Суратда:Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича энг қудратли Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов таниқли ўзбек журналистлари Исмат Хушев ва Карим Баҳриев билан…
(2 китоб, 37 боб) 2
1.
Мавлон Умрзоқов ҳақида биринчи маротаба унинг турмуш ўртоғи Ҳалима Худойбердиевадан эшитган эдим.
Қарши Давлат педагогика институтидаги комсомол секретарлиги фаолиятимни якунлаб, «Тошкентни забт этиш» учун учинчи маротаба пойтахтга келганимда, дастлаб «Саодат» журналида иш бошлаганимни «Подшо эркатойи саргузаштлари» нинг биринчи китобида батафсил ёзганман.
Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битирганимдан кейин Абдулла Орипов тавсияси билан дастлаб Шаҳрисабз горкомининг биринчи секретари Евгений Березиков қўлида ишлаб, раҳбар бўлишни орзу қилган эдим. Лекин олти ойга қолмай, Березиков мени ҳарбий хизмат ўташ учун Совет Армияси сафига жўнатиб юборганини муқаддам ёзганман.
Армиядан қайтганимдан кейин энди ёзувчи Нурали Қобул тавсияси билан ўша пайтдаги Ўзбекистон Комсомоли Марказий Комитети котиби Ҳакимжон Ҳамидов орқали Қашқадарё обком комсомолида инструктор бўлиб иш бошлагандим. Кўп ўтмай мендаги жўшқинлик маъқул келди шекилли, обкомдан Қарши Давлат педагогика институтига комсомол комитети секретари этиб тайинлашган эди.
Бу ердаги «жўшқин» фаолиятим боис Қарши горкомининг биринчи котиби Лозицкий билан бўлган тўқнашувларимнинг ўзи бир достон. Улар ҳақида ҳам батафсил ёзилган. Горком Бюросида уч маротаба мени партияга нолойиқ деб топганларига қарамай, КПСС Марказий Комитети аралашуви билан партияга аъзо бўлиб, Лозицкий устидан ғалаба қилганимни ҳамма билади.
Хуллас, Қашқадарёда менинг мулозим бўлишимга икки маротаба тўсқинлик қилганларидан сўнг, раҳбарликдан воз кечиб, энди ўз касбим бўйича журналист бўлиб ишлашга қарор қилдим.
Шу боис Тошкентни забт этиш учун учинчи ва энг сўнгги ҳужумга ўтган эдим…
Энди Эркин Аъзамов ва Маматқул Ҳазратқуловлар тавсияси билан истеъдодли шоира Ҳалима Худойбердиева Бош муҳаррир бўлган «Саодат» журналида мухбир бўлиб илк журналистик фаолиятимни бошладим.
Хуллас, Мавлон Умрзоқов ҳақида биринчи маротаба унинг турмуш ўртоғи Ҳалима Худойбердиевадан эшитган эдим…
2.
«Саодат» журнали хотин қизлар нашри бўлгани учун ҳам унда асосан хотин қизлар ишлар эди.
Мен ишга келганда журналда эркаклардан фақат икки киши — масъул котиб Жўра Холматов билан техник муҳаррир Олимжон Ҳакимовлар бор эди. Мен учинчи бўлиб уларнинг сафига келиб қўшилдим.
Мен ишга келганда журналда ижтимоий сиёсий муҳит жуда ёмон бўлиб, Бош муҳаррир Ҳалима Худойбердиева бир тараф, унинг ўринбосари Санъат Маҳмудова бир тараф эди. Ўзъаро келишмовчилик ва кўролмаслик, бир бирини иғво ва шантаж қилиш редакцияда ўзининг энг олий чўққисига чиққан эди.
КПСС аъзоси бўлганим учун партия йиғилишларида Ҳалима опа тарафида туриб, у кишини ҳимоя қила бошладим. Хуллас, ўз ўзидан Ҳалима опанинг энг яқин ва ишончли одамига айланиб қолдим…
3.
Бир куни Ҳалима опа мени уйларига таклиф қилдилар.
Ўшанда опа Тошкентнинг Ц-5 кварталига элтадиган йўлнинг ўнг томонида — кўп қаватли «Дом»нинг бешинчи ё олтинчи қаватида яшар эдилар. Биринчи қаватида «Ўт ўчириш командаси» ва Республика ГАИ идораси жойлашган кўп қаватли маъмурий бино атрофида жойлашган эди бу “Дом”.
Мен борганда Мавлон ака уйда эканлар.
— Э, Исматжон, келинг, ука, келинг, — опангиз Сиз ҳақда кўп яхши гапларни айтади. Танишганимдан жуда хурсандман, — деб самимий қаршилаган эди мени Мавлон ака.
Мен Мавлон Умрзоқов — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Ишлар Бошқармасида ишлашини билардим. У киши ҳақида яхши гаплар билан бирга бошқа сўзларни ҳам кўп эшитгандим. Кеккайган ва такаббур, қовоғидан қор ёғади деган эдилар. Бекор гап экан.
Мавлон ака билан танишганимдан кейин бу гапларнинг ҳаммаси мутлақо асоссиз эканини англаб етдим. Мавлон ака ниҳоятда самимий ва очиқкўнгил, дилкаш ва жонон йигит эканлар.
