Анвар Сайрамий: Саёҳат синоатлари — Ёз кунларидаги аёз
Анвар САЙРАМИЙ
Саёҳат синоатлари
Ёз кунларидаги аёз
БОШҚИРДИСТОН пойтахти Уфа шаҳрида мени афт — ангоримга эмас, сафаримнинг асл мақсадига, машаққатли онларнинг моҳиятига қараб кутиб олишди.
Техникамгаям алоҳида эътибор беришиб, Боку, Тифлис, Чебоксаридагилар каби, гараждан жой ажратдилар. Ҳатто мутасадди шахсларни: “мотоциклдан бирон-бир мурват йўқолгудек бўлса борми…” — дея огоҳлантириб ҳам қўйишди.
Бу ўша раҳбарнинг ўз ишига нечоғлик масъулият билан ёндошиши ҳамда қўл остидаги ишчиларига нисбатан талабчанлиги, сиёсатни атрофлича кўра олиши ва дунёқараши кенглигидан далолат эди.
Шу боис-ки, “ВОА БАШСОВЕТ” раиси Ирек Зинатович Булгаков Бошқирдистон автоном республикасида эътиборли ўнликлардан бирига киришиям бежиз эмас экан.
Янги орттирган дўстларим даврасида шаҳарнинг, деярли ҳамма жойларида, маданият ва истироҳат боғларида, санъат саройларида, илм масканларида, черков ва масжидларида, хиёбонларида бўлдик. Яна дарё лабига ўрнатилган Салават Юлаев ҳайкали пойига гулчамбар қўйишга ҳам улгурдик.
Икки кун давом этган мазмунли зиёратдан сўнг, республика матбуот биноси қошида дўстлар билан эсдалик учун суратга тушгач, қардошларча самимий хайрлашдик.
…Урал тоғидан ошиб ўтиладиган 377 чақиримли Уфа — Челябинск олис ва довонли маршрутига мени кузатиб қолишаркан, қалбларида қандайдир меҳрибонлик, чеҳраларида аҳволимга аянч, кўзларида сафаримнинг муваффақиятли тугашига астойдил тилак борлигини пайқаш қийин эмас эди.
Хайрлашув чоғидаёқ сепалай бошлаган ёмғир, лаҳзада қорга айланди. Ҳа, ёз кунларидаги бўронли қор. Аниқроғи, 1995 йил 5 июнда бошланган бу табиатнинг “ҳазили” деярли икки кун давом этди.
Ўрмонлар, тоғлар, дала-ю адирлар, йўллар худди эртаклардагидек, қалин қорга бурканди. Ҳўл ва ёпишқоқ қордан дарахт шохлари сина бошлади.
Қаршидан ураётган шиддатли қор кўз очишимга қўймас, ўткинчи техникалардан сақланишнинг ўзи бўлмас, йўлни топиб юриш мураккаблашган эди. Юзларим совуқдан тиришган, лабларим ва киприкларим яхлаган, қўл-оёқларимдан гўё жон кетгандай туйиларди.
Тўхташ ўлим билан баробар. Гарчи кийиб олган уст-бошларим қалин эса-да, аъзоларим дир-дир титрарди, жағ суякларим алланечук бўлиб қолганди.
Ўша уқубатли, хатарли онларда ногаҳон ота-боболаримиз айтиб ўтган ривоятлардан бири, беихтиёр, кўнглимдан ўта бошлади.
Айтишларича, ёз чилласида совуқдан қотиб ўлган ҳўкиз шохи ичига қиш кунлари етиштирилган тариқ солинган ва ёзувда ўша таажжубли ҳодисалар баён қилинган эмиш. Ҳа, ҳар қандай ривоятларда ҳам қисман ҳақиқат ётаркан. Мана, унга аниқ мисол.
Ҳали юқорилаб, ҳали ёнбағирлаб чўзилаётган довонли тоғ йўлларининг поёни йўқдай. Кошки эди, шу атрофдан бирон-бир кулбами, шунга ўхшаш бошпанами чиқиб қолса…
“- Улу-Телянский кемпингида нечун тунаб қолмадим-а. Намунча ўз жонимга жабр қилмасам. Бу янглиғ азоб-у уқубатларнинг кераги бормиди, ўзи? Сафардан муддао нима? Ёки ҳамма-ҳаммаси абасмикан? Наҳотки… Йўқ, Анвар! — Яна ўз-ўзимга тасалли бера бошлайман. — Бу каби нохуш хаёллардан кеч! Ноумид шайтон, дейдилар. Парвардигорнинг саховати кенг, меҳри дарёдир. Яхши ният ила чиққан сафаринг эса, бесамар кетмас…
Ҳеч йўқ, тарихи уч минг йилларга бориб тақалган, беш ном ила оламга машҳур, Буюк ипак йўлининг аҳамиятли шаҳарларидан бири бўлган, Шаҳобиддин Исфижобий, Аҳмад Яссавий, Юсуф Сарёмий ва бошқа табаррук зотлар таваллуд топган ва яшаган, Соҳибқирон Амир Темур, ҳақиқат султони Бобораҳим Машрабларнинг назари тушган, кейинги йилларда, баъзи сабабларга кўра, унутилаёзган жаннатмакон она диёринг — Сайрамни ўзинг кезиб ўтган турли ўлкаларда тарғиб қилиб, ўтмиш тарихидан бошқаларни баҳраманд этмоқдасан. Ери нур, валилари бисёр, халқи эса, меҳнатсевар она юртингни Мағрибдан то Машриққача танитмоқдасан”.
