Исмат Хушев: Президентнинг Давлат маслаҳатчилари (2-том, 37-боб) 1
“Дунё ўзбеклари”дан:
Яна бир неча соатлардан сўнг журналист Исмат Хушев қаламига мансуб “Президент эркасининг саргузаштлари” номли сиёсий хотиралар китобининг навбатдаги боби эълон қилинади.
“Президентнинг Давлат маслаҳатчилари” деб номланган ва ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган бу янги боб – Президентнинг тўқсонинчи йиллардаги энг қудратли Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига бағишланади.
Мавлон Бобожоновичнинг сиёсий портретига баҳо бериш асносида Исмат Хушев Ўзбекистон Президентининг энг биринчи давлат маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, ажойиб инсон Шаҳобиддин Зиёмов фаолиятига ҳам тўхталиб ўтади.
Шу билан бирга тўқсонинчи йиллардаги Президент маслаҳатчилари Бахтиёр Назаров, Усмон Азимов, Алишер Азизхўжаев, Тимур Алимов, Тўхтапўлат Рисқиев, Бахтиёр Ғуломов ва Исмоил Жўрабековлар ҳақида ҳам ўз субьектив фикрларини баён қилади.
Хусусан, ўзи яхши билган Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов сиёсий инқирози сабабларини таҳлил этишга ҳаракат қилади. Унинг яхши ва ёмон томонларини қаламга олиш билан бирга, Исмат Хушев ўзини ҳам аямайди. Қамоқ жазосидан қутулиб қолиш илинжида Умрзоқов масаласида МХХ раиси Ғулом Алиев номига хат ёзганини ҳам “Президентнинг Давлат маслаҳатчилари” номли бу бобда очиқ ойдин тан олади.
Шу билан бирга Исмат Хушев Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги бемаъни одатлар – Президент Давлат маслаҳатчиларининг ҳукумат ишига – Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига ҳуда беҳуда аралашиш оқибатларига ҳам эътибор қаратади.
Довруғли ҳукумат раиси бўлган Шукрилла Мирсаидов Президент обрўсига “соя солган” аччиқ тажрибадан келиб чиқиб, Ислом Каримов тамоилга киритган Президент Девони томонидан туну кун “Ҳукуматни назорат қилиш” практикасини танқид қилади.
Хусусан, Ўзбекистон вазирларининг – ҳам Вице Премъерлар ва ҳам Давлат маслаҳатчилари томонидан эртаю кеч, тинимсиз назорат қилинишини кескин қоралайди.
Вазирларга эркинлик берилиши ва ҳукумат мустақил ишлаши учун Президент Девони, хусусан Давлат маслаҳатчилари роли ва таъсирини камайтириш лозимлигини, улар бир бирини дублировать қилишига барҳам бериш вақти аллақачон етиб келганлигини таъкидлайди.
Нашримизни кузатиб боринг.
Суратда: Ўзбекистон Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўртада) журналистлар Исмат Хушев (ўнгда) ва Карим Баҳриев (чапда) лар билан Девондаги ўз кабинетида.
25 апрель, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ПРЕЗИДЕНТНИНГ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ
ЁКИ МАВЛОН УМРЗОҚОВНИНГ СИЁСИЙ ПОРТРЕТИГА ШАРҲ
(2 китоб, 36 боб).
Суратда: Ислом Каримовнинг орқа планида – чапдан биринчи: Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, Ташқи Ишлар вазири Шало Маҳмудова, Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев ва Бош вазир Шукрилла Мирсаидовлар Москвада. Кремль, 1992 йил.
МУҚАДДИМА
Қадим замонларда шоҳ ва подшоларнинг ёрдамчилари – маслаҳатчи ва вазирлари бўлган. Баъзан уларни девонбеги деб ҳам аташган.
Ҳусайн Бойқаро ва Мир Алишер Навоийлар қадим, қадим замонларда вазир бўлганлари ҳақида эшитган ва ўқиганмиз.
Ислом Каримов ҳам Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланганидан кейин ана шу ақидаги амал қилиб элу улусда яхши танилган, истеъдодли кишиларни, зиёлиларни ўз атрофига тўплай бошлади…
БИРИНЧИ НОМЕРЛИ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ
1990 йилнинг март ойида чақирилган Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессияси — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари Ислом Каримовни мамлакат Президенти этиб сайлагани ҳақида Қарор қабул қилади.
Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши баробарида мамлакатда Компартия раҳбарлигидан секин аста Президентлик бошқарувига ўтиш жараёни бошланади.
1991 йилги август Путчидан сўнг эса бу жараён ниҳоятда тезлашиб кетади.
Москвадаги давлат тўнтаришидан роппа роса ўн кун ўтиб – Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритди. СССР да биринчи бўлиб Ислом Каримовни Президент этиб сайлаган Ўзбекистон Олий Кенгаши яна биринчилардан бўлиб давлат мустақиллигини эълон қилди.
Шу пайтга қадар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида идеология бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб келган тарихчи олим, ажойиб инсон Шаҳобиддин Сирожевич Зиёмов республика тарихида биринчи бўлиб – Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси деган янги лавозимга тайинланди.
Мен Шаҳобиддин ака билан яхши таниш эдим. “Саодат” журналидаги “ҳангомалар” боис Москвадаги “Советская культура” газетаси мени “Чужой среди своих” номли мақоласи билан оқлаб чиққанидан сўнг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ҳам менга нисбатан ўз муносабатини бир қадар ўзгартиради.
Лекин барибир ишга тиклаш ва номимни оқлаш масаласида ҳали анча курашиш керак эди.
1989 йилнинг 23 июнь кунги Пленумда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланганидан сўнг мени Олий Раҳбариятга – Ислом Каримов ҳузурига таклиф этган биринчи мулозим ҳам айнан Шаҳобиддин Зиёмов эди.
Бу ҳақда “Президент эркатойининг саргузаштлари” номли иккинчи китоб муқаддимасида батафсил ёзилган.
Шаҳобиддин Зиёмов мен шу пайтга қадар учратган Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги кам сонли иймон эътиқодли, тажрибали ва билимли мулозимлардан бири эди.
У киши оғир, босиқ, кўнгилчан ва ажойиб бир инсон эдилар. Ниҳоятда
Самимий ва меҳрибон бу одамдан яхшилик кўриб Ўзбекистон раҳбарияти ҳақида яхши ва илиқ тасаввурга эга бўлган одамлар ватанимизда жуда кўп…
2.
Шу ўриндаўқувчиларда бугунги қаҳрамонимиз ҳақида маълум биртаассурот пайдо бўлиши учун “Президент эркатойининг саргузаштлари” номли китобидаги Шаҳобиддин Зиёмовга бағишланган қисмини кўчириб босишга қарор қилдим:
Иккинчи китобнинг 7 боби
МИРСАИДОВ БИЛАН ТАНИШУВ
2.
Назаримда ўша кунлари ҳеч ким Ислом Каримовни менчалик яхши билмасди. Ўз-ўзидан равшанки, ҳеч ким Ислом Каримовга менчалик ишонмасди ҳам.
Мен бу инсонга қаттиқ ишонардим. Шунинг учун ҳам у кишининг номига телеграмма жўнатган эдим.
Ўша пайтда Шаҳобиддин Зиёмов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида мафкура бўлимининг мудири эди.
Ишонасизми-йўқми, эртаси куниёқ, мени ишхонамдан сўраб-суриштирибди. Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоевга: «Шошилинч равишда Исматжонни топиб, Марказқўмга жўнатинглар. Катта шундай топшириқ берди», дебди.
Дарҳол мени топдилар. Ш.Зиёмовнинг қабулига бордим.
Илгари ҳам Марказқўмга уч-тўрт марта чақиртирилган бўлсам, у ёқдан фақат дашном эшитиб қайтардим. Нуқул жанжалларга сабаб бўладиган маколалар ёзганим учун Марказқўмдагилар ҳам мендан безор бўлганди: «Бу боладан қачон қутулар эканмиз?» деб юришарди.
Лекин, бу сафар мени бошқача мулозамат билан кутиб олишди.
Э-э, Исматжон, бормисиз?! Бола-чақалар омонми? – деб қуюқ сўрашди Зиёмов.
Гўё мен бир думалаб ўзгариб қолгандай эдим.
Лекин сир бой бермадим, қани, яна нима деркин деб сабр қилдим.
— Исматжон, Катта сиз ҳақингизда яхши фикрда экан. Чақириб гаплашинг, яхшироқ бир иш топиб беринг, деб топшириқ бердилар, – деди у. – Қолаверса Ислом акани биринчи секретарь бўлганидан кейин табриклаб юборилган энг биринчи телеграмма ҳам Сиздан келди…
Рости, шу тобда Катта мени қабул қилармикан деб ҳовлиқиб тургандим.
— Сизга муносиб бир иш топиб беришимиз керак, – деб яна такрорлади Зиёмов.
— Бўпти, мен обкомга биринчи секретар бўламан, – дедим пинак бузмай.
Зиёмовнинг капалаги учиб кетди. Билмадим, у нима деб ўйлади. Чамамда, бирорта область партия ташкилотининг биринчи секретарлигини сўраяпти, деб ўйлади, шекилли.
Лекин мен Қарши пединститутининг комсомол ташкилотидан мажбурий равишда ишдан кетган эмасманми, шу боис ҳамон Қашқадарё область комсомол комитетининг биринчи секретари бўлиб бориш орзусида юрардим.
— Қашкадарё область комсомол комитетининг биринчи секретарлиги лавозимини сўраяпман, – деб изоҳ бердим.
— Э, ука, шунака демайсанми! Мен партия комитетини сўраяпсан деб ўйлапман! – деди Зиёмов енгил тин олиб. -Бўлмаса, сен шошмай тур, – деди-ю, ҳайҳотдек кабинетда мени ёлгиз колдириб, ўзи ташқарига чиқиб кетди.
Бир-икки пиёла чой ичиб кутиб ўтирдим. Зиёмов бошқа хонадан Каттага телефон қилдими ёки олдиларига кириб чиқдими, билмайман, аммо кабинетига қайтиб киргач:
— Бўпти, Қашқадарёга янги раҳбар тайинланганидан сўнг, Қаршига бораверсин, – дедилар, – Бориб, Ҳаққуловга учрар экансиз, – деб Зиёмов мени қабулхонасигача кузатиб қўйди…
3.
Орадан кўп ўтмай Қашқадарёда – Ислом аканинг ўрнига янги раҳбар тайинланганидан сўнг Зиёмов менга телефон қилиб, Қаршига боришим мумкинлигини айтди.
Ўша пайтлари Қаюм Жалилович Ҳаққулов Қарши шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари эди.
(Кейинчалик у киши Ўзбекистон xукуматида Бош вазир ўринбосари бўлиб, республикадаги нефт ва ёғ мой маҳсулотларини назорат қилади).
Зиёмов Марказқўмдан самолётга чипта «брон» қилдириб берди. Мен Қаршига учиб кетдим.
Бир пайтлар ўзим ҳайдалган шаҳарга энди жуда катта орзу-умидлар билан кириб бордим. Аэропортдан тўппа-тўғри горкомнинг биринчи секретари Қаюм Ҳаққуловга бориб учрашдим.
Қаюм ака қора қош, қора соч, оғир-босиқ, келишган одам экан. У кишига Тошкентдан қўнғирок килишибди. Шундай бўлса-да: «Ислом ака юбордилар» деб эслатиб кўйишни лозим топдим…
— Обкомга секретарь бўлишим керак, – дедим дадил у кишига ҳам.
Қаюм ака кулимсираб кўйди. Сўнг:
— Агар сен, Исматжон, горком комсомолининг биринчи секретари бўламан десанг, эртагаёк фавқулодда Пленум чақиртириб, ўша вазифани олиб беришим мумкин. Чунки горком комсомол менинг қарамоғимда, аммо обком комсомолнинг хўжайини бошқа киши. Агар обком комсомолга биринчи секретарь бўламан десанг, уни обкомнинг биринчи секретари Алихон Раҳматович Отажонов ҳал қилади, – деди.
Бир пайтлар Лозицкий эгалик килган ва менинг партиявий масалам бир неча маротаба муҳокама этилган бу машҳур кабинетда биз Қаюм Жалилович билан қандай қилиб биринчи секретарь бўлишим тўғрисидаги долзарб масалани узоқ муҳокама қилдик.