Биринчи учрашувданоқ биз у киши билан худди ака укадек дўстлашиб, тил топишиб кетдик. Менга у кишининг қишлоқ тилида содда ва равон сўзлаши, кўнглининг бегидирлиги, ниҳоятда камтар ва камсуқумлиги жуда ёқиб қолди.
Мавлон акадаги соддалик ва самимият биринчи учрашувданоқ мени ўзига мафтун қилиб қўйган эди…
4.
Хуллас, биз Мавлон ака билан қардон бўлиб қолдик.
Совет даврида қай бир шоир: «Курашади икки тўлқин қараб турайми» деб шеър ёзган эди. Мен ҳам энди Ҳалима опанинг содиқ тарафдори бўлиб, Санъат Маҳмудова гуруҳининг юрагига яхшигина ғулғула солиб қўйдим.
Қарши пединститутида ҳеч ким назар писанд қилмайдиган оддийгина комсомол котиби бўла туриб, горкомнинг қудратли биринчи секретари Лозицкий билан бўлган олишув ва тўқнашувда қўлга киритилган аччиқ сабоқ ва тажрибалар «Саодат»да менга қўл келди.
Лекин Ҳалима опанинг декрет отпускасига кетганидан фойдаланиб, унинг ўрнига вақтинчалик Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлиб қолган Санъат Маҳмудова фурсатдан фойдаланиб, мени ишдан бўшатади. Ҳалима опа ҳеч нарса қилолмай қолади.
Журналдан ноҳақ ва асоссиз бўшатилганимдан сўнг кўп ўтмай Москвада – КПСС Марказий Комитети нашри бўлмиш – «Советская культура» газетасида мени ҳимоя қилиб «Чужой среди своих» («Ўзимизникилар орасидаги бегона») номли каттагина мақола чоп этилади. Унда газета махсус мухбирлари Вилор Ниёзматов билан Вил Долгановлар мени ва мен орқали Ҳалима опани ҳам Санъат Маҳмудова гуруҳидан, уларнинг ҳамлаю, тазйиғидан астойдил ҳимоя қилиб чиқишади.
Шу мақола сабаб Санъат Маҳмудова тарафи анча пайт Ҳалима опани тинч қўйишади. Лекин улар вақт бевақт Зулфия опанинг уйларига бориб, маслаҳатлашиб туришганини мен яхши билардим.
Чунки мен Зулфия опа билан Анҳор бўйидаги ҳукумат уйларида қўшни яшардим. «Саодат»даги собиқ ҳамкасбларимни қоронғу тушган кезларда маҳалламизда тез тез учратиб турардим…
5.
Мени ҳимоя қилиб Москванинг нуфузли нашрида мақола эълон қилинганидан сўнг энди мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида махсус мухбир бўлиб ишлай бошладим.
Ва кўп ўтмай Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубов йўлланмаси билан республика адабиёт газетасининг махсус мухбири сифатида Москвага – СССР халқ депутатларининг 1 съездини ёритиш учун хизмат сафарига жўнаб кетдим. Ва шу ерда Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов билан яқиндан танишдим.
Бу ҳақда, умуман Москвадаги СССР халқ депутатларининг тарихий биринчи съезди кунларидаги унутилмас хотира ва ҳис-ҳаяжонлари ҳақида «Подшо эркатойининг саргузаштлари» да қатор боблар бағишланган, батафсил ёзилган ва ҳикоя қилинган.
Бу пайтлар Ўзбекистонда Рафиқ Нишонов бошқарувининг энг сўнгги кунлари эди.
Москвадаги Ислом Каримов билан ўша танишув эрта бир кун менинг ҳаётимни тамомила ўзгартириб, остин устун қилиб юборишини мен ҳали билмасдим.
Бу учрашув мени аввал маълум муддат «Подшо эркатойи»га айлантириб, сўнг бир умр хорижга — муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юришга, Ватансизликка бадарға қилишини хаёлимга ҳам келтиролмасдим…
6.
1989 йилнинг 23 июнь куни Ислом Каримов — Ўзбекистон Компартияси марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланади.
Москванинг СССР халқ депутатлари истиқомат қиладиган «Россия» меҳмонхонаси ресторанида икки ҳафта бир стол атрофида ўтириб, улфатчилик қилиш бахтига муяссар бўлган одамим кутилмаганда Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланишини рости, хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Ўша куниёқ «Главпочтампт»га бориб, Ислом акани табриклаб, телеграмма бердим. Эртаси куниёқ Марказқўмдан Шаҳобиддин Зиёмов «Адабиёт» газетаси Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевга қўнғироқ қилиб, мени суриштирибди. Ислом Каримов сўрадилар, Исматжон бир келиб кетсин дебди.
Бордим. Марказқўмга ўша боришимдан сўнг Ўзбекистон Олий раҳбарияти эшиклари мен учун бирин кетин очила бошлади. Кўп ўтмай, ўзим ҳам Бош муҳаррир бўлиб, кўтарилиб кетдим.
Энди Мавлон ака билан тез тез кўришадиган бўлдик. Шу шу биз у киши билан худди ака укалардек иноқ ва қадрдон бўлиб қолдик.
Мавлон ака табиатан келишган, истараси иссиқ, қадди-қоматли, барно йигит.
