида. Мен уларни тинглаб, шу пайтгача билган ва ҳурмат қилган Марат Зоҳидовни янада яхшироқ ва чуқурроқ била бошладим…
14.
Марат ака бир куни кутилмаганда: “Эртага эрталаб Аланияга борамиз, у ерда Юсуф Расул бор” деб қолди. Сўнг ўзига телефон қилиб, трубкани менга берди.
– Ассалому алайкум Исмат ака, – трубкадан Юсуф Расулнинг менга таниш ва қадрдон овози янгради. Келсангизлар бошимиз осмонга етади. Оилам ва болаларим билан шу ердамиз. Ҳамма жойни кўрсатамиз, азиз меҳмонимиз бўласизлар…
Юсуфжон худди Аланияда яшаётгандек сўзлар, унинг овозида меҳмондан кўра кўпроқ – мезбонлик ҳисси сезилиб турарди.
Ажабланганимни сезди шекилли: “Бу ерлар кўп гўзал жой экан. Биз ҳам энди шу ердан уй сотиб олдик” деб қўшимча қилди.
Рости, Юсуф эмас, балки ўзим уй сотиб олгандек қувониб кетдим. Қувонмай бўладими?
Яқин ҳамкасб дўстинг ва қадрдонинг Туркиядек буюк бир давлатнинг энг гўзал ва хушманзара бир гўшасида яшаш учун уй сотиб олади-ю, қувонмай бўладими?
Хуллас, эртаси куни мен Дубайга кетадиган билетимни яна чўздириб, Марат ака билан тонг саҳарлаб, Аланияга борадиган, Юсуфжоннинг икки қаватли янги “Вилла”сини ювадиган бўлдик.
Эраси куни эрталаб эса Германиядан – Марат Зоҳидов Вице-Президент бўлган МОПЧдан келган телефон қўнғироғи боис режалар ўзгариб кетди. Марат ака мен билан Аланияга – Юсуф Расул ҳузурига боролмайдиган бўлди.
Мен ҳам билетимни чўздирмай, олдиндан белгилаб қўйилган сафар режаларини бузмай, Анталиядан Истанбулга, у ердан эса – Дубайга учиб кетдим…
(Давоми бор)
2 шарҳ
-
Мана шуни айтишади ” Дунё кўрган дарё, бир жойда ўтирган бўйра (кулмак)” деб. Жаҳонгашталик яхши нарса нафақат саёҳат қиласан, шу билан бирга турли туман халқлар ва мамлакатлар фарқини таққослаб ўзингга керакли хулосалар чиқариб, фикрларинг чархланади, оламга бошқача назар ташлай бошлайсан. Энг муҳими ўз ҳаётинг қадрига кўпроқ етасан. Гапирса гап кўп, қисқа қилиб айтганда Исмат Хушевга ўхшаб ишлаб заҳмат тортгандан кейин, дам олиб ҳузурини ҳам кўриш керак. Бўлмаса ишлаш ва яшашдан маъно недур. Бутун ўзбек мухолифати Исмат акадан ўрганиши керак қандай яшаш ва ишлашни. Нафақат ўзбек мухолифати, Ватандаги журналистлар ҳам. Яшанг, Исмат ака, биз сиз билан биргамиз ва сиз билан фахрланамиз.
-
Сафар таъсуротларини бундан ортиқ тасвирлаб бўлмайди. Ўзбек ноинсоний сиёсий режимни оқибатларини ташқи дунёда ҳам кўриб турибмиз. Ўзбек бечора четга дам олишга эмас, ўлгидай ишлагани боради. Бу ҳали бошланиши Исмат ака шу оғир жисмоний йўл билан чет элдан пул топиб валюта юбораётганлар бўлмаганда Ўзбекистон иқтисоди аллақачон синарди. Ҳукумат меҳнат мўхожирларига тазим қилиб эгилиш керак. Ўзини аҳмоқга солиб ҳеч нарса билмагандек тўргандан кўра. Сиз мана шундай мақолларни купрок ёзинг. Уларнинг кузи очилсин.
Исмат Хушев — Дубайда! Бирлашган Араб Амирликларига сафар (4-қисм)
1.
Истанбулдан Дубайгача бўлган 2995 километрлик масофани “Turkish Airlaynes” компанияси самолётларида тўрт соатнинг нари берисида босиб ўтиш мумкин.
Учоқдаги файзли ва шинам шарт шароит, ҳаво бекаларининг ширин шакар муомиласи ва йўловчилар учун яратилган оромижон комфорт боис – тўрт соатлик масофани қандай босиб ўтганингизни ҳам билмай қоласиз.
