А. Орипов: Атаб душманига ёки дўстига, Бомба ташладилар ўрмон устига…
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ЎРМОНДАГИ ВОҚЕА
Атаб душманига ёки дўстига,
Бомба ташладилар ўрмон устига.
Бироқ у негадир портламай қолди,
Ўрмон ўртасида тошдай жой олди.
Ҳайвонлар қизиқиб кела бошлашди,
Аввал хадиксираб назар ташлашди.
-Бу не? – деб бошини қашлади бўри,
Лол эди арслон ҳам – ҳайвонлар зўри.
Ҳеч нени тушунмас айиқ ва сичқон,
Анқайиб туришар қушлар ҳам ғужғон.
Ҳидлаб кўришдилар, ялашдилар, бас,
Англаб етдилар-ки, уни еб бўлмас.
Ҳайвонлар тарқалди йиғилган жойдан,
Шўрликлар, бомбани билишсин қайдан?
Аслида илдизи биттадир ҳаёт,
Яшашга хақлидир жами махлуқот.
Тирикликка шуни қилдингми эҳсон,
Тафаккур соҳиби, муҳтарам Инсон!
03.05.2015
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