Боз устига ниҳоятда камтар ва самимий инсон. Уни бир кўрган одам, рўпарасида катта амалдор турганига сира иккиланмайди. Мавлон ака худди раҳбарлик учун туғилгандай — салобатли ва улуғвор, кўркам йигит. Ниҳоятда истараси иссиқ ва ёқимтой мулозим.
Ана шу хислатлари учун ҳам Президент у кишига катта ишонч билдириб, ёнига олган бўлса, не тонг!
Айнан ана шу фазилатлари учун ҳам нозиктаъб ва ҳассос ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева унга кўнгил қўйган бўлса, не ажаб!
7.
Мавлон ака даставвал Олий таълим вазирлиги қошидаги “КРУ”да «Управделами» яъни «Иш бошқарувчиси бўлиб ишлаган эканлар.
Мавлон Умрзоқовнинг МинВУЗга ишга келиши ўша пайтдаги Олий таълим вазири Салим Пўлатович номи билан чамбарчас боғлиқ. Олдин Ирригация инсититути ректори бўлган бу инсонни яхши таниган ва билганлар ниҳоятда ҳалол ва қўли тоза раҳбар деб таърифлашади.
Салим Пўлатович Мавлон Умрзоқовни оддий ревизорликдан кўп ўтмай КРУ бошлиғи этиб тайинлайди. “КРУ” – назорат тафтиш бўлими бўлиб, у истаган олий ўқув юрти даргоҳининг астар аврасини ағдариб, тафтиш қиладиган — Олий таълим вазирлиги таркибидаги қудратли ташкилот эди…
8.
Мавлон Умрзоқовнинг МинВУЗдан — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Ишлар Бошқармасига — Зелемхон Ҳайдаров қўлига ишга ўтишининг ҳам ўзига хос ажиб бир тарихи бор.
Бу воқеа Ўзбекистоннинг Шароф Рашидовдан кейинги раҳбари Иномжон Усмонхўжаев ва у кишининг куёви Саидаҳмадларнинг муборак номи билан бевосита боғлиқ.
Бу воқеаларга ойдинлик киритиш учун эса, ҳикоямизни Саидаҳмаднинг Ўзбекистон МарказҚўмидан Боёвутга райкомнинг биринчи секретари бўлиб бориши тарихидан бошлашимизга тўғри келади.
Зотан, бу – Мавлон Умрзоқовнинг Олий раҳбариятга келиши ва Ҳалима Худойбердиеванинг “Саодат”га Бош муҳаррир бўлиши билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим ва тарихий воқеадир.
Саидаҳмад Рашидов даврида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида орготделнинг вилоятлар бўйича инспектори эди. У, хусусан — Сурхондарёни назорат қиларди. Унинг умр йўлдоши бўлмиш Каналхоннинг акаси – Иномжон Усмонхўжаев Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб тайинланганидан сўнг, икки қариндошнинг бир идорада ишлаши мақсадга мувофиқ эмас эди. Яъни, Усмонхўжаев суюкли куёвини бевосита ўз қўли остида олиб қололмасди, албатта…
9.
Ўзлари асли боғдодлик бўлгани учун ҳам, Саидаҳмад Боёвутга райкомнинг биринчи секретари бўлиб боришни ихтиёр этади. Боёвут – аслида Фарғона дарвозаси ҳисобланади. Бу ердан Боғдодга бир чақирим. У ердан эса Фарғона бошланади…
Хуллас, Боёвут райкомининг биринчи секретари Абдулла Турдиқуловни зудлик билан Жиззах обкомининг қишлоқ хўжалиги бўйича секретари қилиб, кўтариб юборишади. Унинг ўрнига эса Усмонхўжаевнинг куёви Саидаҳмадни Боёвутга биринчи котиб этиб тайинлашади.
Саидаҳмад ва унинг оиласи Каналхон боёвутлик зиёлиларни секин аста ўзларига торта бошлашади. Ҳалима опа билан улар орасидаги ўзъаро интилиш таланти — боёвутлик икки номдор аёлни тезда бир бирига яқинлаштириб қўяди.
Мана шу яқинлашув — Мавлон Умрзоқовни Ўзбекистон Олий раҳбариятининг сиёсий саҳнасига олиб чиқиш билан якун топган бўлса, айни пайтда, Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам қуёшини чарақлатиб, Зулфия опанинг бошини еди…
10.
Ҳамид Олимжоннинг умр йўлдоши, атоқли ўзбек шоираси Зулфия опа Ҳалима Худойбердиевани ёшлигидан бошини силаб, тарбиялаб, одам қилган, истеъдодли шоира бўлиб етишишида ўзига хос ва муҳим ўрин тутган устози эди. Ҳатто уни “Саодат”га ҳам ишга олиб, вафодор ва садоқатли деб ўзига ўринбосар қилиб тайинлаган эди.
Лекин нима жин уради-ю, Каналхон билан танишганидан сўнг Ҳалима Худойбердиева Зулфия опага нисбатан тўнини тескари кийиб олади. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котибаси Раъно Абдуллаев бундан ўз мақсади йўлида фойдалана бошлайди. Чунки, Зулфия опанинг жамиятда тутган мавқеи, халқаро обрў эътибори ниҳоятда баланд бўлиб, бу табиийки, қудратли идеология котибасига мутлақо ёқмасди. У ўзини довруғли шоира обрў эътибори соясида қолиб кетаётгандек сеза бошлайди.