Учоғимиз ҳавога кўтарилиб, учувчилар самодаги ўз йўналишини эгаллаб, автоматик бошқаришга ўтган заҳоти йўловчиларга ифторлик тарқатилди: Бир стакан булоқ суви билан бир парча гўшт ва нон. Кейин секин аста турли туман ичимликлар — чой ва айрондан тортиб мумли асалгача, узум ва шафтоли шарбатидан – анжир сувигача ким нима истаса шуни буюриши мумкин.
Алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш в буюртма бериш – рўза ойида бу ҳаво йўналишидагилар учун исталмаган ҳолдир. Демоқчимизки, Туркия давлати бу борада меҳмонлар учун бир оз тоқатли бўлса, лекин Бирлашган Араб Амирликларида бундай эмас экан. Биз буни Дубай аэропортига келиб тушган дақиқадаёқ сездик. Бу ерларда бегона аёлга тикилиб қараш у ёқда турсин, шунчаки бир нигоҳ ташлаш ҳам гуноҳи азим ҳисобланади.
Дубай бизни ана шундай ўзига хос тартиб интизом ва ажойиб бир ахлоқ одоб билан кутиб олди.
Ва яна шу нарса диққатимизни тортдики, Дубай аэропортида бошқа ҳеч бир давлат аэропортларида бўлмаган ва учратмаган пўрим бир ҳол га дуч келдик: Учоққа бориб тақалган кўчма коридордан ичкарига чиқишингиз биланоқ, қимматбаҳо мармар узра тўшалган қалин ва гулдор гиламлар устидан юриб, аэропортга кириб борасиз.
Худди Дубай Амири ва шоҳларининг давлат резиденциясида юргандай ажиб ва сирли бир ҳолга тушасиз…
2.
Бу менинг Дубайга иккинчи келишим эди.
Биринчи гал келганимдаги кўрган кечирганларимни бир йил давомида таҳлил этиб, ҳазм қилиб, энди бу жаннатмакон диёрни яна ўрганиш ва қайтадан кашф этиш учун иккинчи бор ташриф буюрган эдим.
Аэропортдан меҳмонхонага қадар бўлган масофани жуда тез – 15-20 дақиқадаёқ босиб ўтдик. Тунги Дубай бизни 33 даражали иссиқ ҳаво, тинч ва сокин, осуда оқшом билан кутиб олди.
Осмонўпар бинолар ва ҳайратомуз кўприклар тагидан ўтиб бораркансиз, бир пайтлар тап-тақир саҳро ва чўл-у, биёбондан иборат бўлган бу кимсасиз ва қақроқ жойларда бугунга келиб инсон ақлу заковоти шундай гўзал бир шаҳар барпо этганига сира ишонгингиз келмайди…
3.
Мен бугунги хотираларимда Дубай ва унинг иқтисоди, георграфик ўрни ва аҳолиси каби қуруқ ва зерикарли рақам-у, статистик маълумотларга тўхтаталиб ўтирмайман.
Мен журналист ўлароқ, жаҳонгашта ва хаёлпараст бир инсон сифатида Бирлашган Араб Амирликларида кўрган кечирганларимни, кўнглимдан кечган ҳис- туйғуларимни, қувонч ва ҳаяжон бирла афсус ва армонларимни ҳам “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари билан баҳам кўриш ва бўлишиш учун қўлимга қалам олдим.
Баъзи бир содда ва овсар дўстларимиз ёзаётгани каби мақтаниш ёки ўз имкон ва имтиёзимизни кўз кўз қилиш учун эмас. Биз энди бу даврдан ўтиб бўлдик.
Агар у томонини олиб қарасангиз, аслида ҳар бир Ватандош – у Ўзбекистонда яшайдими ва ё хорижда умргўзаронлик қиладими, бундан қатъий назар, имкон қадар — дунёни билиши, ер юзини кезиши, янги янги давлат ва мамлакатларни бориб кўриши ва ўрганиши лозим.
Албатта, бунинг учун инсоннинг орзу умидига унинг имкон ва эҳтиёжи мос тушиши керак. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг иқтисодий имконияти — бу ширин орзуга мос келиши керак демоқчимиз.
Яширмайман, менинг журналистик фаолиятим, хусусан “Дунё ўзбеклари”нинг бугунги обрў эътибори ва нуфузи — вақти вақти билан ер юзи бўйлаб сафарга чиқиб туришим учун ўзига хос бир иқтисодий замин яратмоқда.
Буни энди ким қандай тушунади – ўзига, доно фикрига ҳавола…
4.
Дубайда “Дунё ўзбеклари”нинг ашаддий мухлисларидан бири – Иззатилла истиқомат қилади. Асли тошкентлик бўлган бу билимли ва истеъдодли йигит 2002 йилда Тошкентдаги Жаҳон Тиллар институтини тугатган. 2007 йилдан бўён Дубайда яшайди. Уни бу ерга мебель саноати бўйича мутахассислар ишга таклиф қилишган. Рус, инглиз, араб тилларини мукаммал билади.