Айтмоқчи, Ислом ака Кашкадарёга биринчи секретарь бўлиб боргандан сўнг, орадан кўп ўтмасдан, Лозицкийни Каршидан кувиб юборади. Кайтар дунё, дейдилар. Лозицкий ҳам менинг ортимдан Тошкентга келади, лекин бу ерда ҳам қўним топмасдан қайси гўргадир гумдон бўлади…
Кечга якин биз Қаюм ака билан обкомнинг дачасига бордик. Алихон Раҳматович мажнунтоллар билан ўралган ана шу сўлим гўшада бизни кутаётган экан.
Хабарингиз бор, биз у киши билан Москвадаги «Россия» меҳмонхонасида бир дастурхон теварагида ўтириб улфатчилик қилган эдик. У киши ўшанда Госпланнинг раиси эди. Ислом ака Марказкўмнинг биринчи секретари бўлгач, кўп ўтмай Алихон Раxматовични Қашқадарёга «биринчи» этиб тайинлайди.
Демак, бизнинг обком дачасидаги учрашувимиз, тахминан, 1989 йилнинг июль ойида рўй беради.
Алихон Раxматович бизни очиқ чеҳра билан кутиб олади, ўтган-кетган гапларни эслайди. Суҳбат маромига етгач, муддаога кўчади.
— Исматжон, обком комсомолнинг биринчи секретари Муҳаббат Саидмуродова бўлади. Эҳтимол, у қизимиз Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясида ўқиётгани учун, сизга шу вазифа таклиф этилгандир, лекин мавжуд тартиб бўйича, М. Саидмуродованинг ўрни сақланиши керак. Сизни вақтинча ишга олиш мумкин, холос. Агар Саидмуродовага бошқа иш топиб берсин десалар, майли, мен маслаҳатлашиб кўраман. Унгача сизларҳам яна бир кенгашиб олинглар, – деди Алихон Раҳматович.
Қарши горкоми талаби билан шаҳар комсомол қўмитаси мени партиядан ўчиришда жонбозлик кўрсатганида айнан Муҳаббат Саидмуродова обкомнинг хайрихоҳлиги билан мени ҳимоя қилиб чиққан эди.
Ана шу қилган яхшилиги учун ҳам аёл киши билан жой талашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим ва эртаси куниёқ Тошкентга қайтиб кетдим.
Тошкентга келиб яна Зиёмовга учрашдим. Зиёмов яна Каттанинг олдига чиқиб кетди. Қайтиб тушиб:
— Бўлмасам, Тошкентда қолақолсин дедилар. – Мирсаидовга учрашар экансиз…- деди.
У пайтларда Шукрулла Раҳматович Мирсаидов Марказкўмда Ижтимоий-иктисодий бўлим мудири эди.
Аслида, Қашкадарёда обком комсомолнинг биринчи секретари бўлишга иштиёқим жуда баланд эди. Аммо Ислом ака иккинчи марта яна А.Р.Отажоновдан илтимос килишни истамадилар, шекилли.
«Мен айтгандан кейин кўявермайдими!» деб жаҳллари чиққан бўлса ҳам ажаб эмас…
5.
Хуллас, мен Шукрулла Раxматовичга учрашадиган бўлдим.
Зиёмов рухсатнома (пропуск) ёздириб берди. Марказқўм биносининг тўртинчи қаватига чиқдим. Мирсаидовнинг қабулхонасида қирк минутча кутиб ўтирдим.
Одамлар киряпти, чиқяпти. Мен бўлсам, қачон чақирар экан деб, ўтирибман.
Бир пайт қўш қаватли эшик очилиб, ичкаридан аввал паға-паға сигарет тутуни кўринди, сўнг кашанданинг ўзи қабулхонага чиқиб келди.
Сигаретни бу қадар жон-жаҳди билан чекадиган одамни биринчи кўришим эди.
— Мана, қирқ беш минут бўлди, – деди у котибасига, – Исмат Хушев деган одам шу пайтгача келмадими?
У ниҳоятда чарчаган, юзлари бўғриқиб кетган, бўйинбоғи бўшатилган бир алфозда эди.
— Исмат Хушев мен бўламан, – дедим ўрнимдан сапчиб туриб.
Ажабки, айнан шу киши боядан бери икки-уч марта қабулхонага чиқиб, кабинетига қайтиб кириб кетган эди. Мен уни «Мирсаидовнинг югурдакларидан бўлса керак» деб ўйлаган эдим.
Номини кўп эшитган эдим-у, аммо ўзини кўрмагандим.
— Э-э,! – деди Шукрулла Раҳматович сигарет тутган қўлини баланд кўтариб. – Сенмисан?! Сани боя кўрган эдим-ку! Лекин Ислом акам юборадиган одамга сира ўхшамайсан-да! – деб худди эски танишлардек қўлимни маҳкам сиқиб сўрашди. – Қани, юр! – Шукрулла Раҳматович мени баҳайбат кабинетига бошлаб кирди.
У самимий инсон экан. Мен ҳали унинг олдида ёш бола эдим, қотмагина эдим.
Кабинетга киришимиз билан:
— Мани танийсанми? – деб сўрадилар.
Албатта, мен ҳам анойи эмас эдим. У кишининг олдига келишдан олдин жиддий тайёргарлик кўрган эдим:
— Таърифингизни кўп эшитганман, Шукрулла ака! Тошкент горкомининг секретари Сатинга қарши курашганингизни ҳамма билади, «Алгоритм» кварталига Россиядан кўчириб келтирилаётган «меҳмонлар»ни аэропортдан орқасига қайтариб юборганингизни ҳам, янги уйларни ўзбекларга, шу жумладан, Нурулла Отахонов деган қўқонлик ёзувчига ажратиб берганингизни ҳам биламан! Раҳмат, ака! – дедим қўлларимни кўксимга қўйиб.
Шукрулла Раҳматович хурсанд бўлиб кетди.
— Яхши, яхши, хабардор экансан!
— Сиздек миллатпарвар инсон билан учрашиб турганимдан ниҳоятда хурсандман, Шукрулла ака!
Раҳбарларга ёқадиган гаплар айтиб, хушомад қилишни яхши ўрганган эдим…
Қолаверса, Мирсаидовнинг ўзбекпарварлиги ўша пайтларда достон бўлиб кетганди. Ислом ака ҳам бекорга бу инсон билан дастлабки кунлардан эътиборан ҳамкорликни йўлга қўймаган эди.
Шукрилла Мирсаидов ўзим ва оилам ҳақида суриштирди, отамнинг касби ва нима иш қилишини сўради.
— Бўлмасам, гап бундай ука. Ислом ака манга сан тўғрингда яхши гапларни айтди. Биз сани одам қилишимиз керак экан. Шундай қиламиз ҳам. Лекин мен ҳозир шошиб турибман. Ука, сан бир xафта дамингни оласан; аниқроғи, беш кун кутасан. Жума куни кечқурун «Ахборот»дан Марказкўм Бюросининг қарорини ўқиб эшиттиришади… – Шукрулла Раxматович шундай деб мени деразанинг ёнига бошлаб борди-да, ҳозирги Мустақиллик майдонидаги «Министрлар уйи»ни ва бериги тарафдаги етти қаватли “Ҳукумат биноси” ни кўрсатди.
— Биламан, – дедим.
— Бериги бинонинг ярмида «Госплан» идораси жойлашган. Ман яқинда ўша жойга Раис бўлиб ўтаман. Фармонни эшитган кунинг ёки эртасига ҳузуримга келаверасан! – деб қўлимни маҳкам сиқиб қўйди-да, сўнг қабулхонагача кузатиб чиқди.
Мен у кишининг ҳузуридан қушдай учиб чиқиб кетдим…
(Мирсаидов билан танишув” номли 7 бобдан парча тугади)
2.
Шаҳобиддин акадаги одамлар билан яхши муомила қилиш одоби ва юксак маданият – мени ҳамиша ўзига мафтун этарди.
Кейин билсам, у кишининг оталари ҳам ўз даврида юксак мартабаларда ишлаган, Ўзбекистоннинг таниқли ва фидойи фарзандларидан бўлган эканлар.
Шаҳобиддин Зиёмовнинг оталари ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Ишлар Бошқарувчиси (Управделами) бўлиб ишлаганлар. Сўнг республика коммунал хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритганлар.
Узоқ йиллар республика миқёсидаги масъул вазифаларда ишлаган таниқли давлат ва жамоат арбобининг ўғли бўлган Шаҳобиддин Зиёмовнинг ҳаётида кўпларга сабоқ бўларли яна бир воқеа борки, биз бугун уни ҳам четлаб ўтолмаймиз.
Гап шундаки, ёш ва истиқболли тарихчи олим Шаҳобиддин Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Нуриддин Акромович Муҳиддиновнинг қизига уйланган, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарига куёв бўлган.
Лекин ҳаёт ҳамиша турли туман тасодифларга, зиддият ва маломатларга тўла бўларкан. Айниқса, Сиз катта ва довруғли оиланинг фарзанди ва ё куёви бўлсангиз.
Бешафқат ҳаётнинг ана шундай нохуш ва кутилмаган “сюпризи” не кулфатки, Шаҳобиддиннинг бошига тушди. У қурган оила кўпга чўзилмади. Ўзбекистон раҳбарининг эрка ва тантиқ қизига кўнгил қўйган содда ва ишонувчан ёш олимнинг ишқ ва муҳаббати, ойдин ва беғубор орзулари чилпарчин бўлиб, саробга айланди…
У катта матонат билан ўзини қўлга олиб, оиласи билан ажралишга қарор қилди. Ажабки, бу пайтда Шаҳобиддининг қудратли қайнотаси, не тонгки КПСС Марказий Комитети секретари, Полит Бюро аъзоси бўлиб Москвага кўтарилиб кетган эди.
Лекин Нуриддин Акромовичнинг бу шон-шуҳрат ва қудрати ҳам ор-номусли, диёнатли йигитни бу қалтис қароридан қайтаролмади…
Унинг шахсий ҳаётидаги мана шу бахтсизлик ва омадсизлик асоратидан яхши хабардор бўлган Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти имкон қадар уни қўллаб қувватлашга, ўксиган ва ҳақоратланган дилига малҳам бўлишга ҳаракат қилди.
Кейин албатта Шаҳобиддин Зиёмов қайта уйланиб, бахтли саодатли умр кечирди. Бири биридан ширин фарзандларга ота бўлди.
Мен ҳар сафар Марказий Комитет котиби Холмуҳамедов Мўтал Ҳошимовчи бош бўлган идеология бўлими мудири, тарих фанлари доктори Шаҳобиддин Зиёмов ҳузурига борарканман, унинг ўйчан қарашларида зуҳурланиб қолган мунгни кўриб: “Нега бунча ғамгин бу одам?” деб ўз ўзимга кўп бор савол берганман.
Унинг таҳқирланган ва ҳақоратланган ўксик дилидан, биринчи оиласи томонидан юрагида муҳрланиб қолган жароҳат тиғидан, у пайтларда тамомила бехабар эдим…
3.
Юқорида айтганимиздек, Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, Шаҳобиддин Зиёмов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология бўлми мудирлигидан Ўзбекистон Президентининг биринчи рақамли Давлат масалаҳтчиси этиб тайинланади.
“Биринчи рақамли” деганимиз том маънодаги биринчиликни англатади. Шаҳобиддин ака Ислом Каримов имзоси билан Ўзбекистон Президентлиги бошқаруви тарихида биринчи рақамли Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган бўлса, уни таниган ва билган, у билан бирга ишлаган кишилар назарида ҳам у ўз одамийлиги, ҳалол ва камтарлиги, фидойилиги билан ҳамиша тўғри ва яхши маънодаги “биринчи” шахс бўлиб қолди.
Лекин афсуски, ўз халқи ва Ватани учун беминнат хизмат қилган, бетакрор истеъдод соҳиби, моҳир ташкилотчи ва тадқиқотчи бўлган шундай фидойи ва ажойиб бир инсон умрининг сўнги йилларини хорлик ва ночорликда ўтказиб, вафот этди…
4.
Ҳали шундай даврлар келадики, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган, янги ўзбек давлатчилиги шаклланган пайтда унинг тамал тошини қўйишда Ислом Каримов билан ёнма ён туриб, иштирок этган Шаҳобиддин Зиёмов каби фидойи ва табаррук инсонлар номи қайта тикланади ва яна эл юрт муҳаббатига сазовор бўлади!
Шаҳобиддин Зиёмовдан сўнг секин аста бошқалар ҳам Президентнинг Давлат маслаҳатчилари этиб тайинланади.
Бахтиёр Назаров, Мавлон Умрзоқов, Вясечлав Голышев, Алишер Азизхўжаев, Бахтиёр Ғуломов, Тимур Алимов, Тўхтапулат Рисқиев, ва бошқалар Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб Президентнинг Давлат маслаҳатчилари этиб тайинланган эдилар.
