Ёқуб Аҳмедов: — Томошабин нима дейди? Ёки Қўчқорнинг чала туғилган қўзичоғи ҳақида…
ЁҚУБ АҲМЕДОВ: — ТОМАШАБИН НИМА ДЕЙДИ…
ЗАМИНДАН ОЛИС КЕТМА — ЧАЛА ТУҒИЛГАН ҚЎЗИЧОҚ…
Мустабид шўролар замонасида улуғ адиб Ҳамза номи ила аталмиш Ўзбекистон академик театри Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Рахимов, Шукур Бурхон каби дунё тан олган буюк актёрларларнинг ҳар бири ўзига хос мактаб яратган табаррук санъат даргоҳи. Бу даргоҳда Уильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Қирол Лир” асарлари саҳналаштирганида Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонларнинг ижро маҳоратига улуғ Шекспирнинг ватандошлари ҳам ҳайратга тушганлар. Ўзбек театр санъатининг юксак чўққисини забт этган бу улуғ сиймолар энди орамизда йўқ. Бу орада театр номи ҳам таҳрир этилиб, у шўролар куйчиси Ҳамза асоратиндан холи, чинакам Миллий бўлди.
Муқаддам бир неча асарлари ушбу театрда қўйилган таниқли журналист ва шоир Қўчқор Норқобилнинг “Заминдан олис кетма” номли драммасини Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мутахасислари ва мулозимлари бадиий жиҳатдан бўш асар дея баҳолаб қайтарган эдилар. Лекин, мутахасислар билан раҳбарларнинг фикри гоҳо бир – бирига тўғри келмаслиги мумкин. Вазирлик раҳбарларига маъқул бўлган шекилли, 2015 йил 6 июнь куни Ўзбекистон Миллий академик драма театрида “Заминдан олис кетма” драмасининг жамоатчилик кўриги бўлиб ўтди.
Кўпчиликнинг эътиборини жалб этган воқеа шундаки, томоша залига СССРнинг энг сўнгги, таниқли халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ва бошқа номдор артистлар салобат ила кириб келганларида унча эътибор бермадилар. Лекин, Қўчқор Норқобил ўндан ортиқ , бамисоли давлат арбобларининг «тан соқчилари” каби ёвқур йигитлар қуршовида кириб келганида сал олдинроқ келиб жойлашган юзларча Алпомиш келбат йигитларнинг қарсагидан қулоқлар дод солиб, бинонинг зарҳал бўёқлари жиндай пўст ҳам ташлади.
Кимдир мудраб, кимдир хуррак отиб, кимдир мўъжиза кутиб саҳнага термулган таниқли актёрлар ижросидаги кўрик томошаси тугагач, бир серсавлат амалдор худди комик артистлардек кўзларини чақчайтириб, қозоқчага мойил нутқ ирод этиб ўз мулоҳазаларини билдиргач муҳокама жараёни бошланди.
Бирнчи бўлиб сўзга чиққан санъатшунослик доктори Дилфуза Раҳматуллаева асар мавзусига бир оз тўхталгач, спектакль ва драматург шаънига шундай мақтов ёғдирдик, назаримда ҳатто асар муаллифи ҳам хижолатдан қизариб ўзини сал ноқулай сеза бошлаганида, доктор нутқини томашабинлар олқишлаб қўллари қаваргунча қарсак чалдилар.
Яна, кекса домла гапни анча узоқдан бошлаб интиҳосида, мустақилликдан кейинги даврда яратилган долзарб мавзудаги энг кучли, бадиий пухта ушбу драматик асарнинг саҳналаштирилганлиги ўзбек театрининг энг катта ютуғи ., деб баҳолаб ул муҳтарам зот ҳам доктор опамиз каби гуллар ила сийланиб давомли қарсаклардан сармаст алфозда саҳнани тарк этиш шарафига ноил бўлдилар. Қариянинг ифорли нутқидан илҳоми баттар жўшган ўша серсавлат вазирлик амалдорининг ҳам ҳаяжони ғолиб келди чоғи: — ана шу Қўчқор деганлари менинг дўстим., деб ҳайқирганида залга зеб бериб ўлтурғон Алпомиш авлодлари ҳаяжонга ҳамнафас қийқириб хайрихоҳликларини давомли чапаклар ила изҳор этдилар.