Шу тариқа Абдуллаева Зулфия опа ҳақидаги бир папка танқидий шикоят ва аризаларни Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Усмонхўжаев столига қўяди. Ҳалима Худойбердиева ҳам Абдуллаева тарафида туриб, ўз устозига қарши чиқади. Ва кўп ўтмай Зулфия опанинг ўрнига “Саодат” журнали Бош муҳаррири этиб тайинланади…
11.
Худди шу нарса кейинчалик Ҳалима опанинг ҳам бошини ейди.
Мен “Саодат”га ишга келгандаги носоғлом муҳит – бир томондан Зулфия опага садоқатли бўлган шогирдларнинг ноҳақ ранжитилган ва ишдан олинган устозларига бўлган меҳру муҳаббати бўлса, иккинчи тарафдан ўз устози юзига оёқ қўйган инсоф диёнатсиз шогирдга бўлган исёнларининг бир кўриниши эди…
Ҳалима опанинг айби шуки, у Зулфия опа нафақат Ўзбекистон, балки дунё фахрига айланган бир пайтда унга қарши чиқди. Ўша пайтда мен нонкўрлик қилган эдим, мен ундан кўп яхшилик кўрганман деб очиқ ойдин айтолмади, мардлик қилолмади.
Хуллас, худди шу нарса кейинчалик Ҳалима опанинг ҳам бошини еди…
12.
Зелемхон Ҳайдаров Каналхон ва Саидаҳмадларнинг илтимоси билан Мавлон акани МарказҚўмга ишга олганидан сўнг, кўп ўтмай ўзи ҳам Президент девони қошидаги Ишлар Бошқармасига Бошлиқ бўлиб кетади.
Бу пайтларда Ўзбекистонда Марказқўм тугатилиб, Президент бошқаруви жорий қилинётган пайтлар эди.
Мавлон ака «Молия сектори» мудирлигидан Зелемхон Ҳайдаровнинг Марказқўмдаги ўрнига — Ишлар Бошқармаси («Управделами») га бошлиқ бўлиб қолади.
Сўнг янги ташкил этилган Президент девонида кадрлар билан ишлаш бўлими очилиб, Мавлон ака унга биринчи раҳбар бўлиб ўтади.
Сўнг у кишининг бу лавозими – “Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси” деб ўзгартирилади.
Умуман, Мавлон ака ҳамиша Зелемхон аканинг ўрнига ўтиб келаверган. Улар жуда яқин ва қадрдон бўлишган.
Раҳбарият тизимига, Марказқўмга Мавлон Умрзоқовни биринчи марта Зелемхон ака ишга таклиф қилган дедик. Бу – бор гап. Мавлон аканинг ўзи ҳам буни тан олган.
Қисқаси, кутилмаганда Мавлон акани Президент девонидаги янги очилган Ташкилий ишлар бўлимига мудир бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдиради.
Чамаси, бу орада Ислом Каримов уни атрофлича ўрганган кўринади.
Ташкилий ишлар бўлимига мудир этиб тайинлашдан аввал Мавлон акани Ислом Абдуғаниевич суҳбатга чақирган экан. Лекин ўша суҳбатдан сўнг орадан бир ярим – икки ой ўтган бўлса-да, Ислом ака қатьий бир тўхтамга келолмайди.
Бир куни Мавлон ака менга: “Шунақа суҳбат бўлувди. Кадрлар бўлимига ўтишим керак эди. Лекин негадир буйруқ чиқмаяпти, кимдир нимадир деган, шекилли”, деди.
Равшанки, мен Мавлон аканинг ўша вазифага тайинланишини жуда истардим.Чунки биз аллақачон иноқлашиб кетгандик.
Боз устига Ислом ака билан ҳам муносабатларим жуда яхши – биз жуда яқин эдик.
Буни Мавлон ака ҳам биларди…
13.
У пайтларда Ислом ака “ГАЗ-31” маркали, яп-янги, оппоқ “Волга”да юрарди.
Машинанинг давлат рақами, агар хотирам мени алдамаса, “20-36” эди, шекилли.
Зиёдулла деган битта қўриқчиси бўларди. Зиёдулла қаршилик эди, узун бўйли, қорачадан келган, барваста йигит.
Кейинчалик у Қашқадарёнинг ё Божхона ва ё Хавфсизлик қўмитасига раҳбар бўлиб кетди деб эшитдим. Шу йигит дастлабки пайтлари Ислом аканинг ёнида юрган.
Ислом аканинг “Волга”си Марказқўмнинг панжарали дарвозаларидан ўтиб, олтинчи қаватга кўтариладиган подъезд-йўлагига бориб тўхтарди.
Уни кузатиб келадиган милиция машинаси ичкарига киритилмасди.
Эътибор бердингизми, “машинаси” деб айтаяпман. Ҳа, бу рост гап. Ўша пайтларда Ислом акани фақатгина битта ГАИ машинаси кузатиб юрарди. Мен тўқсонинчи йилларнинг бошидаги Ислом Каримовнинг реал ҳолатини назарда тутаяпман. Бунга шахсан ўзим гувоҳман.
Рости, ўша пайтларда мен Ислом акани йиллар ўтиб бугунги даражадаги сон саноқсиз қўриқчи-ю, автоматчилар карвони қўриқлаб юришини хаёлимга ҳам келтирмаганман…
14.