Лекин Ислом Каримовнинг ўзига маслаҳатчи қилиб тайинлаган энг биринчи ёрдамчиси сифатида Сирожиддин Зиёмовнинг номи барибир тарих саҳифаларида, уни яхши ва яқиндан билган дўстлари ва сафдошлари хотирасида абадул абад яшаб қолишига менда шубҳа йўқ…
ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ АКАДЕМИК
1.
Шаҳобиддин Зиёмовдан сўнг унинг ўрнига адабиётшунос олим, академик Бахтиёр Назаров (суратда) Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Унинг Девонга келиши – Ислом Каримов раҳбарлигидаги янги ҳукуматнинг ўзбек адабиёти вакиллари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш орзуси билан боғлиқ эди.
Бир пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котиби бўлиб ишлаган Оқил Умрзоқович Салимов, Раъно Ҳабибовна Абдуллаева, Мўтал Ҳошимович Холмуҳамедов, Комил Юсупович Юсуповлар ўтирган МарказҚўмнинг бешинчи қаватидаги -деразалари Анҳорга қараган кенг ва мўҳташам кабинетда энди сарой вазирлари – Ўзбекистон Президентининг мафкура ишлари бўйича Давлат масалаҳтчиси этиб тайинланган мустақил давлат мулозимлари ўтирардилар.
Раҳматли Шаҳобиддин Зиёмов Давлат маслаҳатчиси бўлганида биз каби – кабинет кўрки ва дабдабаларига, мансаб шон шуҳрати ва ас-асаларига унчалик қизиқмасди. Олим одам-да. Ўз касби ва вазифасига муносиб одамлар одатда шундай – камтар ва камсуқум бўлишади.
Бахтиёр Назаров ҳам худди Шаҳобиддин Зиёмов каби инсоф ва диёнатли, ҳалол ва фидойи, истеъдодли ва заҳкаткаш олим. Асли тошкентлик бўлган Бахтиёр Назаровнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб келиш тарихи ҳам жуда қизиқ…
2.
Михаил Горбачевнинг КПСС Марказий Комитети Бош секретари бўлиб тайинланиши асносида мамлакатда бошланган қайта қуриш ва ошкоралик шабадалари Ўзбекистонга ҳам етиб келган муборак кунларнинг бирида Бахтиёр Назаров Тошкентдаги Адабиёт институтига биринчи бор сайлов йўли билан директор этиб тайинланади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша – Адабиёт институтига янги директор сайлаш масаласи катта шов шув ва мунозарага сабаб бўлганди. Бунинг сабаби шуки, институтга йигирма йилдан бўён фақат бир одам – академик Матёқуб Қўшжонов раҳбарлик қилиб келди. Агар Москвада бошланган ошкоралик шабадалари ўзбекларга ҳам етиб келмаганида, у киши ҳали вери ўрнини бировга бўшатиб берадиган анойилардан эмас эди.
Институт директорлиги сайловига номзоди қўйилган олимлар ва ёзувчилар сони юзга яқин эди десам, муболаға бўлмас. Бошқалар қаторида – таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафуддинов, профессор Лазиз Қаюмов каби машҳур кишилар ҳам ўз номзодларини илгари суришган эди.
Йиғилишни Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Вице Президенти, академик Эркин Юсупов олиб борганди. Ўшанда нима бўлди-ю, ошкоралик шарофати билан “Сайла сайла” сиёсати натижасида – олимлар орасида ўзига яраша таниқли бўлса-да, лекин ҳеч кимнинг хаёлида бўлмаган Бахтиёр Назаров номзоди олдинга сурилди ва ғалаба қилди…
3.
Ростини айтиш керак, Бахтиёр Назаровнинг Ўзбекистон зиёлилари орасида биринчи маротаба сайлов йўли билан Адабиёт институти директори этиб сайланишида Фанлар Академиясининг, хусусан йиғилишга раислик қилган академик Эркин Юсуповнинг хизмати катта эди.
Истеъдодли шоиримиз Абдулла Ориповнинг: “Омад деганлари дунёда бор гап, Бу ерда ҳар қандай хурофот бекор”, – деб бошланувчи яхши бир шеъри бор. Бахтиёр Назаров ҳам омадли олимлардан экан. Ошкоралик боис – Адабиёт институтига директор этиб сайланган бўлса, Мустақиллик шарофати билан – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Ўрнига яна бир омадли олим, академик Тўра Мирзони директор этиб қолдириб, ўзи Президент Девонига ишга ўтади.
Бахтиёр Назаровнинг – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланишида ҳам, ажабки, академик Эркин Юсуповнинг бевосита алоқаси бор…
4.
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида 1989 йилнинг май ойи охирларида – СССР халқ депутатларининг 1-сеъздини ёритиш учун Москвага сафарбар этилганимда Эркин Юсупов билан биринчи маротаба танишиб, бир неча бор суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган эдим.
СССР халқ депутатлари яшайдиган Кремлнинг шундоққина рўпарасидаги “Россия” меҳмонхонасида академик Эркин Юсуповни – Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Аҳмаджон Мухторовлар даврасида тез тез кўриб турардим.
30 май куни бошланган анжуман 12 июнда якунланди.
Орадан бир ой ўтар ўтмас 1989 йилнинг 23 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланади. Мен – ҳаётимнинг энг ёруғ ва ўчмас хотирасига айланиб қолган ўша унутилмас тарихий кунлар ҳақида иккинчи китобнинг дастлабки бобларида баҳоли қудрат ҳикоя қилганман.
Демоқчи бўлганим шуки, академик Эркин Юсупов Ислом Каримов билан аввалдан яхши ва дўстона муносабатда бўлган. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан кейин академик дўстининг кадрлар бобидаги таклиф ва тавсияларига алоҳида эътибор билан қараган.
Бахтиёр Назаровнинг Давлат масалаҳтчиси этиб тайинланишини — Президент Ислом Каримов билан академик Эркин Юсупов орасидаги ана шундай яқин ва дўстона муносабатнинг энг яхши ва самарали ютуқларидан бири деб баҳолашни истардим…
5.
Шу ўринда икки оғиз сўз академик Эркин Юсуповнинг ўзи ҳақида.
Эркин Юсупов – Ўзбекистон Фанлар Академиясининг биринчи Вице Президенти ва СССР Олий Советининг депутати эди. Бахтиёр Назаровни Адабиёт институтига директор қилиб тайинлаганидан сўнг, у кишининг ўзлари ҳам ТошДУ га ректор бўлиб ишга ўтдилар.
Эркин Юсупов ҳалол ва адолатли инсон сифатида Ўзбекистон зиёлилари ва илм фан аҳли орасида академик Иброҳим Мўминовдан кейин алоҳида ўрин тутган, юксак мавқе ва нуфузга эга бўлган бетакрор олим эди.
Яна шуни таъкидлашни истардимки, Эркин Юсупов Ўзбекистондан -академик Обид Содиқовдан кейин иккинчи бўлиб СССР Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган эдилар…
6.
Ана шундай таниқли академик тавсияси билан Бахтиёр Назаров адабиёт ва маънавият бўйича Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланади. Бахтиёр Назаров юқорида айтганимиздек собиқ Марказқўмнинг бешинчи қаватида – Шаҳобиддин Зиёмов ўтирган машҳур кабинетда ўз фаолиятини олиб борди.
Лекин унинг бу лавозимдаги фаолияти узоқ давом этмади. У бошқарган соҳаларни Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Мавлон Умрзоқов ўзига қўшиб олганидан сўнг, Бахтиёр Назаров 1992 йилдан эътиборан – Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб Девондан четлатилади. Сўнг бу ердан ўзи бир пайтлар директорлик қилган Адабиёт институтининг секторига мудир бўлиб ишга ўтади…
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Кечагина Ўзбекистон Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган академик, энди Фанлар Академияси қошидаги Адабиёт институтининг оддий бир институтига сектор мудири бўлиб ишлай бошлайди…
7.
Бахтиёр Назаров ва бошқаларнинг академиклиги ва умуман Фанлар Академияси ҳақида гап кетганида яна бир мулоҳаза борки, фурсатдан фойдаланиб уни ҳам айтиб ўтишим керак.
Ислом Каримов раҳбарлиги даврида Ўзбекистонда жуда кўп тарихий воқеалар бўлди, буни инкор этолмаймиз. Лекин шу билан бирга, баъзан тарихда бўлмаган шундай воқеалар ҳам бўлдики, булар ҳақида ҳам гапирмай ўтолмаймиз.
Ана шундай воқеалардан бири – Ўзбекистондаги барча академикликка номзодларнинг бира тўла Академик этиб сайлангани бўлди. Ўзбекистон янги раҳбарининг истак ва хоҳиши билан барча аъзо ва аъзоликка номзодлар бир юмалаб – Академик фахрий унвонига сазовор бўлишди.
Шу шу – Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳеч ким ҳисоблашмай қўйди. Унинг олдинги обрў эътибори ва нуфузига кўз тегди, ундан путур кетди. 1994 йилдан бўён Фанлар Академиясининг умумий йиғилиши чақирилмайди, сайлов ўтказилмайди. Бу дегани – бирорта ҳам ёш олим, мана салкам йигирма йилдирки – илмий унвон олиш имкониятидан маҳрум, Академиклар сафига кириб боролмайди…
8.
Шуҳрат Эгамбердиев деган истеъдодли олим йигирма йилдан бўён Тошкентдаги Астрономия илмий-текшириш институти директори. Ломоносов номидаги Москва Давлат университетини имтиёзли диплом билан битирган бу қобилиятли ва салоҳиятли олим шу давр мобайнида институтни жаҳон миқёсига олиб чиқди.
Дунё олимлари Тошкент Астрономия институти билан ҳисоблашадиган бўлишди.
Кейинги йилларда кашф этилган дунёдаги бир нечта янги юлдуз ва планеталар Улуғбек, Самарқанд деган – биз учун азиз ва қадрдон бўлган номлар билан аталди. Жаҳон миқёсидаги бу илмий изланиш ва кашфиётларда институт директори Шуҳрат Эгамбердиевнинг хизмати чексиз.
Лекин ажабки, юқорида келтирилган – “тарихда бўлмаган” сабаблар боис шундай довруғли олим ҳам Ўзбекистон Фанлар Академияснинг илмий ҳайъатида то ҳануз ўз муносиб ўрнига эга эмас…
9.
Майли, яна ўз мавзуимизга – Биринчи рақамли Давлат маслаҳатчиси бўлган академик Бахтиёр Назаровнинг кейинги тақдирига қайтсак.
Бахтиёр ака юқорида айтганимиздек, очиқ кўнгил ва самимий, дилкаш одам. Шу билан бирга – атоқли ва эл суйган адабиётшунос олим, академик бўлишига қарамай ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон.
Лекин таниқли ва машҳур кишилар учун ўта камтарлик ҳам баъзан ортиқчалик қиларкан. Олим одамда, хусусан адабиёт оламидаги зукко ва теран таҳлилчига эътиқод ва принцип ҳам керак экан.
Адабиёт институтида сектор мудири бўлиб қолган собиқ давлат мулозими кейинги йилларда ўзбек адабиёти ҳақидаги бир қатор йирик тадқиқотлари билан бирга баъзи принципсизликларга ҳам йўл қўйди.
Масалан, Бахтиёр ака кейинги пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алининг муаллифга ҳалитдан жуда кўп эътироз ва маломатлар олиб келиши кутилаётган Темур ҳақидаги трилогиясини кўкларга кўтариб мақташ билан овора.
Ўзбек адабиётининг теран таҳлилчиси, истеъдодли академикнинг бу принципсизлиги уни яхши билган шогирдлари, мухлис ва муштарийлари, сон-саноқсиз ўқувчилари томонидан ажиб бир ҳайрат ва ҳасратлар билан кутиб олинди.
Бир пайтлар буюк Ойбек ижодини ғоят мукаммал таҳлил қилиб, юксак эътиқод ва принципиаллиги билан танилган Бахтиёр ака бугун ўзлари бир томон, бошқалар бир томон – Муҳаммад Али трилогияси тарғиботчиси бўлиб қолдилар.
Ўз адабий салоҳияти билан адабиёт майдонидаги фидокорона “жанг”да яхши танилган академик Назаров кун ора радио ё телевизорга чиқиб, Амир Темур трилогиясини – дунёдаги энг буюк трилогиялар сафида дебган даъво билан овора.
Биз бу тарғиботга қарши эмасмиз – фақат арзиса майли эди…
10.