Бизга муборак исми шарифлари номаълум муҳтарам бошловчимиз энди муҳокамани тугатмоққа чоғлангани маҳал, кутилмаганда 80 ёшлар чамасидаги бир нуроний зот эҳтиром ила бошловчидан сўз сўраб, ёшига номуносиб фавқулодда бир жасорат билан олдинги мақтовларга мутлоқо зид фикрларни сокин айта бошлаганида бошловчи ҳам сал каловланиб минбар аҳлига хавотирли нигоҳ ташлади. Маълум бўлишича, бу муҳташам зот театршунос профессор Арсен Исмоилов эканлар. У театр мутасаддилари ва режиссёрни кескин танқид қилгач, ногаҳон: — Агар, Ёзувчилар уюшмаси деган ташкилот ҳалиям бор бўлса, театрни бадиий пишиқ асар билан таъминласин, бу нима масхаравозлик, Ватанимиз ифтихори бўлмиш Миллий театр саҳнасига дуч келган пьеса чиқиб кетаверадими, укамиз Қўчқорнинг бу асари эса худди чалла туғилган барра қўзидек жовдираб туриптику, бу тахлит ноқис ишлардан ўзимизни сал тияйлик., деб қолганида залга совуқ бир жимлик чўкди. Чунки, зални муаллифнинг ҳамюртлари ва тарафдорлари ишғол этган бўлиб, кекса профессорнинг кутилмаган танқиди уларнинг дилини буткул хуфтон қилганди.
Шоирларни миллатимизнинг виждонига қиёслашади. Чунки, улар ҳар қандай адолатсизликка қарши дарҳол исён кўтаришади. Суюкли шогирди ва ҳамюрти шаънига ноқис гаплар айтилгани учун театрнинг адабий эмакдоши, кечирасиз абадий эмчакдоши Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ғазабини яшираолмай А.Исмоиловга: — қачонгача эски лекциянгизни ўқийсиз., Ёзувчилар уюшмаси драматургия кенгаши раисининг фикрларини эшитмадингизми., деб луқма ташлаб минбарни беқарсак тарк этган профессорни анча изза қилди. Ҳолбуки, бунгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси драматургия кенгаши раиси Шуҳрат Ризаев бу спектаклни кўкларга ктариб роса мақтагач, шошилинч равишда томоша залини тарк этишга улгурган эди.
Энг қизиғи, спектакль пайтида мен билан ёнма – ён ўтирган бир оқ қошлик тепакал, дўмбоққина одам хуррак отиб роса безор қилганди. Ногоҳон бу зот уйғонгач, шахдам қадамлар ила саҳнага чиқиб Усмон Азимнинг луқмасини ёқлаб, Қўчқор Норқобилнинг фазилатларини бирма – бир санаб, гўзал ҳамду санолар қанотида нақ еттинчи осмонга чиқариб қўйдилар. Табиийки, Шекспир ҳазратлари тирик бўлганларида, ерга қуласа чил – парчин бўлишдан хавотирда, бу мақтовдан дарҳол воз кечган бўларди.
Кейин билсам, бу тепакал маддоҳ Азим Суюн деган шоири даврон эканлар. Ўзим бир оддий журналист бўлсамда, шу лаҳза чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин., деган халқ мақоли ёдимга тушди. Менимча, халққа тақдим этилаётган асар муаллифи ким бўлишидан қатъий назар, кўпроқ шу соҳада суяги қотган мутахасислар фикрига қулоқ солиб, қусурларига барҳам бериб, сўнг саҳнага олиб чиқса, дурустмиди. Лекин, ҳамкасбларим бўлмиш журналистлар ва таниқли шоирларимиз асарнинг бадиий савияси қолиб, “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири ва “Китоб ҳаёти” газетаси муассиси бўлмиш Қўчқор Норқобил шаънига мақтов ёғдириш орқали ўз холисликларини ҳам шубҳа остида қолдирдилар.
Усмон Азим ўжарлик билан нечоғлик жиғибийрон бўлмасин, у спектакль қайси жиҳатлари билан унга маъқбул бўлганлиги ҳақида бирон бир жўяли фикр айтаолмади. Профессор Тоир Исломов эса спектаклни аввал ҳам кўргани, лекин соҳа мутахасислари томонидан айтилган камчиликлардан лоақал биротаси ҳам тузатилмаган ҳолда зўравонлик билан яна саҳнага олиб чиқилганлигини., аниқ мисоллар билан асослаб ўз ҳамкасбларини бундай бадиий бўш ва хом – хатала асарларни театрлаштириш борасидаги тажаввузкорликга нисбатан муросасиз бўлишга чиқирди…