Бундан роппа ропа икки йил муқаддам “Дунё ўзбеклари” иш бошлаганидан сўнг, у менга хат ёзиб, танишиб қолганмиз. Ўшандан бўён вақт бевақт боғланиб турамиз. Ўтган йили Дубайга келганимда мени роса айлантирган эди. Ҳай-ҳай демасам, эртадан кечгача мен билан бирга бўлай дейди. Иши қолиб кетмасин, хўжайинларидан гап эшитмасин деб, ишдан кейинги бўш вақтларида кўришиб турдик.
Иззатилланинг бир оз фаромуш ва ўйчанлигини ҳисобга олмаганда, камтар ва камсуқум, одобли ва яхши йигит. Оиласи ва фарзандлари билан Дубайда яшаётганидан у қадар хурсанд бўлмаса ҳам, ҳар қалай, хафа эмас эди, назаримда.
Бу гал Дубайга келганимда у мени яхши кайфият ва кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Олдинги сафар кўрганимдаги фаромуш ва паришонхотирликдан асар ҳам қолмаган, кайфияти яхши, руҳи тетик эди. Бунинг боисини сўрасам, ўтган йили очилмаган укам, бу йил очилиб қолди:
— Дубайдаги аксар компаниялар шахсий ва улар бир ҳовуч қариндош уруғ қўлида. Менга ўхшаб четдан келганларга куни ўтиб туриши учунгина маош беришади, холос. Лекин яхши ва самарали ишлаганларга мукофот пули бериш, маошини ошириш, ижара уй ва хизмат машинаси харажатларини қоплаш деган гап-сўз йўқ. Бу йил болаларим мактабга чиқишади. Бу ерда болаларни олий даргоҳ тугул, бошланғич ва ўрта мактабда ўқитиш ҳам пуллик. Аламижон пул тўлашингиз керак. Унча бунча ҳам эмас. Шуларни ҳисобга олиб, энди ўзим алоҳида компания очиб, мустақил иш бошлайдиган бўлдим. Бу ердаги ўзини аллақачон ўнглаб олган ватандошларимиздан бири менга ёрдам бериб, ёнига олди. Энди ўзим мустақилман…
Иззатилланинг олдинги хомуш ва фаромушлиги ўрнини эртанги кунига умид ва ишонч руҳи эгаллаб олганини кўриб, кўнглим ёришди. Қани энди Ўзбекистонда ҳам шундай имкониятлар бўлса-ю, Иззатиллага ўхшаш чет тилларни мукаммал биладиган тажрибали ва фидойи йигитлар четда эмас, ўз юртида меҳнат қилса, Ватан равнақига ҳисса қўшса…
5.
Дубайдан кейин мен бир муддат Шаржадаги “Beach Hotel Sharjah” меҳмонхонасида яшадим. Бу ерда тошкентлик ўзим тенги бир аёл билан танишиб қолдим. У уч тўрт йилдан бўён шу ерда яшаб, савдо сотиқ билан шуғулланаркан. Яқиндан бошлаб эса меҳмонхона қошидаги бир хонани ижарага олиб, аёллар ва эркаклар киядиган дубленка ва турли туман кийим кечак сотишни йўлга қўйибди.
Тошкентдаги Шарқшунослик институтида араб тилидан дарс берган бу хоним мана энди Арабларнинг юртига келиб савдо сотиқ илмини ўрганяпти. Бунинг ҳам ҳеч ёмон томони йўқ. Ўзбек қаерда бўлса ҳам ўз ризқини халол ва покиза йўллар билан топиб ейишга одатланса, бунинг айби йўқ, албатта.
Умуман, мен бир ҳафта давомида Дубай, Шаржа, Абу Даби шаҳарларида жуда кўп ўзбекларни кўрдим, улар билан танишиб, суҳбатлашдим. Уларнинг аксарияти Ўзбекистондаги имконсизлик ва виждонсизликдан, қонунсизлик ва иймонсизликдан дод деб чет элларга бош олиб кетганларини яширмадилар. Шу билан бирга улар энг оғир ва қора ишларда, бу ердаги бой бадавлат одамларнинг хизматида эканини ҳам очиқ ойдин тан олдилар.
Ҳатто тилло тақинчоқлар билан савдо сотиқ қиладиган беш олтита дўконга масъул бўлган тошкентлик Анваржон ҳам хўжайинга сув текинга хизмат қилишдан безиб, Канаданинг Соскованч деган жойига кетиш учун ҳаракат қилаётганини, ҳужжатларини расмийлаштираётганини айтди.