Адолат билан айтганда, биз рости, мустақиллик йилларида адабиётимиз гуриллайди – гуллаб яшнайди деб ўйлаган эдик.
Лекин ажабки, раҳматли Барот Бойқобилов Навоий мукофотини олиб, Навоий ижодини йўқ қилгани каби, энди Муҳаммад Али ҳам унинг йўлидан бориб, Амир Темур ҳақидаги трилогиясини тан олдириш билан овора.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ва сурхондарёлик ижодкор Жовли Хушбоқдан бошқа ҳеч ким бу ҳақда рост гапни айтишга журъат этолмади. Рост гапни айтишгани учун эса бу икки ижодкорни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ҳозирча “қудратли” раиси Муҳаммад Али аллақачон ўз “қора рўйхати”га тиркаб улгурди.
Майли, Муҳаммад Алининг бу қасоскорлиги ўз йўлига. Ўзига ва ўз кучига ишонмаган, ожиз ва истеъдодсиз кишилар ҳамиша қасос олишга ўч бўлишади. Лекин ўзбек адабиётининг зукко билимдони, бетакрор мунаққид Бахтиёр Назаровни нима жин урди, бу енгил обрў у кишига нима учун керак бўлди?
Истеъдодли олим учун бу – ғоятда ножоиз, илмий қуёшининг ботаётган пайтидаги энг ғариб ва аянчли ҳолатидир.
Ҳолбуки, яна бир бор такрорлашни истардим: Бахтиёр Назаровнинг илмий салоҳияти ниҳоятда баланд. Лекин ҳақиқий олим учун булар камлик қиларкан. Унда эътиқод ва принцип ҳам бўлиши лозим экан.
Ўзбек адабиёти мухлислари академик олим, ажойиб инсон Бахтиёр Назаровдан ўзбек адабиёти равнақи йўлида ҳали кўп нарсалар кутишга ҳақлидирлар…
Суратда: Академик Бахтиёр Назаров (ўртада) бир гуруҳ ижодкорлар билан
ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ ШОИР
(Алишер Навоий Ҳиротда вазир бўлгани каби, Усмон Азим Тошкентда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси эди…)
1.
Биринчи рақамли Давлат масалаҳчиси Шаҳобиддин Зиёмов, Давлат маслаҳатчиси бўлган биринчи академик Бахтиёр Назаровлардан сўнг ниҳоят энди навбат Давлат масалаҳатчиси этиб тайинланган биринчи шоирга келди. Мен Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Усмон Азимовни назарда тутяпман.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида кўпгина соҳаларда бўлгани каби Президент Девонида ҳам шошма шошарлик билан қабул қилинган қарорлар талайгина эди. Ана шулардан бири тўқсонинчи йиллар бошида Тошкентдаги «Студентлар шаҳарчасида» рўй берган тартибсизликлардан сўнг қабул қилинган эди. Бу қарорга кўра Президент Девони бундан кейин ёшлар ва ижтимоий тармоқлар фаолияти билан жиддий шуғулланиши, сиёсий партияларни тартибга олиши, миллатлараро муносабатларга алоҳида эътибор бериши керак эди ва ҳокозо…
Давлат раҳбари белгилаб берган бу тадбирларни амалга ошириш ниятида Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бош бўлган кадрлар сиёсати билан бевосита масъул бўлган тизимда энди Ёшлар билан ишлаш ва миллатлараро муносабатлар сектори ташкил этилади. Истеъдодли шоир Усмон Азимов сектор мудири этиб тайинланади…
2.
Усмон Азимовнинг Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин Президент саройига ишга ўтишини мен олдиндан билардим. Лекин қандай лавозимга ва қачон ўтишини билмасдим, холос.
Агар эсингизда бўлса, «Президент эркатойининг саргузаштлари» номли иккинчи китобнинг 6 бобида Ислом Каримов билан Москвада – СССР халқ депутатларининг 1-съезди бўлаётган муборак кунлардаги учрашувларим ҳақида мароқ билан ҳикоя қилганман.
Ана ўша учрашувларнинг бирида у киши мендан Абдулла Орипов ва Усмон Азимов ҳақида фикр сўраб қолганларини ёзган эдим. Ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун Ислом ака билан бўлиб ўтган ўша суҳбат матни қуйида эълон қилинади.
Демак, ҳали Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлган Ислом Каримов билан Москвадаги суҳбатимизни биргалашиб ўқиймиз…
3.
…Ўша кунларда Ислом Абдуғаниевич билан ҳам тез-тез кўришиб турардик.
Бир куни у киши:
— Усмон Азимов тўғрисида кандай фикрдасиз? – деб сўраб қолди.
-Яхши йигит. Зўр шеърлари бор. Шеър ўқиётганда кўпинча Маяковскийга ўхшаб кетади. Ўзи ҳам Гуржистон Ёзувчилар уюшмасининг Маяковский номидаги мукофотига созовор бўлган ягона ўзбек шоири, – дедим.
— Бир гал Муҳаммад Солиҳ номидан Қаршига келиб норасмий гуруҳларни ёқлаб менга учрашган эди, – деди Ислом Абдуғаниевич.
— Жуда яхши йигит, куюнчак, – дедим.
Ислом Абдуғаниевич шоирнинг ҳаракатларини ёқлаяптими ёки уни яқиндан билишни истаяптими, англай олмадим.
Орадан йиллар ўтгач маълум бўлдики, Ислом ака шоирни ёктириб қолган экан. Ўзбекистон Президенти бўлганларидан сўнг Усмон Азимов маълум муддат Президент Девонида Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади…
(Иккинчи китобнинг «Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ экан» номли 6-бобидан кўчирма)
4
Усмон Азимов саройда сектор мудири бўлиб кўп ишламади.
Бу ўрин — унинг катта ва юксак лавозимга ўтишдан олдинги нафас ростлаб олувчи плацдарм ролини ўташи керак эди, холос.
Кечаги сектор мудири энди — Президентнинг ёшлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.
Кечагина кўча чангитиб, норасмий ташкилотлар вакили бўлиб юрган шоиртабиат ва жўжахўроз йигитнинг қисқа вақт орасидаги бундай катта ва баланд парвози кўплар учун кутилмаган ҳол эди, албатта.
Алишер Навоий Ҳиротда — Ҳусайн Бойқаронинг вазири бўлгани каби, Усмон Азимов энди Тошкентда — Ислом Каримов салтанатида вазири алъамлардан бири этиб тайинланди.
Шоҳга яқинлик – ўткир дамлик қиличнинг тиғида юришдек хавфли эканини у ҳали билмасди…
5.
Усмон Азимов Сурхондарёнинг Бойсун районида туғилган бўлиб, тўпорилик ва ўжарлик, бор гапни одамнинг юзига айтиш каби шаккоклик ҳукм сурган чапани бир муҳитда тарбияланиб, вояга етган эди.
Уни яхши билган дўстлари ва ҳамкасблари баъзан «Партизан» деб ҳам аташарди. Унда бировнинг кўнглига қараш ва дипломатия деган гаплар мутлақо йўқ эди.
Президент cаройи — биринчи навбатда ўта ҳушёр ва айёр, душманига ҳам кулиб, бағрини очадиган, гапининг ярми айтилмай юрагида қолиши лозим бўлган сирли ва синоатли мулозимлар ишлайдиган Олий даргоҳ эди.
Президент қармоқнинг учини номигагина бу мулозимларга бериб, ўзи истаган пайтда тортиб олиши мумкинлигини у ҳали билмас эди…
6.
Шоир одам ҳамиша ўзини худо деб билган. Айниқса Усмон Азимовга ўхшаган истеъдодли ижодкор.
Мен юқорида унинг Маяковский номидаги Грузия Давлат мукофотини олганини бежиз эсламадим. У шеър ўқиганида Маяковскийга тақлид қилар, унга ўхшаб шеър ўқир, қолаверса, ўзи ҳам айнан Маяковскийга ўхшаб кетарди…
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлганидан кейин Усмон Азимов сарой аҳли аслида ғийбат ва интригалар билан яшашини хаёлига ҳам келтирмай, ўзини шоҳнинг вазиридай дадил ва эркин тута бошлади.
Бунинг устига у ниҳоятда мустақил ва ҳур фикрли эди. Бировга, ҳатто Президентга ҳам тобеликни ёқтирмасди.
Пошшоликдаги фаолиятини ҳам ана шундай баланд ва озод пардаларда олиб бормоқчи бўлди…
7.
Ислом Каримов эса табиатан мутеликка асир – ўзига мутлақ тобе бўлган одамларнигина ёқтирарди. Унга ақл ўргатувчи — «Маслаҳатчи» лавозимида ишласа ҳам, ўзига маслаҳат берувчи одамларни умуман ёқтирмасди.
Саройда унинг айтгани айтган, дегани деган бўлиши керак эди.
Президент табиатидаги бу истак ва хоҳишларни саройда фақат Жўрабеков ва Умрзоқовларгина ўз вақтида яхши ва мукаммал ўрганиб олган эдилар. Исмоил Жўрабеков – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Мавлон Умрзоқов эса – Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси эди.
Давлат раҳбарининг олдига фақат шу икаловигина ҳар куни кириб туриш ҳуқуқига эга эдилар. Бошқа сарой аъёнлари бу шарафдан бебаҳра эди. Ҳукумат аъзолари тугул, ҳатто Бош вазир ҳам Президент топшириқларини кўпинча Жўрабеков орқали олишарди.
Президент Девонидаги бошқа Давлат маслаҳатчилари, ҳатто Президентнинг матбуот котиби ҳам асосан буйруқ ва топшириқларни шахсан Мавлон Умрзоқовдан олишарди. Ислом Каримов ўзининг бу икки ишончли ёрдамчисига ана шундай чексиз ва чегарасиз имкон ва ҳуқуқ бериб қўйган эди.
Усмон Азимов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб тайинланганидан сўнг бу эски стереотипларни бузмоқчи бўлди. У шахсан президент билан мулоқот қилишни, топшириқларни шахсан давлат раҳбарининг ўзидан олишни истарди.
Лекин сиёсатда истак бошқа, реал ҳаёт эса тамомила бошқача бўлиши мумкин экан…
8.
Майли, Усмон Азимовнинг ишдан олиниш тафсилотларига ўтишдан олдин, унинг Давлат маслаҳатчиси сифатида қилган хайрлари ишларига ҳам бир оз тўхталиб ўтсак.
Усмон Азимов Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганидан сўнг, энг аввало ўзи яхши билган ва ишонган одамларни ишга ола бошлади. Бу борада Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан баъзан маслаҳатлашса, баъзан бемаслаҳат ҳам ҳаракат қиларди.
Албатта, Давлат маслаҳатчиси кимни ишга олишни ўзи ҳал қилиши керак. Лекин шоҳ саройда ёзилмаган қонун қоидалар ҳам борлигини, кадрлар сиёсати билан бевосита шуғулланувчи ҳамкасби билан ҳам бамаслаҳат иш тутиш лозимлигини у баъзан унутиб қўярди.
Ана шундай ҳатти ҳаракатлари оқибатида Маматқул Ҳазратқуловни ўзига -ўринбосар, Мирзо Кенжабоевни эса – ходим қилиб ишга олди. Маматқул ака – Самарқанднинг Ургутидан, Мирзо эса – Сурхондарёнинг Сириосиёсидан эди. Умуман Усмон Азимовда ҳалол ва виждонли ижодкорларга қайишиш, уларни имкон қадар қўллаб қуватлашдек яхши бир одат бор эди.
Хусусан, у Сурхондарёлик икки истиқболли ва талантли ёш шоир Мирзо Кенжабоев билан Сирожиддин Саидовларни ўзига яқин олиб, имкони даражасида доим қўллаб келди.
Модомики, сурхондарёлик ижодкорлар ҳақида сўз бораркан, бу ўринда улуғ бир ёзувчини эсламай ўтолмаймиз…
9.
Сурхондарёлик ижодкорлар ҳақида гапирганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, улар тоғ ва тошлар оралаб шарқираб оқаётган тоза ва тиниқ бир булоқ эдилар. Бу булоқнинг бошида – бетакрор ўзбек ёзувчиси, худо берган истеъдод соҳиби Шукур Холмирзаев турарди. У ҳақиқий талант эди. Замон ва мустақиллик бу улуғ инсоннинг қадрига етмади.
