Шокир САЪДУЛЛАЕВ: ШОИР АЗИМ СУЮН ҚЎЗИЧОҚМИ? ЯККА БЎРИМИ? ҚАШҚИРМИ?
ШОИР АЗИМ СУЮН ҚЎЗИЧОҚМИ? ЯККА БЎРИМИ? ҚАШҚИРМИ?
Элбек Жамолнинг “Ёқуб Аҳмедов: – Томошабин нима дейди? Ёки Қўчқорнинг чала туғилган қўзичоғи ҳақида…” номли мақоласига шарҳлар
Бир пайтлар Ғаффор Ҳотамов шоир ва “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Азим Суюн ҳақида “ҲИКМАТ ёки Олмос шамшир ҳақида достон”
номли бадиа ёзган, унда шоирни кўкларга кўтарган, уни олижаноб якка бўрига қиёслаган эди.
Ғаффор Ҳотам таъкидича, “Ўзбекистон овози” махсус мухбири Қўчқор Норқобил Қашқадарёга бориб, бош ўрмончидан 17 минг кўкидан олиб келади. Пора сифатида. Эмишки, бош муҳаррир Азим Суюн ўз ходими Қўчқор Норқобилнинг бу ишларидан бехабар бўлган.
“Ҳолбуки, у нима бўлганини билмайди, ҳатто!
Бу балодан мутлақо бехабар!”
Наҳотки”!?, — дея ёзғиради муаллиф.
Раҳбар ўз ходими нима ишлар қилиб юрганидан бехабар бўлса, бундай раҳбардан тезда воз кечиб қўя қолган маъқул.
Атоқли журналист Шароф Убайдуллаев интернет орқали муносабат билдириб, Ғаффор Ҳотам асарларининг асосий қисмини қўллаб қувватлагани ҳолда, Азим Суюн ҳақидаги фикрларга мутлақо қўшилмайди.
Демак, Шароф Убайдуллаев Азим Суюн ҳақида бошқалар англаб етмаган (ёки англаб етишни истамаган) нималарнидир билади. Ногоҳ “Дунё ўзбеклари” сайти эълон қилган Элбек Жамолнинг “Ёқуб Аҳмедов: – Томошабин нима дейди? Ёки Қўчқорнинг чала туғилган қўзичоғи ҳақида…” номли мақоласида Қўчқор Норқобилнинг пьеса топшириш маросимига Азим Суюн келгани ва мутлақо арзимас драматик асарни кўкларга кўтариб мақтаганини ўқиркансан, беихтиёр Шароф Убайдуллаев ҳақлигига имон келтирасан.
Тушуниб етасанки, Азим Суюн асло ва асло ўз ходими Қўчқор Норқобилнинг “Бу бало(си)дан мутлақо бехабар!” бўлмаган.
Улар шерикчилик қилишган.
Қашқадарёлик ўрмончи берган 17 минг кўкида Азим Суюнннинг сўлоқмондай “доля”си бўлган.
“Йўқ!!!”, дея кўринг-чи!
Ҳаммамиз биламизки, жамиятда журналист халқи энг камбағал, камгина ойлик моянага кун кўришга мажбур этилган тоифадир. Журналистларнинг аксарияти ўз уй жойига эга эмас, автомашина харид қилишни бир умр орзулаб ўтади. Ўз вақтида Азим Суюн ҳам ўшаларнинг бири эди. Юнусободда “дом”да яшарди. “Ўзбекистон овози” бош муҳаррири бўлдию, тезда ўз подъездидаги яна икки квартирани сотиб олиб, хусусийлаштирди. Муҳаррирликнинг кейинги йиллари Тошкентнинг турли жойларидан ҳовли, боғ, участкалар сотиб олди. Бу ҳам камлик қилиб, Дўрмондаги ижодкорлар боғидан уч қаватли кошона қурди.
Қўчқор Норқобилдек ходимлари бор бош муҳарриргина бундай “муваффақиятлар”га эришиши мумкин!
Йўқса, аксарият бош муҳаррирлар давлат берган “дом”да умргузаронлик қилиб ўтаверишга маҳкумлар. Оддий, амалсиз журналистлар ўз йўлига.
Яъни Қўчқор Норқобил ва Азим Суюн ҳамтовоқ бўлишган.
Биргаликда “журналистик изланишлар”олиб боришган.
Ҳеч ҳайиқмасдан 17 минг кўкини сўрашга жазм этиш ва ундириш даражасига етиш учун журналистга жуда катта ҳаётий тажриба керак бўлади. Демак, бу даражага етиш учун ҳамтовоқларнинг ҳар иккаласи жуда кўп “ҳаёт сўқмоқлари”дан адашмай ўтиб, ўша даражага етиб боришган. Мазкур соҳанинг “фан доктори” ёки “академик”лигига сазовор бўлишган.
Бизнингча, қайсидир стадияда ўрмончининг эҳтиётсизлиги (ёки ўта эҳтиёткорлиги) оқибатида бу “ўйин” сирлари очилиб кетган.
Айтмоқчимизки, асло ва асло Азим Суюн “бегуноҳ қўзичоқ” эмас. Ғаффор Ҳотам таърифлаган Якка бўри ҳам эмас. Балки у олчоқ ва маккор қашқир, дея таърифласак ҳақиқатга яқин бўлар эди, деган фикрдамиз.
Адашаётган бўлишимиз ҳам мумкин.
Тағин Худо билгувчидир.
Бизники, шунчаки фикр, холос.
Бу фикрларга ўқувчилар қўшилиши ҳам, инкор этиши ҳам мумкин.
Бу ёғи, энди,.. ҳар кимнинг таъби…
Шокир САЪДУЛЛАЕВ,
журналист.
Тошкент шаҳри.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Шокир САЪДУЛЛАЕВ деб имзо чеккаётган бу одам аслида Ғаффор Ҳотам бўлади.
«Дунё ўзбеклари»дан: Учинчи бора шу гапни такрорлаганингиздан кейин айтишга мажбурмиз: Шокир Саъдуллаев — бу Шокир Саъдуллаев, Сиз айтаётган одам эмас. Билмаган нарсаларга аралашиб, одамларни чалғитманг, илтимос.