Ўша кезларда Ислом ака менга ажиб топшириқлар берарди.
Масалан: “Ука, Қашқадарёга борганингда иккита нарсани билиб келгин. Биринчидан, халқнинг кайфияти қанақа? Иккинчидан, қайси раҳбар менинг сиёсатимга доғ туширяпти? Ким халқнинг ҳақини еяпти, порахўрлик қиляпти? Менга мана шу икки нарсани тўғри айтсанг, бўлди”, — дер эдилар.
Ана шундай суҳбатларнинг бирида мен нима жин урди-ю, қитмирлигим ва ё шухлигим тутиб: “Аёллар масаласида-чи?” деб сўрагандим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда Ислом ака: “Бировларнинг шахсий ҳаётига аралашиш яхши эмас. Аввало, ҳар бир эркакка худонинг ўзи инсоф берсин”, дегандилар…
У пайтларда Ислом ака бировларнинг айбини тополмаса, тирноқ остидан кир қидиришни ёмон кўрарди, жирканч ишлардан ҳазар қиларди.
Кейин, йиллар ўтиб сиёсат ифлос эканлигини билганларидан сўнг, ўзлари ҳам, бу ҳақдаги фикрлари ҳам ўзгариб кетган бўлиши мумкин…
Адлия вазири Ковалёв билан Бош прокурор Скуратовлар айнан ҳаммомдаги кайфу-сафолар туфайли ишдан кетишади.
Бу ҳақдаги яширин видео камера билан суъратга олинган “ишқий” лавҳалар катта ва кичик экранларга чиқиб кетади.
Уларнинг бу “фаолияти” телевидения орқали қайта ва қайта намойиш этилади.
Ёки бўлмаса АҚШ Президенти Билл Клинтон билан Моника Левинискийнинг ишқий муносабатлари ҳам бир йилдан кўпроқ миридан-сиригача матбуотда шов-шув қилинади, ҳатто Конгресс сенаторлари томонидан муҳокама этилади.
Кейинчалик, Италия ҳукумати собиқ раҳбари Сильвия Бурлускони ҳақидаги ишқий саргузаштлар дунё матбуотининг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб қолди.
Лекин бундан ким ютди-ю, ким ютқазди, билмадим…
16.
Ана шундай пайтларда Ислом аканинг бу борада тутган позицияси менга маъқул эканини алоҳида таъкидлашни истардим.
Ўзбекистонда ҳам юқоридаги каби нохуш воқеалар бўлиб туради. Лекин булар ошкор этилиб, шов-шув қилинмай, одоб доирасидан чиқмай, ўз ечимини топади. Лекин зинҳор-базинҳор бунга алоқадор ва айбдор шахслар, айниқса мулозимлар жазоланмай қолмайди.
Бундай ахлоқий тубан кимсалар раҳбарлик лавозимига муносиб эмаслигини Президент ҳамиша очиқ-ойдин айтиб келган. Буни бугун Ўзбекистонда ҳамма билади.
Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз шахсий ҳаёти ҳам кўплар учун намуна бўлгулик. Мана чорак асрки, Ўзбекистон Президентининг шахсий ҳаёти ва маиший турмуши ҳақида бирор оғиз ножўя гап-сўз эшитмадик. Ҳолбуки, тожу-тахтда ҳануз барқарор турган аксар ҳукмдорлар ҳақида қулоққа чалинаётган турли туман гап сўзлар асносида – Ислом Каримовнинг шахсий ҳаёти бизлар учун янада сирлироқ ва қизиқарлироқ бўлиб бораётгани ҳам сир эмас, албатта…
Ана шуларни ҳисобга олиб, яқин кунларда «Ислом Каримовнинг маъшуқалари» номли ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган янги бобни эълон қилиш ниятидамиз…
17.
Умуман, шу ўринда Ислом аканинг аёллар масаласидаги яна бир одати ҳақида гапириб бериш мавруди келди, шекилли.
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Биласиз, Мавлон Умрзоқов Президентнинг кадрлар масаласи бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган кезларда у кишининг рафиқалари Ҳалима Худойбердиева “Саодат” журналининг Бош муҳаррири бўлиш билан бирга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ҳам эдилар.
Бу лавозим соҳибаси эгаллаб турган мансабига кўра Бош вазир ўринбосари ҳам ҳисобланарди.
Боз устига ўша кунларда республика шоир ва ёзувчилари номидан Ҳалима опа ва Шукрулла домлалар Президент ҳузурида тузилган Давлат Кенгашига аъзо ҳам эдилар.
Ана шундай шарафли ва шукуҳли дамларнинг бирида Президент билан ёнма-ён ўтирган Ҳалима опа нима жин уради-ю, Кенгаш тугаганидан сўнг “Бизга нима хизматлар бор, Ҳалимахон?” деб тўғри маънода илтифот қилган Президентга “Укангизни бир оз тартибга чақириб қўйсангиз, Ислом ака, уйга жуда кеч келади ва гоҳида келмай ҳам қолади…” деб шикоят қилади. “Хўжайинимни” демайди, айнан “Укангизни” деб айтади…
Ислом ака Ҳалима опага ўша кезда нима дегани менга қоронғу, лекин Мавлон акани ҳузурига чақириб: “Сен жуда катта лавозимдасан. Ҳамма сени кузатиб туради. Сен бошқаларга ҳар соҳада ўрнак бўлишинг керак. Агар яна бир маротаба оиланг менга шикоят қилса, сен ортиқ бу ерда ишлаб қололмайсан!” деб оталарча маслаҳат беради…
18.