Жамол Камол, Нурали Қобул ва Азим Суюн каби раҳбар ва ишбилармон ёзувчилар бир юмалаб, «Дўрмон»да шоҳона қасрлар қурган бир пайтда Шукур Ҳолмирзаев бир умр «дача»ни битиролмай, «временка» — «капа»да яшаб ўтди…
Бу «капа» ҳеч уйга айланолмади…
Мен ҳар гал редакциянинг хизмат машинаси билан «Дўрмон»га борсам, у кишининг ҳам «дача»сига кириб ўтардим. Шукур ака ҳар гал менга завқ-шавқ билан «капа»ни кўрсатиб: «У ердан кириб, бу ердан чиқадиган бўламиз», — дердилар.
Лекин барибир сабил қолгур бу «капа»ни уйга айлантираолмадилар…
Агар Усмон Азимов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлганида Шукур акага салгина қарашганида эди, агар замон озгина қадрига етганида эди, яхши бўларди. Шукур Холмирзаевнинг стили – улуғ рус адиби Тургеневнинг стилига ўхшарди.
Қолаверса, ишқ ва муҳаббат қиссаларини Шукур акачалик энг юқори ва баланд пардаларда куйлаган ва «чертган» санъаткор бизда жуда кам. Унинг: «Ўн саккизга кирмаган ким бор?», «Тўлқинлар» номли қиссалари ўз даврида ёзувчига катта обрў олиб келган эди.
«Тўлқинлар» қиссаси — Шукур ака ҳали талабалик даврида ёзилган бўлиб, ўша йиллардаёқ ёшлар газетасида босилган эди. Студентлар ва бутун республика ёшлари орасида қўлма қўл бўлиб ўқилган бу қисса — ўзбек адабиётида катта ва оламшумул воқеа бўлган эди.
Усмон Азимов – ана шундай улуғ бир ёзувчининг ишонган ва суйган шогирди эди. Лекин амалдор бўлганида, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланганида устозини қўллаганини биров эслолмайди.
Қилса бўларди.
Агар Шукур Холмирзаевни биров Ислом акага дуч қилганида, у шубҳасиз катта баҳо оларди. Унинг ҳаёти тамомила ўзгариб кетиши мумкин эди. Худди Озод Шарофиддинов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Тўлипберган Қайипбергановларники сингари…
Чунки Ислом ака табиатан бунақа тоифа одамларни яхши кўрарди. Бунга, назаримда — ўз даврида ёзувчилар уюшмаси раҳбари бўлган Абдулла ака ҳам қайсидир маънода йўл бермаган бўлиши мумкин…
Тўғри, Шукур ака 1991 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» бўлди. Бунга қадар Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотини олган эди. Лекин барибир булар Шукур Холмирзаевдек улкан бир истеъдод соҳиби учун камдек назаримда…
10.
Шукур ака ҳақидаги маҳзун хотираларимни якунлашдан олдин, бир воқеа ёдимга тушди.
Бош муҳаррир бўлиб юрган пайтларим хизмат машинаси билан Китобга тез-тез бориб турардим. Ҳолбуки, пойтахтдаги давлат мулозимлари хизмат машинаси билан Тошкент вилоятидан ташқарига чиқмасликлари керак эди. Лекин Президентга яқин бўлганим учун мен бу чекловларга заррача ҳам амал қилмасдим.
Ана шундай шонли ва суронли кунларимнинг бирида «Волга» билан Китобга бориб, жума, шанба дам олиб, якшанбада Тошкентга қайтаётган эдим. Аввал район раҳбарлари билан Китобдан чиқаверишдаги «Минг чинор» ресторанида зиёфат бўлди. Кейин кетар чоғи машинамга шу атрофда пиширилган бир қўйнинг «тандир»и билан бир яшик ароқ солиб юборишди.
Ҳар гал Китобга борсам, район раҳбарлари мени «Минг чинор»да кутиб олиб, яна шу ердан Тошкентга кузатиб қўйишарди. Ва ҳар гал машинамни совға саломларга тўлдириб кузатишарди.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Китоблик раҳбарлар билан хайр хушлашиб, йўлга тушдик.
Ҳисор тоғларининг Тахтиқорача тизмаларини ортда қолдириб, Ургутга эна бошлаганимизда «Дружба» номли пионерлар лагерига кирадиган темир дарвоза ёнидан ўтарканмиз, беихтиёр йўл четида тўхтаб турган усти очиқ бортавой машинага кўзим тушиб қолди.
Унинг устида ғоз бўлиб турган, шляпасини бостириб кийиб олган Шукур Холмирзаевни дарров танидим. У кишининг ёнидаги икки гўзал жувонни қаердадир кўргандек эдим. Кейин маълум бўлишича. Шукур ака «Ёш гвардия» театри артистлари билан қайсидир кинони суратга олиш учун Ургутда ижодий сафарда эканлар.
Ўшанда Шукур ака мени кўриб, ёш боладай қувониб кетдилар. Аскарлардай бир сакраб, бортовой машинадан ерга тушдилар. Бу воқеа 1991 йилларда бўлган эди.
Демак, ўшанда эллик – эллик бир ёшда бўлишларига қарамай, Шукур аканинг айни куч-ғайратга тўлган навқирон даври экан. Қучоқлашиб кўришдик. Дилбар жувонларни таништирдилар. Яна бошқа йигитлар ҳам бор экан.
— Бу олифта мулозим менинг китоблик укам Исмат пасон бўлади, — деб ўз навбатида мени улар билан таништирдилар.
Шукур ака мени Эркин Аъзам таъбири билан доим «Исмат пўрим» ёки «Исмат пасон» деб атардилар. Билмадим, нега бунақа деб ном қўйган эди улар. Доим янги костюм шим ва галстук тақиб юрганим учун бўлса керак деб мен ҳам бунга кўникиб кетган эдим.
Дарвоқе, Эркин Аъзам ҳақида бир оғиз сўз. Шукур аканинг «Ёзувчи Эркин Аъзамга мактуб»ини ўқиб, у кишининг улуғлигига, буюклигига яна бир бор тан берган эдим. Бу хатда Шукур ака Эркин Аъзамга — Сен бизга ўхшама деган. Биринчи рюмкадан ўзингни тўхтата ол деб илтижо қилган. Бизлар тўхтата олмадик ўзимизни, энди сенлар ҳушёр бўлларинг деб, васият қилган. Бир сўз билан айтганда бу дилномада Шукур ака ўз юрагини поёндоз қилиб, оёғингиз остига ёзиб ташлаган…
Хуллас, ўшанда Шукур ака билан «киночи» ҳамроҳларини Китоблик раҳбарлар бериб юборган тандир гўшти ва ароқ билан роса меҳмон қилган эдим. Хайрлашар пайти ҳам тўрт дона шишани «Керак бўлиб қолар» деб Шукур акага берганимда у кишининг қувончини кўрсангиз эди.
Кейин узоқ йиллар Шукур ака ёзувчи ва шоирларга менинг Ургут тоғларидаги «меҳмондорлигим» ни ҳар гал янги янги тафсилотлар қўшиб, ажиб бир ҳаяжон билан, ўзига хос усулда ҳикоя қилиб берганларини эшитиб юрдим.
2005 йилнинг хазонрезли кеч куз ойларида Шукур ака кутилмаганда биз мухлисларини доғда қолдириб, бу ёруғ дунёни ташлаб кетдилар…
«Дўрмон»даги ўша «капа» уйга айланмай қолиб кетди…
11.
Майли, юракни эзадиган маҳзун хотираларга берилиб, асосий мавзудан чалғимайлик.
Усмон Азимов — ана шундай ажойиб ва ғаройиб бир инсоннинг, улуғ бир ёзувчининг ҳамиша ишонган ва айрича бир меҳр билан ўзига яқин олиб юрган суюкли ва садоқатли шогирди эди.
Шогирд сифатидаги унинг яхши ва ёмон, меҳрли ва меҳрсиз жиҳатларига тўхталиб ўтдик. Энди унинг шоирлигига ва юқори давлат мансабларида ишлаган амалдорлигига келсак.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ўзбек адабиётига бир гуруҳ ёш истеъдодлар гуруллаб кириб келишган эди. Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Иброҳим Ҳаққул, Эркин Аъзам, Шавкат Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Аҳмад Аъзам, Хуршид Даврон ва Хайриддин Султоновлар шулар жумласидандир. Улар адабиётимизга ўз ижодлари маҳсули бўлмиш — ўлмас асарлари билан бирга, қайсидир маънода самимиятни ҳам олиб келишган эди.
Горбачев ҳокимиятга келиб, мамлакатда, жумладан Ўзбекистонда ҳам қайта қуриш ва ошкоралик насимлари эса бошлагач, бу ижодкорларнинг аксарияти мухолифат сафларига ўтиб, ҳукуматга қарши бўлган норасмий гуруҳларда жам бўла бошладилар.
Ислом Каримов раҳбарликка келгач эса, «адабиётимизга самимият олиб кирган» бу гуруҳнинг асосий қисми унинг тарафига ўтиб, энди бу самимиятни халқдан тамомила узоқлашган ҳокимиятга ҳам олиб кирмоқчи бўлишди.
Муҳаммад Солиҳ – мухолифатга, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азимов, Муҳаммаджон Раҳмонов, Эркин Аъзамов, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам ва Хайриддин Султоновлар ажиб бир иштиёқ билан ҳокимиятга сингиб кетишди. Лекин адабиёт бошқа, ҳаёт бошқа деганларидек, ўзига яраша талантли бўлган бу ижодкор гуруҳ — давлат ва ҳокимият тизимларига ўзлари бир пайтлар адабиётга олиб кирган ўша самимиятни барибир олиб киришолмади…
Бунинг ўрнига такаббурлик, манманлик ва олифтагарчиликни олиб киришди, холос…
12.
Биз бу ажиб ва нохуш ҳолни нималарда кўришимиз мумкин?
Бугун ўзбек идеологиясида ажабки, икки киши яшаб қолди.
Булар кейинги йигирма йилда бўён ўзбек матбуотини ўз назоратларида ушлаб туришибди. Бири — Президентнинг йигирма йиллик матбуотга бевосита масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов – Усмон Азимовнинг адабиётдаги сафдоши, иккинчиси — худди шунча йилдан бўён «Ахборот қироли» бўлиб, Ўзбекистон Ахборот Агентлиги (ЎзА) ни бошқариб келаётган Маматқул Ҳазратқулов – Усмон Азимов Давлат маслаҳатчиси даврида унга амал бериб, ўзига биринчи ўринбосар қилиб тайинлаган мулозим.
Образли қилиб айтсак, бири — султон, бири — ҳазрат…
Уч киши ҳам яшаб қолиши мумкин эди: Бири – Султон, бири – Ҳазрат ва яна бир – Усмон бўлиб. Унда ўзбек матбуоти бугунгидай фалаж ҳолга тушиб, инқирозга юз тутмаган бўларди.
Усмон Азимов ҳеч қачон бунга йўл қўймасди. У буларга қараганда ҳар қалай талантлироқ ижодкор эди. Шунинг учунми, билмадим, у Давлат маслаҳатчиси лавозимида узоқ ишлаб қололмади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Баъзан ўйлаб кетаман, Ислом акага давлатни бошқаришда нега Усмонга ўхшаган адолатпарварлар эмас, балки Султонга ўхшаган сувга қараб солланадиган гулисарварлар керак деб.
Канадага келганимга ҳам ўн йилдан ошиб қолди.
Ислом Каримовча давлатни бошқаришнинг бу сиру- асрорини то ҳануз англаб етолганим йўқ…
13.
Усмон Азимовнинг иккита садоқатли шогирди бор эди: Бири – Мирзо Кенжабоев. Яна бири – Сирожиддин Саидов. Давлат маслаҳатчиси бўлганида Мирзони ишга олганини муқаддам айтиб ўтдик.
Мирзо Президент Аппаратида ишлаганида Горбачев бошлаб берган ошкоралик ва қайта қуришни Девонда ҳам ўзига хос усулда амалга оширмоқчи бўлди. Ўзи намоз ўқигани ва диндор бўлгани боис, энг аввал президент Девонида намоз ўқиладиган ва таҳорат оладиган махсус жойлар ва обдасталар масаласини кўтариб чиққани катта шов шувга сабаб бўлган эди.
Нима учундир ўшанда унинг бу таклифи Девондагиларнинг аччиқ ва масхараомиз кулгусига сабаб бўлди, холос.
Ҳолбуки, мен ўша пайтда ҳамкасб дўстим Карим Баҳриев ва Президент Девонида халқаро масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Содиқ Сафоев билан Туркияга расмий сафарга борганимизда, Турғут Озал ва Сулаймон Демераль ишлаётган сарой ва қароргоҳларда бунинг тамомила аксини кўрган эдик.