Шаржада «Казань” номли ресторан бор экан. Миллий таомларни соғиниб, бир кун туш маҳали ўша ерга бордим. (Сурат берилади) Мен борган маҳал ресторан очиқ бўлса ҳам лекин негадир бўм бўш эди. Маълум бўлишича бу ерларда рўза маҳали ресторанлар ишламаскан. Фақат кечки оғиз очар пайти – ифтор маҳали ишларкан, холос.
Умуман, Бирлашган Араб Амирликларида одамлар ёппасига рўза тутишаркан. Шунинг учун ҳам бу ерларда кундуз куни давлат муассасасидан тортиб, хусусий ташкилот ва идоралар ҳам ёпиқ бўлиб, улар фақат кечки пайт оғиз очилгандан кейин тунги 11.00 – 12.00 га қадар ишларкан.
«Казань” ресторанида мен ўша куни бир ўзбек қизини учратиб қолдим. У шу ерда хизмат қиларкан. Мен сафарга чиққаним боис, бу йил рўза тутолмаганимни айтиб, узр сўрадим. Бошига чамбарак қилиб, ўзига ярашган гулдор рўмол ўраб олган бу ҳижобли қиз рестораннинг кўздан пана бўлган бир бурчида мен учун меҳр билан дастурхон тузади.
Лагмон, манти , палов билан меҳмон қилди. Унинг менга тик қарашдан уялиб, кўзларини ерга олиб қочишларидан, ўзи ҳақида гапиришни истамаганидан бу ерларда яшаш ва умргўзаронлик қилиш осон кечмаётганини англаш қийин эмас эди. Фақат Самарқанддан эканини, келганига беш-олти йил бўлиб қолганини, уйини ва ота онасини жуда жуда соғинганини айта олди, холос…
Тушлик учун 30 АҚШ доллари тўлаб, ресторанни тарк этарканман, то меҳмонхонага етгунга қадар самарқандлик ўйчан ва маъюс ўзбек қизининг ҳуркак ва хавотирли нигоҳлари хаёлимдан нари кетмасди…
Менга алам қиладиган нарса шуки, нега кейинги 25 йил ичида бу қадар кўп ўзбек Ўзбекистонни тарк этди? Нега Мустақиллик бизга берган истиқлол ва истиқбол — ўзбекларни ўз юртига ва Ватанига янада қаттиқроқ боғлашдан кўра, аксинча — ер юзига бу қадар кўп ёйиб ташлади?
(Давоми бор)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ1 Comment
-
Davomini kutamiz. Yozganizday aksari o’zbeklar umri faqat va faqat og’ir mehnat bilan o’tmoqda. Hammaning ham bu dunyoda yaxshi yashashga va dam olishga haqqi borku. Xayot faqat tirikchilik uchun mehnat qilishdan iborat emasku. Ammo bu xalqning mentalitetiga ham bog’liq bir tarafdan. Ko’p o’zbeklar hatto iqtisodiy sharoiti ko’tarsa ham borib dam olishdan ko’ra dang’illama to’y qilish yoki uy solishni o’ylashadi. Lekin har bir ishni me’yorida bo’lishligiga nima etsin.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
ИСМАТ АКА ҲЕЧ ҲАМ ТУШКУНЛИККА ТУШМАНГ! СИЗДЕК БУЮК ИНСОН ҲАЛИ ҚИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН ИШЛАР ТАЛАЙГИНА. СИЗ ИЖОДКОРЛИКДАН ЎСИБ, СИЁСАТ МАЙДОНИГА ЗЎР ЖУШҚИНЛИК ШИДДАТ БИЛАН ОЛОВДЕК КРИБ КЕЛДИНГИЗ. ШУНИ ЯХШИ БИЛИНГ СИЁСАТЧИЛАР 60 ЁШДА ТУЛА ШАКИЛАНАДИ. БИЗ ИШОНАМИЗ ҲАММАМИЗ ВАТАНГА ҚАЙТАМИЗ, СИЗ ҲАЛИ ЮРТГА КЎП ХИЗМАТ ҚИЛАСИЗ.
Надо было во Флориду поехать отдыхать или на Кубу.
Турция уже не та. Вот лет 10 назад ещё как то.
Видимо Исмат Хушев соскучился по настоящему Турецкому кебабу. Незнаю как там удаётся насчёт “100-грамм” для аппетиту, “масаж-засаж” там. Рамадан, плюс страна мусульманская. Но на завтрак, турецкий рогалик “Смит”, на обед зелень, пейнар и чорба хаш, на ужин искандер или шиш-кебаб. Рай! На Кубе и во Флориде, такого нет. Подобие есть но оригинал только в Турции. Эхх тоже смотаться на пару деньков чтоли
“Дунё ўзбеклари” учун махсус