Ўшанда Мавлон ака менга бу гапларни кўзда ёш ва ўксик дил билан айтиб берган ва Ислом аканинг ўрнига бошқа одам бўлганида мени аллақачон ишдан ҳайдаб юборарди деб Президентдан миннатдорлигини изҳор этган эди.
Биз одатда аёллар ҳақида гапирганда, ҳурмат ва эҳтиромдан кўра, кўпроқ, кесатиқ ва писанда билан сўз юритишни ихтиёр этамиз. Бунга сабаб эҳтимол, уларнинг ўта рашкчи бўлиши билан бирга қасоскорлиги билан ҳам боғлиқдир…
Назаримда, айнан ўша кўнгилсиз суҳбатдан сўнг Ислом ака ўзига яқинлигидан кеккайиб, ҳаддидан ошган бу оила (ўша пайтларда Ўзбекистонда ҳали ҳеч бир оила мансаб ва ваколат жиҳатидан бу қадар катта нуфуз ва қудратга эга эмас эди) танобини тортиб қўйишни кўнглига маҳкам қилиб тугиб қўйган бўлса, не ажаб…
Ёлғон бўлмасин, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош Бошқармаси бошлиғи, айни пайтда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳисобланган Қулаҳмад Ризаев билан у кишининг турмуш ўртоғи машҳур балерина Бернара Қориевалар ҳам Олий Кенгаш мажлисига депутат эдилар.
Лекин уларнинг жамиятдаги мавқеи барибир Мавлон Умрзоқов билан Ҳалима Худойбердиеваларнинг олдида ҳеч нарса эмас эди…
19.
Мавлон аканинг оиласи билан боғлиқ бу нохуш вақеадан кўп ўтмай, Бўри Алламуродов Президентнинг қаҳрига учрайди.
Биласиз, Шароф Рашидов Сариосиё туманига борганда тасодифий учратган маккажўхорикорлик бригадаси бошлиғи Бўри ўша учрашувдан сўнг “катталар”нинг эътиборига тушган эди.
Рашидов бу ёруғ дунёни тарк этганидан сўнг ҳам у узоқ муддат раҳбарлик лавозимларида қолади.
Хусусан, Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келганида Бўри Алламуродов Наманган обкомининг биринчи секретари эди.
Кўп ўтмай у обкомдан олиниб – “Узсофпроф”га раҳбар бўлади. Бу ерда ҳам узоқ ишлолмайди. Унинг ҳам шўрини оиласи қуритади.
Турмуш ўртоғининг ўз котибаси билан ишқий алоқаси борлигини эшитган янга, кимдир қилган телефон қўнғироғидан сўнг, эрининг ишхонасига келиб, жанжал кўтаради.
Бу ишқий саргўзашт ҳам Президентга етиб боради ва Ўзбекистон ёшларининг собиқ йўлбошчиси Президентнинг шахсий топшириғига биноан ишдан қувилади.
Ажабки, Президентнинг бу топшириғини яқингинада оиласи туфайли мамлакат раҳбаридан дашном эшитган Мавлон Умрзоқов амалга оширади…
20.
Модомики биз Бўри Алламуродов ҳақида сўз юритган эканмиз, яна бир воқеани айтмай ўтсак, инсофдан бўлмас.
Рашидовдан кейин Нишонов республика раҳбарлигига келганида Бўри Алламуродов Сирдарё обкомининг иккинчи секретари эди.
Кунлардан бир кун у чўл зоналаридаги пахтакорлар ҳаёти билан танишиш учун вилоятнинг энг чекка қишлоқларидан биридаги дала бригадаси шийпонида тасодифан Шароф Рашидов портретини кўриб қолади. Бригада бошлиғини чақириб, зудлик билан уни олиб ташлашни талаб қилади.
Чунки бу пайтга келиб, Нишонов ўз ўтмишдошининг суратларини олдириб, номини бадном қилишни бошлаб юборган, Рашидовни ёмонотлиқ қилган 16 Пленум Қарорлари изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётган суронли кезлар эди.
Лекин месхети турк миллатига мансуб, кекса ва машҳур бригадир Жаббор Оғалиев Бўри Алламуродовга “Бу суратни Рашидовнинг ўзи менга совға қилган, мен ўликлар билан кураша олмайман” деб жавоб беради…
21.
Ажаб дунё экан бу дунё.
Ҳолбуки, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Бўри Алламуродов ҳақида менга бошқа бир ҳикояни ҳам айтиб берган эди.
Тақдирни ва тасодифни қарангки, Шароф Рашидов вафот этганидан атиги икки ё уч кун ўтиб, Бўри аканинг отаси ҳам бу кўҳна дунёни тарк этади.
Ўшанда фотиҳага келган Шароф Убайдуллаевнинг таъзиясини қабул қиларкан, Бўри Алламуродов у кишининг елкасига осилиб: “Отам-ку, майли, лекин Шароф отам ўлмаслиги керак эди” деб қулоғига секин пичирлаган экан…
Мана кеча шундай гапни айтган одам, бугун унинг суратини йўқотишни буюраяпти.