Яъни, биз бориб кўрган Президент ва Бош вазир қароргоҳларида обдаста ва сочиқлар қўйилган, иссиқ ва совуқ сув билан таҳорат оладиган махсус хоналар, ҳатто намоз ўқийдиган махсус мачитлар — Туркия Олий раҳбариятидаги намозхон мулозимлар хизматида эди.
Мирзо Кенжабоев агар ўшанда Туркиядаги шарт шароитни орзу қилиб, Президент Девонидан урилиб кетмаганида эди, бугун Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган ва Давлат мукофотларини олган сарой шоирларидан бири бўлиши мумкин эди.
Лекин ундай бўлмади…
14.
Президент девонига ишга олингунга қадар Мирзо Кенжабек Муҳаммад Солиҳ раҳнамолигидаги ўзбек мухолифатининг энг фаол зиёлиларидан бири эди.
У ҳатто ўша йиллардаги шеърларининг бирида шундай деб ёзган ҳам эди:
На ижод на довруғ истак нажотим,
Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан.
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!
Шоирнинг «Дилдошлик», «Тил эрки — эл эрки», «Халқ номидан ёлғон сўзламанг», «Юрагимда оёқ изи бор», «Фитна санъати» каби публицистик мақолаларида ҳам ана шу озодлик ғояси мана ман деб балқиб туради…
15.
Мирзо Кенжабоев Девондан урилганидан кейин сиёсатга қўл силтаб, қолган умрини ислом дини ва адабиёти тарғиботига бағишлашга қарор қилди.
Бу йўлда, даставвал у Имом ал Бухорий номидаги Тошкент Олий Ислом институтини тугаллади (1998-2001 йилларда). Сўнг ислом дунёсидаги кўзга кўринган дин пешволарининг энг улуғ ва муборак дастхат ва қўлёзмалари, таржима ва асарларини ўзбек халқига етказиш йўлидаги заҳматли ва машаққатли, лекин нурли ва шарафли ишни бошлаб юборди.
Бугун Мирзо Кенжабоев – ислом дунёсидаги энг нодир ва муқаддас китоблар таржимони ва тарғиботчисидир. Шу билан бирга у форс-тожик адабиётининг мумтоз вакиллари Ҳофиз Шерозий ва Шайх Саъдий Шерозий ғазалиётидаги энг гўзал ғазаллар таржимони сифатида ҳам зариф бир номга эга бўлди.
У жаҳон маърифий адабиётининг нодир намуналаридан ҳисобланмиш Фаридиддин Атторнинғ «Тазкират ул-авлиё» асарини аввал усмонли турк тилидан табдил этиб нашр қилгач (1997), сўнг форс тилидан ўгириб, эълон қила бошлади. Мумтоз шоир ва олим Усмони Ўшийнинг саҳиҳ ақоид мавзуидаги «Омолий» манзумасини эса араб тилидан таржима қилди (1999).
Шунингдек, шоир Нақшбандия тариқатининг шайхи, Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавийнинг «Аҳли суннат вал-жамоат» асарини турк тилидан таржима қилиб, икки китоб ҳолида нашр этди (1998-1999). Унинг иккинчи китоби «Омолий» достони шарҳидан иборатдир.
Нақшбандия тариқатининг муршиди комили, профессор Маҳмуд Асъад Жўшоннинг «Ҳақиқий севги» (1998), Усмонийлар даври олимларидан Қутбиддин Изникийнинг «Муршиди мутааҳҳилин» («Ёш келин-куёвларга маслаҳатнома» 1999), китоблари ва бошқалар ҳам М.Кенжабек таржимасида нашр этилди.
Улуғ ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг «Сунани Термизий» («Ал-жомиъ ас-саҳиҳ») асарининг М.Кенжабек таржимасида нашр этилиши Ўзбекистон маърифий-маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Бу маърифий изланишлар натижасида М.Кенжабекнинг «Термиз тазкираси» асари майдонга келди (2001).
16.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керакки, Мирзо Кенжабоев истеъдодли ва бетакрор шоир.
У ижод соҳасида ҳамюрт рақиби Сирожиддиндан ҳам бир неча парда юқорида туради. Лекин номард ва бевафо дунёни кўрингки, бугун у эмас, балки Сирожиддин – Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси Бош муҳаррири…
Чунки Мирзо ҳеч қачон устози Усмон Азимов каби бировга, масалан — шоҳга ялтоқланиб, шеър бағишлаб, унвондор ва амалдор бўлишни истамайди. Шунинг учун ҳам унинг ва устози Усмон Азимовнинг Президентга бағишланган достон ва мадҳияси йўқ. Сирожиддинда эса бор:
Қалдирғочларга бер айвонларингни,
Қушнинг ҳам бек билан бекаси бордир.
Сингилжон, экавер райҳонларингни,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир…
Лекин Ислом Каримовга мадҳия бағишламаса ҳам, Мирзо ўзининг талабалик йилларидаги укаси ва дўстига атаб гўзал ва бетакрор шеърлар битган.
Унинг “Талабаликнинг ёрқин хотираси — Исмат Хушевга” номли шеъри менга бағишлаб шоир дўстларим ёзган ижод маҳсулининг энг жозибали ва ёрқин намуналаридан биридир:
…Талабалик ётоқлари – согинч ватани,
Қолиб кетар Исматжоннинг кулгуларида,
Завққа тўла ул ижара уйларни қани
Ким топaди тушларида – уйқуларида.
Тўрт талаба. Ижарачи кампир жонсарак,
Зангор шуъла Абдулланинг шеъридан титрар.
Кампир дейди: “Ё худоё, бу қандай эркак,
Қандай унинг овозида бақувват қудрат!..”
Талабанинг жисми юрак, исми ҳам юрак,
Кўринг, юрак кўзгусида ҳаёт сурури.
Унда қитмир башаралар фош бўлар, бешак,
Ҳамда писмиқ кимсаларнинг сохта cукути.
Шеьр ўқиса оҳанг кезар юлдузлар аро,
Не-не қизлар юрагида титрайди армон.
Улар билмас бир бахтли қиз – шу қизлар аро,
Исматжоннинг юрагида умрлик ҳижрон.
Тала6анинг дарди йўқдек, ҳамроҳи кулгу,
Ҳамроҳидир қаҳқаҳалар, бор ҳайқириқлар.
Ётар чоғи тўшагига кирар экан у,
Кўзларида жимирлайди пинҳон оғриқлар…
17.
Мирзо жуда катта талант эгаси. Иймон эътиқодли йигит.
Сирожиддининг эса бирорта ҳам эсда қоладиган шеъри йўқ. Лекин мавзулари ёдда қоладиган таъсирчан нарсалар ёзади. Масалан у Ватандаги янтоқ ва тиканларни ҳам гул ва чечакдек таърифлаб, яхши нарсалар ёза олади. Негаки, бу янтоқлар тиканли бўлса-да, лекин биз каби хориж ва муҳожиротда эмас, балки яхшими, ёмонми шу Ватан ва шу юрт тупроғида…
Сирожиддин барибир яхши шоир. Мен бу гапни у менинг талабликдаги дўстим бўлгани ва менга атаб шеърлар ёзгани учун айтаётганим йўқ. Худо ҳаққи, у яхши ва истеъдодли шоир. Лекин Мирзо бирибир ундан зўр…
Бир пайтлар Сирожиддиннинг «Ит ҳақида баллада» номли шеъри «Тошкент оқшоми»да эълон қилиниб, Партия Марказий Комитети коридорларида катта шов шув бўлгани ёдимда.
Марказқўмда ўтказилган нуфузли йиғилишларнинг бирида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котибаси Раъно Ҳабибовна Абдуллаева газета муҳаррири Шароф Убайдуллаевни ўрнидан турғизиб, дашном берган эди: «Бошқа мавзу қуриб кетганидек, газетангизда «Ит ҳақида баллада»ни берибсиз. Итга ҳам баллада ёзадими одам? Шу ҳам мавзу бўлдими?» — деб…
Сирожиддин қаламга олган мавзу эса қуйидагича эди: Совет армияси сафидаги солдат йигит севган қизини соғиниб, икки йиллик айрилиқдан сўнг қишлоғига қайтади. Севгилисини зор зор соғиниб, унинг дийдорига интизор бўлиб келади. Келса, севган қизи ўрнига унинг ити чопиб чиқади. У йигитни таниб, соғинч билан унга қараб талпинади, оёқларига сурканиб, эркаланади. Лекин қиздан хабар йўқ эди…
Шунда дўстим Сирожиддин мен севган қиз шу итчалик меҳр ва садоқат кўрсатолмади деб, афсус ва аламли шеърий ташбеҳлар билан шу гўзал ва бетакрор достонни ёзган эди…
Ишқ ва муҳаббат туйғусидан тамомила бебаҳра бўлган Марказқўмнинг «темир қалбли» котибаси қутқусидан бу маҳзун муҳаббат достонини ўз газетасида эълон қилган Шароф Убайдуллаев ўша куни қандай қутулиб қолгани менга ноаён.
Лекин Сирожиддин тилга олган ўша мавзу ва ўша садоқатли ит образи мана неча ўн йилдирки, ҳануз кўз ўнгимда турибди…
18.
Майли, бу дунёда нима бўлса ҳам — ҳаммаси Яратган Эгамнинг хоҳиш иродаси билан бўлса керак.
Усмон Азимов, Мирзо Кенжабоев, Исмат Хушевлар бугун сиёсатдан урилиб, узлатга чекинган эканлар, қатор йиллардан бўён шоҳ назарида қолиб келаётган Хайриддин Султонов, Маматқул Ҳазратқулов ва Сирожиддин Саидовларнинг ижодкорлиги дилларга қайсидир маънода юпанч ва тасалли бериб туради. Улар ҳар қалай бугунги қаҳрамонимиз Усмон Азимовга бевосита боғлиқ одамлар, уларни давлат ва ҳукумат тизимларига Усмон ака тортган, буни унутмаслик керак…
Усмон ака Президент Девонидан урилганидан кейин аксар собиқ мулозимлар каби четга чиқиб қолмади, матбуот эшиклари унга ёпилмади.
Аксинча, Президент Девонидан олган катта ва аччиқ ҳаётий тажрибасидан кейин Усмон ака айрича бир иштиёқ билан ижод оламига шўнғиб кетди.
Бир биридан гўзал ва бетакрор асарлар яратди…
19.
Дарвоқе, Усмон Азимовнинг Давлат маслаҳатчилигидан олиниши ҳақида.
Ислом Каримовнинг бир одати бор: У ўзи Девонга ишга олган таниқли шоир ва ё ёзувчига катта катта кабинет, ҳурлиқо котиба ва хизмат машиналарини бериб қўйиб, уларнинг юриш туришини зимдан кузатиб юради.
Давлат ва ҳукуматнинг бу чексиз ва жаннатий имтиёзларидан сармаст ва сархуш бўлиб юрган мулозим мабодо қачонлардир мухолифат сафларида бўлган бўлса, уни худо урди деяверинг.
Уни айнан «Мансаб ваколатларини суистеъмол қилганлик»да, босар тусарини билмай қолганликда ва ҳокозо ҳокозо гуноҳларда айблаб, шарманда қилиб ишдан олишади.
Усмон Азимов билан худди шундай бўлмаса-да, шунга ўхшашроқ воқеа содир бўлди.
Ислом Каримов қўл остидаги мулозимларга барча имтиёзларни бериб қўйгани билан, лекин уларни ўз қабулига мутлақо яқинлаштирмайди. Улар Давлат маслаҳатчиси бўлса ҳам, ойлаб Президентнинг олдига киролмай хуноб бўлиб юришлари мумкин.
Барча топшириқ ва буйруқлар уларга асосан Мавлон Умрзоқов орқали бериларди. Баъзи баъзида Президент ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов орқали ҳам уларга у ёки бу вазифа берилиши мумкин эди.
Усмон Азимовга бу табиийки, ёқмаган. У топшириқларни бевосита Президентнинг ўзидан олишни истарди. Унинг ёнидагиларни эса бир тийинга ҳам олмасди. Лекин сиёсатда, хусусан, Президент саройида бундай қараш мутлақо нотўғри ва хатарли эканини у билмаган.
Қолаверса, подшолик саройини, президентлик бошқарувини — асосан унинг атрофидагилар ташкил қилишини у ҳали етти ухлаб тушига ҳам кўрмаган бўлиши мумкин.
Биз юқорида шоир одам ўзини худо даражасида кўради деб бежиз айтмадик. Агар у истеъдодли бўлса, ва буни ўзи яхши билса, уни энди худо урди деяверинг.