Холис танқид, баҳсларсиз муҳокома бўлмайди. Шундан сўнг театрнинг таянч тоғларидан бири бўлмиш таниқли актёр Ёқуб Аҳмедов сўзга чиқанида кўпчилик қатори муаллиф ҳам ундан мақтов гаплар кутиб турганди. Лекин, табиатан тўғрисўз Ёқуб Аҳмедов ҳатто мезбонлик анъаналарини ҳам бир четга қўйиб, профессор Тоир Исломовнинг мулоҳазалари холис ва унинг танқиди асосли эканлигини таъкидлаб: — шахсан мен яқинда очилажак фестивалнинг жюри раиси сифатида жуда қийин аҳволда қолдим, бу спектаклнинг қайси фазилати учун муаллифга мукофот берамиз., деган жумбоқ бошимни кемирмоқда, раҳбариятдагиларнинг фикри ўз йўлига, томашабин нима дейди, спектакльга сарфланган маблағ қопланмаса ким жавоб беради, бу аҳволда миллий театримиз обрўси нима бўлади?, деган холис адолатли мулоҳазалар билан Қўчқор Норқобилнинг Алпомиш келбат ҳамюртлари, тарафкашларини ҳайрон қолдирганида улардан бир иккитаси улуғ актёрнинг салобатли, жарангдор нутқи тасирида ҳатто адашиб чапак чалиб юбордилар…
Лекин, ўзини таништирмасдан бошловчиликни ишғол этган ўша серсавлат вазирлик вакили на соҳа мутахасислари, на муҳтарам Ёқуб Аҳмедовнинг танқидларига чалғимасдан асосий эътиборни Ёзувчилар уюшмаси вакиллари ва маддоҳ шоирларнинг ҳамду саносига қаратиб, саҳналаштирувчи режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Маҳмудованинг заҳматларию, бош ролларни ижро этган Муҳамадали Абдуқундузов, Меҳридин Раҳматов, Лазиз Орзиев, Асадилло Набиев, Раъно Ярашева каби таниқли актёрларнинг маҳоратига таҳсин ўқиган ҳолда муҳокамани: — замонамизнинг забардаст драматурги Қўчқор Норқобилнинг долзарб мавзудаги ушбу спектакли фестивал рўйхатига киритилди ва у албатта бош мукофот соҳиби бўлади., деган оташин башоратли нутқи ила якунлагач, залдаги совуқлик тумандай тарқаб, яна театр биноси қарсаклардан ларзон бўлди.
Балким, эрта бир кун улкан адиб Қўчқор Норқобилнинг кекса профессор сифатлаган “чала қўзиси” театр актёрлари ва мулозимлари ҳимояти ҳамда тарбиясида эсон омон улғайиб катта қўчқорча бўлар. Техника нечоғлик ривожланмасин, ҳалигача театр томошасидан томашабинлар неча ботмон маънавий озиқ олганлигини ўлчайдиган асбоб ҳали кашф этилмаган. Томашабин сифатида бизнинг ниятимиз холис. Тўй тўйдай, томоша эса чинакам томоша бўлсин. Ишқилиб, маддоҳ шоирларимиз театр фестивали очилгунга қадар шошилиб “заминдан олисга кетмасалар.,” бўлди, зеро бош муҳарирнинг ваъдасига кўра, мукофатдан сўнг “Денов” ароғию, сурхон тандирлари ила тўкин зиёфат жуда қуюқ бўлармиш. Омон бўлсак зиёфат чоғи қадаҳ уриштириб вазирликнинг ўша серсавлат вакили билан ҳам яқинроқ танишиб ҳам олармиз….
Элбек Жамол
06.06.2015 й.
Суратда: Давримизнинг таниқли драматурги Қўчқор Норқобил
“Дунё ўзбеклари” учун махсус.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Кўчқор Норқобил ва Усмон Азим бугунги кунда ўзбек драматургиясини фақат ўзиники деб биладиган, бошқаларни йўлатмайдиган, шуҳратпараст ва майда шахслар. Маданият вазирлиги қачонгача уларни силаб-сийпалайди, билмайман. Бунақада драматургиямиз қандай ривожланади?
Қўчқор шу савия билан «Инсон ва қонун» газетасига бош муҳаррир бўлиши мумкин эмас. Усмон Азим деганлари ҳам устозлар Лазиз Қаюм, Озод Шарафутдинларнинг Ғоффор Ҳотам таърифлаган ишларини давом эттираётган бор — йўғи бақироқ шоир экан…
Ғаффор Ҳотам танқид этганидан кўра Қўчқор Норқобил деганлари юз карра расво ва ваҳший экан. Шундай бетайин спектаклни мақтаган бўлса Ғоффор Ҳотамнинг Усмон Азим ҳақидаги ҳамма гаплари ҳақиқат экан. Лекин, шу Қўчқор ва унинг ҳомийси Хайридин Султон ва Мурод лар таъзийқи оқибатида Ғоффор Ҳотамнинг бошига мусибатлар дўлдай ёғилиб, ўғли қамоққа олинди, хотини бевақт вафот этди. Оқибатда ўзбек маданий мафиясининг ҳақиқий башарасини фош этган Ғаффор Ҳотамдек ўзбекнинг буюк бир адиби хонавайрон бўлди..
Кимдир Ҳамза театрида асари спекталь бўлишга фақат Усмон Азимов ва Қўчқор Норқобиллардан бошқа муаллифларга йўл беришмайди. Улар бу ерни ўзлариники қилиб олган деганда ишонмаган эдим. Рост экан…
Ўзбек адабиётини, нафақат адабиёти, балки ўзбек савиясини кемираётган қуртларнинг бири. Афсус, ҳали бери буларнинг ошиғи олчи бўлиб қолаверади.