Ажаб дунё экан бу дунё…
22.
Умуман, Ислом Каримовнинг раҳбарлик фаолиятига синчковлик билан назар солинса, у кишининг хотин-қизлар масаласида ҳам хийла қаттиққўл ва диктаторларча муносабатини илғаш мумкин.
Бошқа давлат раҳбарлари (Масалан, СССР, Россия ва Франциянинг собиқ президентлари Михаил Горбачёв, Борис Ельцин ва Жак Ширак) каби оиласи таъсирига берилмаган.
Мен бу ерда Президент иштирок этадиган қабул маросимлари ва давлат зиёфатлари ҳамда хориж мамлакатлардаги расмий сафарларни назарда тутяпман.
Агар эътибор берган бўлсангиз, бундай ҳолатларда Ислом Каримовнинг рафиқаси бор ё йўқлигини биров билмай қолади.
Менинг назаримда Ислом аканинг бу сиёсати тўғри сиёсат…
23.
Майли, Мавзудан чалғимайлик.
Яна Мавлон Умрзоқовга боғлиқ бўлган анави воқеага қайтамиз.
Бир куни Мавлон ака: “Исматжон, ҳозир бир гап айтаман, шуни зудлик билан Ислом акага етказиш керак”, деб қолди. “Нима гап, ака?” дедим. “Шуни Ислом ака бугун билиши керак” деб таъкидлади Мавлон ака. “Ҳа, бўпти, нима гап ўзи?” дедим.
“Бакирхонов деган йигит Марказқўмнинг ишлар Бошқармасидан Президент девонига ишга ўтаётган пайтида жуда кўп ноёб гилам ва қимматбаҳо гарнитурларни ўзлаштириб юборди. Буни Зелемхон ака ҳам билади, лекин индамади”, деди.
Ҳозир ўша йигитнинг номи аниқ эсимда йўқ., ҳатто Зелемхон аканинг номини тилга олганини ҳам аниқ эслолмайман.
Лекин имо-ишорадан ва умуман бундай нохуш воқеадан сўнг калтакнинг бир учи Зелемхон акага келиб тегиши аниқ эди ( яна қайтариб айтаман, худо ҳаққи, мен ўшанда бундай бўлишини билмаганман).
Мавлон ака бир пайтлар ўша бўлимда молия сектори мудири бўлиб ишлаганини билардим. Бакирхоновни ҳам, Мавлон акани ҳам Зелемхон Ҳайдаров ишга олган эди.
Эҳтимол, ўшанда Мавлон ака ўзининг ўрнига Бакирхонов ўтиб кетиши мумкин деб ўйлаганми, ё кимдир “Зелемхон ака ўшани тавсия қилди” деганми, буниси менга қоронғу.
Ҳар қалай у киши ўшанда ўзининг тасдиқланмай туришини Зелемхон акадан кўрган, шекилли.
“Шу гапларни Ислом ака бугун билиши керак”, – деб такрорлади Мавлон ака.
Биз унинг кабинетида ўтиргандик.
М.Умурзоқовни ташкилий ишлар бўлимининг мудири этиб тайинлаш тўғрисидаги Буйруқнинг чиқишига бундай иғвогорона гапларнинг қандай алоқаси борлигини ҳеч тасаввур қилолмасдим.
Кейинчалик билсам, жуда катта алоқаси бор экан.
Ҳанузгача аниқ билмайман-у, лекин сездимки, тасдиқланмай турган одамга қандайдир туртки керак эди.
Нима бўлганда ҳам ёшлик қилдимми, тажрибасизлик ва ё ғўрлик қилдимми, ишқилиб, жуда катта хато қилдим…
24.
Воқеа бундай бўлган эди.
Тартиб-қоида бўйича Президент Девонга кираётган ва чиқаётган пайтда бир вақтнинг ўзида Давлат маслаҳатчиларига, Ишлар Бошқармаси раҳбари, ташкилий бўлим ҳамда соқчиларнинг бошлиғига, «Оқсарой» коменданти ва Президент хавфсизлигига масъул бошқа мулозимларга ҳам бу ҳақда хабар етказилади.
Мавлон акага ҳам худди шундай хабар етиб келди.
Шунда у киши: “Исматжон, Президент келяпти, ҳозир олтинчи қаватга кўтарилади” деди. “Нима қилай?” дедим. “Тезда лифтнинг ёнига бориб туринг, агар улгурсангиз, шундай-шундай деб айтинг!” деб йўл кўрсатди Мавлон ака.
Мен кабинетдан шитоб чиқиб, лифтнинг ёнига бордим ва тугмачасини босган заҳотим эшик очилди-ю, мен лифтга кириб олдим.
Биринчи қаватга тушдим.
Лифтдан чиқишим билан остонада оппоқ “Волга” келиб тўхтади.
Югуриб бориб машинанинг эшигини очдим. Аслида, бу мумкин эмас экан. Эшикни соқчи Зиёдулла очиши керак экан. Лекин у улгурмай қолди. Ислом ака машинадан тушаётиб, менга бир хўмрайиб қаради.
— Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим тавозе билан.
— Ҳа, бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрадилар.
— Юрибман-да, Ислом ака, бир гап бор эди, шуни Сизга айтишим керак.