Усмон Азимов аввал шеъриятда, кейин сиёсатда ҳам ўзидан ва президентдан бошқа ҳеч кимни тан олишни истамаган. Айнан ман шу – ўзига бўлган ишонч ва шаккоклик ала оқибат унинг бошига етди. У ўзидан пастдагиларга бир гапни, юқоридагиларга эса бошқа гапларни айтиб, ўзини эмин эркин тутиб юраверган.
Ҳеч кимнинг олдида тили қисиқ бўлмаган, Президент назарида турган одам одатда шундай дадил ва бошқаларга нисбатан беписанд бўлади…
20.
Абдулла Ориповнинг Ибн Синога бағишланган «Ҳаким ва Ажал» достонида тўрт сатрда жо бўлган яхши бир ҳикмат бор:
Бир нарсада танти эрур доим табиат,
Берай деса, қарамайгай усти бошингга.
Неча неча саройлардан ҳатлаб ўтган бахт,
Ногаҳоний ҳумой бўлиб қўнар бошингга…
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб, бошига тахт қуши қўнган бир пайтда унга яна омад кулиб боқди. Президент уни янги ташкил этилган «Ватан тараққиёти» партияси раҳнамолигига тавсия қилди. Кўп ўтмай партиянинг нашри бўлмиш ўз газетасини чиқара бошлади. Энди у ўз сўзини айта оладиган минбарга ҳам эга бўлди.
Бу албатта истеъдодли шоир бўлган Давлат маслаҳатчиси Усмон Азимов учун подшонинг яна бир катта ишончи эди.
Шу сабаб бўлдими, ё ростдан ҳам худо менга берди деб ўйладими, ҳар ҳолда Усмон Азимовнинг юриш туриши ўзгариб, феълу атворида ажиб бир ҳолатлар кўзга ташлана бошлади. Энди у ҳатто Мавлон Умрзоқовга ҳам: «Сенам советник, менам советник» дейдиган бўлиб қолди.
Бу ҳам етмаганидек, энди пастдагиларга бошқа, тепадагиларга бошқа гапларни айтиш ва шунга яраша муносабат қилиш билан кифояланмай, янги тузилган партия номидан, ҳокимиятга қараб бемалол тош ота бошлади.
Ўзи Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўла туриб, давлат ичида давлат қурадиган ишга ўтди. Янги тузилган партия атрофида ножўя ва қалтис қадамлар қўйила бошланди. Усмон Азимов Госсоветник лавозимидан фойдаланиб, баъзи таниқли давлат ва жамоат арбобларини, Олий Кенгаш ноибларини янги тузилган партия баҳонасида ўз атрофига торта бошлади.
Ҳолбуки, ижодкор одам амалга чиқса, шоирлик юки билан давлат мулозими ёки амалнинг юки орасида катта фарқ борлигини ҳамиша ёдда тутиши лозим эди.
Усмон Азимов айнан мана шу фарқни унутиб қўйди…
Алал оқибат бир куни кутилмаганда партия раислиги ва госсоветник лавозимидан олиниб, Мавлон Умрзоқовнинг қўлига ишга ўтказилди. Кўп ўтмай у ердан ҳам озод этилиб, озод ва эркин ижодкорлар сафига бориб қўшилди…
21.
Усмон Азимовнинг Давлат маслаҳатчиси бўлгани ҳақидаги ушбу қисмда яна бир фикрни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Биз юқорида Ислом Каримовнинг Девонга ишга олинган ижод аҳли, хусусан, шоир ва ёзувчиларга нисбатан даставвал яхши ва ишончли муносабатда бўлганини айтдик. Лекин кейинчалик уларга бўлган бу ишонч ва эътибор бир қадар сусайди. У ҳатто Давлат маслаҳатчиси бўлган Усмон Азимовни ҳам ўзи қабул қилмай, Умрзоқов ва бошқалар орқали топшириқлар бериб турган.Бу бор гап.
Лекин Президентнинг бундай қарорга келишида ҳам ажиб бир ҳикмат бор.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Девонга ишга ўтган шоир Омон Матжонни Ислом ака ўзига яқин олиб: «Омонбой, Сиз истаган пайтда менинг ҳузуримга кириб келаверинг. Сиз учун эшигим доим очиқ!» — деб шакаргуфторлик қилган.
Ўзини туб маънода ҳукмдор деб билган шоҳнинг кайфияти яхши бўлган бир пайтда кўзи тушиб қолган сарой мулозимига айтилган гап эди бу. Шакаргуфторлик қилиб, шоир кўнгли учун айтилган бўлса-да, лекин барибир яхши гап эди бу аслида.
Лекин шоҳнинг бу гапини саройдаги шоири аълам қандай қабул қилганида эди ҳамма гап. Омон Матжон Ислом аканинг бу сўзини тўғри ва самимий қабул қилиб, бир куни кутилмаганда «ҳе йўқ, бе йўқ», эшик қоқмай, тўппа тўғри Президент ҳузурига кириб боради.
Соқчилар ва қўриқчилар, котиба ва комиссарлар, Девонбеги ва ёрдамчилар қуршаб олган давлат раҳбари олтинчи қаватдаги ўз ҳузурига бетаклиф ва бетакаллуфларча бемалол кириб келган шоирни кўриб, уни бир тепган ва у пастга тушиб кетган.
Эл-улус ташвиши боис ғазабнок ҳолда бўлган шоҳдан ҳам тарсаки, ҳам тепки еб бешинчи қаватга тушган шоир, кейинчалик Девондан ҳам бутунлай тушириб юборилди.
Лекин Усмон Азимов саройдан, ҳар қалай, Омон Матжон каби тепки еб узоқлаштирилмади. Аксинча «Ўзбекистон халқ шоири» бўлди. Давлат мукофотлари олди.
Сўнг яна халқига, ижодига қайтди…
«Ҳали бутун рўи жаҳон шеър бўлади. Бу дунёни завққаа кўмиб яшаш керак, Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!» — деб қолган умрини бевафо ва ифлос сиёсатга эмас, ишсиз ва амалсиз қолса ҳам, доимо вафо қилувчи тоза ва мусаффо адабиётга, ўлмас ва сўлмас шеъриятга бағишлашга қарор қилди…
ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ РУСИЙЗАБОН
(Вячеслав Голышевнинг сиёсий портрети баҳонасида Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар – Татьяна Гуськова ва Галина Саидовалар ҳақида)
1.
Ўзбекистон ҳукумати ва давлатида шундай мулозимлар борки, уларнинг кимлигини, қандай қилиб раҳбариятга келиб қолганини, Президент билан бўлган яқин муносабатини ҳамма ҳам билавермайди. Ислом Каримов командасида салкам чорак асрдан бўён ишлаб келаётган ана шундай мулозимлардан бири – Вячеслав Голышев.
У бир пайтлар Госпланда Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган дейишади. Мен 1989 йилнинг августидан эътиборан “Госплан” қошидаги “Экономика и жизнь” журналига Бош муҳаррири этиб тайинланганимда Вячеслав Голышев Госпланда Раис ўринбосари эди…
2.
Голышев билан бирга Госпланда Галина Каримовна Саидова ҳам ўринбосар эди. Георгий Корнеев деган яна бир ўринбосар бўларди. Бу учаласи ҳам Госпланда Ислом Каримов давридан бўён ишлаб келаётган, Президентга шахсан яқин бўлган мулозимлар эди.
Буни ҳамма биларди ва шунга яраша муомила қиларди. Лекин уларнинг учаласи ҳам оғир, босиқ, мулоҳазали, ўз касбини яхши билган малакали мулозимлар эди.
Улар асосан Президент маърўзаларини тайёрлаш билан шуғулланишар, Ислом Каримовнинг халқаро учрашув ва музокараларида қатнашиб, парда ортида туриб, маърўза матнларини ёзиб беришарди…
3.
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин ўзи билан бирга ишлаган, ўзи яхши билган одамларни бирин кетин раҳбариятга олиб кела бошлади. Уларнинг аксарияти маҳаллий миллат вакиллари бўлмаса-да, лекин улар ўз билим ва тажрибаси, малакаси билан маҳаллий кадрлардан мутлақо қолишмасди.
Вячеслав Голишев ана шундай истеъдодли мулозимлардан бири. Шунинг учун ҳам у узоқ йиллардан бўён Ўзбекистон Президентнининг иқтисодий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаяпти…
4.
Вячеслав Аркадьевич Голышевнинг таржима ҳоли жуда оддий.
У Тошкент халқ хўжалиги институти (Нархоз) ни битирган. Касби – иқтисодчи (экономист). Аввал “Госплан”да Ислом Каримов қўл остида турли вазифаларда ишлаб, чиниққан. Ёрдамчилик ҳавосини олган. Кейин юқорига парвоз қилган – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида социал иқтисод бўлими мудири ўринбосари бўлган. Айни пайтда Стратегия ва тадқиқотлар институтида ҳам фаолият олиб борган.
1994 йилдан аввал “Госкомпрогнозстат”да, сўнг Макроиқтисод ва статистика Давлат Қўмитасида биринчи ўринбосар бўлиб ишлаган.
1996 йилдан эътиборан Ўзбекистон Президентининг социал иқтисодий соҳалар бўйича Давлат маслаҳатчиси.
2005-2006 йилларда бир муддат Бош вазир ўринбосари – иқтисод вазири, Вазирлар маҳкамаси қошидаги Иқтисод ва Ташқи иқтисодий алоқалар Департаменти бошлиғи бўлган.
Вячеслав Аркадьевич Голышев бир неча бор Тошкент шаҳридан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланган…
5.
Вячеслав Голышев ҳақида ёзарканман, беихтиёр, тўқсонинчи йилларнинг бошида – Оқсаройда рўй берган воқеалар ёдимга тушади.
1991 йил Ўзбекистон Президентлигига бўлган муқобил сайловлар шафқатсиз кураш билан ўтганини кўпчилик эсласа керак. Ислом Каримов номзоди муқобил сайловда Муҳаммад Солиҳ билан бирга Президентликка кўрсатилганда Президентнинг мукаммал таржимаи ҳолини яратиб, матбуотда туркум мақолалар эълон қилиш кўзда тутилади.
Шунда ўз ҳузурида топшириқ кутиб ўтирган Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековларга Ислом ака ўзи ҳақидаги жуда кўп нарсаларни уларга Голышев айтиб бериши мумкинлигини айтадилар. “Менинг номимдан айтинглар унга, Госпландаги дафтар ва кундаликларини кўтарсин. У жуда кўп нарсаларни билади”, – деб қўшимча қиладилар.
Президент ҳузуридан чиққан Умрзоқов Девонда матбуот масалалари билан шуғулланувчи ўзининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаевга зудлик билан Голышевни топишни буюради.
Ўша пайт Девондаги Зелемхон Ҳайдаров бош бўлган Ишлар Бошқармасида Голышев деган кичкинагина бир йигит ишларди. У Девонда мулозимларга хизмат кўрсатадиган хизмат машиналари ва гаражлар билан шуғулланар эди.
Ислом ака айтаётган одам шу бўлса керак деб, сўраб суриштирмай, Умрзоқов билан Жўрабеков унга қуллуқ қилиб муомила қила бошлашади. Ҳатто ўзлари билан бир неча маротаба тушликка ҳам олиб тушишади.
Лекин уч кундан кейин Ислом ака айтган Голышев бу эмаслиги ойдинлашади. Ислом ака билан Госплан”да бирга ишлаган, унга ёрдамчи бўлган Вячеслав Аркадьевич Голышев бу пайтда Госплан қошидаги Стратегик тадқиқотлар институтида ишлаши маълум бўлади.
Мен бу билан Вячеслав Аркадьевичнинг ўта камтар ва камсуқумлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим…
6.
Ўзбекистон Олий раҳбариятида яна бир русийзабон мулозим ҳам анчадан бўён Президент назарида эди. Мен кейинги ўн тўққиз йил давомида Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Татьяна Гуськовани назарда тутяпман.
Татьяна Николаевна 1950 йили Тошкентда туғилган. 1971 йил Тошкент халқ хўжалиги институтининг “Финанс ва кредит” бўлимини тугатган ва шу йилдан эътиборан у бутун умр Молия вазирлигида ишлаб келаётган эди. Дастлаб у вазирликнинг енгил саноат ва ишлаб чиқаришни молиялаш Бошқармасида оддий экономист, катта экономист, бўлим мудирининг ўринбосари ва ниҳоят бўлим мудири бўлиб ишлаган.