Ислом ака Зиёдуллага имо қилдилар.
— Кирасизларми? – деди Зиёд.
Биринчи қаватда ҳам махсус бир хона бор экан. Биз биринчи хонага кирдик. У ерда ҳеч ким йўқ эди.
— Нима гап? – деб сўради Ислом ака.
Мавлон акадан эшитган гапларимни оқизмай-томизмай, ҳаяжон билан айтдим.
Менинг гапларимни эшитиб, бирдан Ислом аканинг авзойи бузилди.
Шунда хато қилганимни англадим. Лекин энди “ғишт қолипдан кўчган” эди.
— Бу гапларни сизга ким айтди? – деб сўрадилар кўзларимга тикилиб.
— Мавлон ака айтди, – дедим дадил.
— Яхши, – дедилар.
Зиёд эшикни очди, сўнг биргалашиб лифтдан тепага чиқиб кетишди…
25.
Турган жойимда мулзам бўлиб шалвираб қолдим. Олдингидек “раҳмат” ҳам демадилар, “хайр” ҳам…
Пинг бўлганимча, Мавлон аканинг ҳузурига ҳам кирмасдан ишхонамга жўнаб кетдим. Энди жойимга ўтирган эдим, бирдан ҳукумат телефони жиринглаб қолди. Кўтарсам, Мавлон ака экан.
— Исматжон, Ислом акага учрадингизми? Нима бўлди? – дедилар.
“Ҳа, учрадим, ҳамма гапни айтдим” деганимдан сўнг, “мени айтмадингизми ишқилиб?” – деб сўради у киши.
— Нега айтмас эканман, айтдим! – дедим жаҳл билан.
— Бекор қилибсиз, – деди Мавлон ака норози бўлиб…
Эртаси куни ишга борсам, тўполон бўлиб ётган экан. Мавлон ака мени уч-тўрт марта сўрабди. Ҳузурига бордим.
Маълум бўлишича, кеча Ислом ака ҳаммасини чақириб, Зелемхон акани ҳам, Мавлон акани ҳам, тик турғизи қўйиб, роса койибди. Ҳамма ҳайрон бўлиб, зир югурар экан.
— Ислом акага бу гапни ким айтди? Ким у кишига учрашди?
Президентнинг ёрдамчиси Крайновдан сўрасалар:
— Ҳеч ким учрашгани йўқ, -дермиш ҳайрон бўлиб.
Хайрият, биринчи қаватда учрашганимни ҳеч ким кўрмаган экан.
Ўша куни катта тўполон бўлади. Саройдагилар бу маълумот кимдан чиққанини аниқлай олмайдилар…
26.
Зелемхон ака менга кўп яхшилик қилган одам. Узоқ пайтгача у кишининг олдида хижолат чекиб юрдим.
Орадан бир-икки йил вақт ўтиб, Зелемхон ака тўй қилди. “Баҳор” концерт залининг орқасида – Анҳор бўйида шинамгина ошхона бор.
Агар эсингизда бўлса, Карим Баҳриевнинг уйланиш тўйи ҳам шу ерда ўтгани ҳақида олдинги бобларда ёзган эдим. Зелемхон ака ҳам тўйни шу ерда ўтказадилар.
Бу пайтда Мавлон ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси эди. Зелемхон ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишган эди. Тўйнинг охирларида кайфим ошиб қолди.
— Исматжон, ажойиб йигитсиз, – деди Зелемхон ака. Ёнида кеннойи ҳам бор эди.
Тўйда чин дилдан хизмат қилдим. Зелемхон ака мендан жуда хурсанд бўлди. Кўнглим эриб турган пайтда кўп йиллик хижолатпазликдан қутулмоқчи бўлиб:
— Зелемхон ака, мен Сизга бир марта хиёнат қилганман, – дедим дабдурустдан.
Даврада Мавлон ака йўқ эди, лекин бошқаларнинг капалаги учиб кетди. Янга ҳайрон бўлиб менга тикилди.
— Ҳазилни қўйинг, – деб ишонмади Зелемхон ака.
— Ўшанда Сизни Президентга мен ёмонлагандим, – деб воқеани айтиб бердим. Узр сўрадим.
Зелемхон ака мени маҳкам қучоғлаб олди:
— Э-э, Исматжон, ўша одам сизмидингиз?! Лекин ўшанда нотўғри маълумот етказилган эди. Президент мени обориб-опкелдилар. Сизга ўша гапни ким айтган эди? – деб сўрадилар.
У кишига ҳам ростини айтдим:
— Мавлон ака айтган эди, – дедим. – Ака ўша гапни айтганимга ҳам икки-уч йил бўлиб қолди, лекин жуда қийналиб кетдим…
— Исматжон, мен сизни шунинг учун ҳам яхши кўраман, – деди Зелемхон ака…
Эртаси куни Мавлон ака дарғазаб бўлиб телефон қилди:
— Дарҳол олдимга етиб келинг! – деди. – Ўша гапни мен сизга қачон айтган эдим?
Девонга бордим. Умрзоқов мендан қаттиқ ранжиган эди.
Биргалашиб Зелемхон аканинг кабинетига кирдик. Албатта, Мавлон ака ўша гапни айтганини тан олмади. Зелемхон ака ҳаммасини тушунди, лекин индамади…