1979 йилдан 1986 йилгача вазирлик қошидаги Ишлаб чиқаришни молиялаш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 1986 йилдан 1990 йилгача Молия вазирининг ўринбосари, 1990 йилдан эътиборан – биринчи ўринбосар бўлган.
25 йилдан бўён Татьяна Николаевна сурункали бўлмаса-да, Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаяпти. 2009 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Президенти Фармони билан Татьяна Николаевна Гуськова Ўзбекистон республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинган эди. Лекин бугунга қадар Молия вазирлиги сайтида у негадир ҳануз Вазирнинг биринчи ўринбосари деган ёзув ўзгармай турибди…
Уни яхши билганлар Гуськова молия ва иқтисодни сув қилиб ичиб юборган дейишади. Лекин Ўзбекистонда кейинги йиллар давомида содир бўлаётган иқтисодий инқирозлар бунинг тамомила аксини кўрсатиб турибди…
7.
Ўзбекистоннинг Президент назаридаги яна бир русийзабон мулозими борки, у киши ҳақида ҳам бу бўлимда гапириб ўтмасак, бўлмайди. Бу соҳибжамол аёл – Ўзбекистоннинг хотин қизлар орасидаги бугунги ягона министри, Иқтисод вазири – Галина Каримовна Саидовадир.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Галина Саидова 1956 йилда Самарқандда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг машҳур профессори К.С.Саидовнинг қизи. Самарқанд Давлат Кооператив иститутини 1977 йилда тугатган, касби – иқтисодчи (экономист).
1987 йилдан эътиборан “Госплан”да ишлаб келган Галина Каримовна мен “Ҳаёт ва иқтисод” журнали Бош муҳаррири бўлган йилларда “Госкомпрогнозстат”да раис ўринбосари эди. Расмий ҳужжатларда миллати “ўзбечка” деб ёзилган бўлса-да, мен Галина Каримовнанинг бирор марта бўлса ҳам ўзбекча гапирганини эшитмаганман. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, у ўзбекча гапиришдан ор қиларди…
Совет даврида, ҳатто мустақиллик йилларининг бошларида ҳам Ўзбекистонда расмий мулозимларнинг ўзбекча гапириши одат тусига кирмаган эди. Кейинчалик билмадим, лекин менинг назаримда юқори давлат поғоналарида ҳали ҳануз раҳбарларнинг ўзбекча гапириши маломатли бўлиб қолаётганга ўхшайди…
8.
Майли, мавзудан чалғимай яна Галина Саидовага қайтсак.
Бу жиддий ва жозабали аёл то 2005 йилга қадар ўз соҳасида фақат раҳбар ўринбосари лавозимларида ишлаб келди.
2008 йилдан 2010 йилга қадар Иқтисод вазирининг биринчи ўринбосари бўлиш билан бирга Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Макроқтисодни мувофиқлаштириш ва тадқиқотлар олиб бориш институтига директорлик ҳам қилди.
Ва ниҳоят 2010 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Алоқалар, савдо ва инвестиция вазири лавозимига тайинланди. Бу орада собиқ вазир Элёр Ғаниев бир муддат Ташқи Ишлар вазири бўлиб яна ўз ўрнига қайтиб келди.
2011 йилнинг августидан эътиборан Галина Саидова – Ўзбекистон Республикасининг Иқтисод вазири лавозимига тайинланди.
Уни яхши билганлар Галинани – “Ўзбекистон иқтисодининг булбули” деб аташаркан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқинлигини эса, вақт кўрсатади…
9.
Узоқ йиллардан бўён ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бўлиб келаётган Вячеслав Аркадьевич Голышев ҳақидаги ҳикоямизни якунлашдан олдин яна бир гапни айтиб ўтишни истардик.
Вячеслв Аркадьевич Президент орбитасида Ислом акага энг яқин мулозим бўлиб, у ўзининг иқтисод ҳақидаги ҳар қандай фикри ва башоратини Давлат раҳбарига ўтказа олиш қудрати ва қобилиятига эга.
Ислом Каримовнинг 25 йиллик ҳукмдорлиги даврида иқтисод мавзуидаги деярли барча маърўза ва матнлари, мақола ва асарлари муаллифи, сўзсиз, Вячеслав Аркадьевич Голышев. Бунга заррача ҳам шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Лекин айни пайтда, Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги кўплаб муаммо ва инқирозларни кузатарканман, Ислом ака ўзи тахтда қолганига яраша, энди ўз атрофидаги Голышевга ўхшаган 25 йиллик маслаҳатчи мулозимларини секин аста ўзгартириб, янгилай бошласа ёмон бўлмасди.
Нега бундай фикрга келганимни эса қуйидаги сабаблари бор…
10.
Бугун Ўзбекистон Олий раҳбариятида узоқ йиллардан бўён ўз ўрнида муқим қолиб келаётган мулозимлар ўз даври ва ўз ғояси билан бирга қариди.
Янаям аниқроқ қилиб, гапнинг тўғрисини айтганда Ислом ака — ўзининг кўп йиллик муқим туриб қолиши билан ўз атрофидагиларни қаритди. Том маънода айтганда Олий раҳбариятдагиларнинг ғояси ҳам тугаб битди. Бир ғояни қайта қайта чайнашдан фойда йўқ энди.
Ҳатто бир бирига тескари ва қарама қарши ғоялар ҳам пайдо бўлди.
Чунончи, Ўзбекистонда ҳеч қачон ўта бой ҳам, ўта камбағал ҳам бўлмайди деган сўз энг олий минбарлардан қайта қайта таъкидланса ҳам, Ўзбекистон барибир ўта бойлар ва ўта камбағаллар ватанига айланиб улгурди. Давлат раҳбарининг сўзига – жамиятдаги асл воқелик тўғри келмай қолди.
Қайсики мамлакатда ўта бойлар сони авж олган сари, биз истаймизми, йўқ — ўта қашшоқлар сафи ҳам шитоб билан кенгайиб боради. Бу аксиома — Ўзбекистон тажрибасидан ҳам маълум бўлди.
Бутун дунё олигархларидан Ўзбекистон бойларининг фарқи шундаки, улар дунёнинг энг илғор ғоялари ва технологиялари асосида ниманидир ишлаб чиқарган бўлиши мумкин. Улар дунёни нима биландир таъминлашган. Ниманидир кашф қилишган ва одамлар фойдаланиши ва манфаат кўриши учун ишлаб чиқаришган.
Ўзбекистон бойлари эса том бу борада бугунга қадар маънодаги жумбоқ. Салимбой, Мираброрбой ва Зафарбойлар нимани ишлаб чиқарганини уларнинг на Ватандошлари ва на сафдошлари билади…
11.
Бироқ қўлини қўлига урмай, мамлакатнинг 95 фоиз бойлигини ўз тасарруфига олган бугунги замонавий ўзбек бойларининг – мустақиллик давридаги бойлик тарихи қай даражада сир бўлса, айни пайтда Президентнинг Ўзбекистонда ўта бойлар бўлмайди деган ақидаси ҳам ўз мазмун моҳиятига кўра, шу даражада сирли ва синоатлидир…
Биз истаймизми, йўқми Ўзбекистонда қашшоқлар ва қашшоқлик даражаси аслида кун сари ортиб бораяпти. Ҳаттоки, бугун “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган мақолада Исфандиёр тўғри таъкидлаганидек, Совет даврида таъминоти жиҳатидан мамлакатнинг энг пешқадам қисми бўлган халқ ёзувчилари Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Маъруф Жалил, Зоҳир Аълам, Мамадали Маҳмудов ва ҳокозалар очлик қурбонига айланган бир пайтда қолганлар ёзувчилар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин.!?
Бир сўз билан айтганда зиёли ва ёзувчилар ҳозир мутлақо таъминотсиз…
Буларнинг ҳаммаси бугунги қаҳрамонимиз Вячеслав Аркадьевич Голышев ва бошқа “Голышевчилар” Ўзбекистонда олиб борган 25 йиллик иқтисодий ислоҳотларининг аччиқ меваларидир…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари»Бош муҳаррири,
31 май. 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
Суратда: Ўзбекистон Президентининг иқтисодий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси Вячеслав Аркадьевич Голышев
(Давоми бор)
Энди бевосита асосий қаҳрамонимиз Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига шарҳ беришни бошласак бўлар…
2 комментария
-
Хурматли Исмат ака! Сизнинг ушбу тарихий анализингиз айни бугунги келиб ТАРИХИЙ ХАКИКАТ ЭКАНЛИГИ ТУЛА ТУКИС АНИК БУЛДИ.
ЖУХУДЛАРНИНГ АЖАЛ МАШИНАСИ БУГУН УЗБЕКИСТОНДА УЗ ТЕЗЛИГИНИ ОШИРИБ ВА ХАЛКНИНГ ТИЛИ ЧИКГАН КИСМИНИ ЯНЧИШНИ КУПАЙТИРАЯПДИ.
ВАТАНДАН КЕЛАЁТГАН ВАХИМАЛИ ХАБАРЛАР, ЧЕТ ЭЛЛАРДА ПАСПОРТСИЗ КОЛАЁТГАН МИЛЛИОНЛАБ ХАЛКИМИЗ, МУСУЛМОНЛАРГА КАРШИ КАМАШ ТАДБИРЛАРИ ВА ХОКОЗОЛАР. МАНА ШУ ЧОРАК АСРДАН ЗИЁД ВАКТ ХАЛКИМИЗГА КАРШИ ГЕНОЦИД БУЛДИ ХИСОБИ.
УЗИМИЗДАН ЧИКГАН СОТКИНЛАР ШУЛАРНИНГ ХИЗМАТИДА!!! -
Исмат! Зиёмов Мухитдиновга куёв булган, лекин Мухитдинов уша пайитларда факатгина СССР Потребкооперацияда муовин булиб ишлаган. Туй Тошкентда булган. марат з.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Surkhondaryolik yozuvchilar korrupsiaga botganmi deyman. Ustozi surkhondaryolik, shogirdi ham surkhondaryolik. Toshkenliklarni mahalliychilikda ayblaymiz, lekin o’zimiz ayirmachilikni boshlab beramiz.
Усмон Азимов чиндан ҳам тўпори ва ўжар, бор гапни одамнинг юзига айтадиган ҳалол ёзувчи бўлган. Бундай одам президент саройида кўп вақт ишлаши мумкин эмас эди. У.Азимов ёшларни ўша вақтда жамиятда тутган мавқий туфайли давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтирган эди. Лекин нима бўлганда ҳам Исмат Хушев бу воқеаларни ўз талқинидан ўтказиб, бизга ўша йилларнинг асл ҳолатини чизиб беряпти. Унинг истедодига қоил қолиш керак.
2 шарҳ
Қойил Исмат ака! Бу дейман Крайнов дигани амалдорлик “ролини” сув қилиб ичиб юборган, тўғма талант экан ку. Ўзбеклар ичидан бундай пихини ёрган, ҳар томондан пишиб етган кишиларни чиқиши амри маҳолдир. Юқоридаги айтган одамларингиз табий равишда юртимизга хизмат қилмайди. Ўзимизни ўзбеклар хафа бўлишмасину, ҳаммамиз пишмаган хом калламиз. Лекин шоҳ саройидаги мана шу лўттибоз одамлар ниқобини очиб бераётганингиз учун сизга қойил қолиш керак. Минг раҳмат, Исмат ака. Бунақа самимий асар ҳали ўқимаган эдим.
Офарин Исмат ака! Жуда хам холис ва инкор этиб булмас даражадаги тахлилий бахоларни берибсиз. Буларнинг барчаси русийзабон дейилгани билан, жахон иктисодиётидан уз миллати фойдасига ишлаётган иудалар, жуда куплаб давлатлар кон томирига мустахкам урнашиб олишиб, суриб ётган зулуклардир. Чорак асрлик оркага кетишимизнинг ва миллатларимиз, халкларимиз уртасидаги киргинларнинг асл айбдорларидирлар! Узи ва миллати манфаати йулида хар кандай халкни курбон килишади. Миллатимиз фидойиларини йук килмок пайида!!!!
1 шарҳ
Usmon akaning asarlarni sevib o’qiyman. Usman aka JUDA YAXSHI SHOIR. Usman aka, zolim Karimovga ALDANGAN insonlar toifasiga kiradi. Usmon akaning o’zi ham bilmasa kerak, zolim shohning undan (muxolifat safida bo’lganligi uchun )QASD olganligini .Mirzo Kenjabek va Usmon Azim muxolifat safida qolishi kerak edi. Ular zolim Karim oldida ADOLATNI TIKLAMOQCHI bo’lishgan. Iymonli odamlar ham bu tuzimdan jabrlangandir….