АНА ШУНДАЙ хаёллар оғушида кета туриб, йўл чеккасида омонатгина жойлашган кабобхона олдидан чиқиб қолдим.
Ё Расул, не бахт! Ёқут топгандай қувониб кетаман. Севинчданми ё хўрликданми бурним ачишиб, кўзимга ёш қалқийди. Бор иродамни ишга солиб, ўзимни ушлашга ҳаракат қиламан, асл ҳолатимни пинҳон тутаман.
Моторга тин бергач, даставвал юзимни, қўл ва оёқларимни қор билан обдон ишқаладим, сўнгра, қўлқоп ва пайпоқларимни чўғда қуритиб олган бўлдим. Кабобпаз билан тушлик луқмамиз ҳам ўша ерда кечди. Андак отамлашдик ҳам. Суҳбатимиз анча жонли вазиятда бошланди.
— “Айтилган ашула” эмасми, биродар, — юзимга маъноли боқиб, деди у, кўрадан иссиқ кабобли сих олганча менга узатаркан.
— А, лаббай?
— Демоқчиман-ки, талай машҳур сайёҳларни тарихдан биламиз. Яна сиз… Мазаллатга не ҳожат?
— Ҳа, бу оламга ким-ки келибди, ўз насибаси билан яшайди. Ва яна дунёнинг шунчалар сир-асрори беадад-ки, ҳар инсон уни ўз заковатига яраша ўзлаштиргай. Ўрганилмаган муаммолар ҳали бисёр. Саёҳат борасида ҳам шундай, дўстим. Талай машҳур сайёҳлар ҳақида сўз қотдингиз. Демак, ҳар бирларининг сафар моҳиятлари турлича ва яшаш вақтлари ҳам. Тарихда эса, мустаҳкам, алоҳида-алоҳида ўз ўринлари бўлган. Йўқ, мен машҳур сайёҳлар ила рақобатлашмоқчи эмасман. Асло! Ва, лекин ўз эзгу ниятларимга ҳам эришмай қолмоқчи эмасман.
— Хўш, сизнинг асл мақсадингиз нималардан иборат?
— Тўғри, саёҳатчилар турлича бўлганлар. Ижобий фазилатлари билан халқ учун жонидан кечиб эса-да, оламнинг турли сир-асрорларини ойдинлаштирганлар, маънавий мерос қолдирганлар ва яна шундайлари ҳам бўлган-ки, улар босқинчилик мақсадларини кўзлаб, ўз подшоҳларига ўзга юртлардан махфий хабарлар етказиб турганлар (надоматлар бўлсин-ким, биз яшаб турган Марказий Осиё ҳам бир неча бор ана шундай салбий “сайёҳлар” макри қурбони бўлганлиги сир эмас).
КАМИНАНИНГ асл мақсади эса, ҳар бир учрашувларда, давра суҳбатларида баён этаётганимдек, авваламбор, турли миллатлар ва элатлар билан биродарлик ришталарини боғлашдан иборат, кечаётган ҳозирги шароитда эллар орасида одамийликни, бир-бирларига нисбатан мурувват, сахийлик аломатлари мавжуд эканлигини исботлаш, қайси дин вакили эканлигидан қатъий назар, уларнинг эътиқодини ўрганиш, урф-одатлари билан яқиндан танишишдир.
Одамлардан инсоф-диёнат кетган, дейишларига мутлоқ қўшилмайман. Мана ашёи далил. Қарийб бир йилга яқин ҳеч вақосиз жаҳон кезмоқдаман, ажойиб дўстлар орттирдим. Улар меҳр-шафқатларини мендан аямадилар.
Аксари сайёҳлар қурол ва ўз чериклари ила сафар қилганлар. Мен эса, ёлғиз, яна ҳеч қандай тиғсиз-яроғсиз чиққанман.
— Бу томонлари-ку аён, лекин кимсасиз гўшаларда, ваҳимали кечаларда ва бу кунги каби бўронларда техникангиз панд бергудай бўлса, ҳолингиз не кечади? Совуқда қотибми ёки йиртқичлар… Йўқ-йўқ, эслашнинг ўзи даҳшат. Алҳазар, алҳазар!
— Ҳа, биродар, бу борада сиз мутлоқ ҳақсиз. Ниятим пок, Оллоҳнинг ўзи асрасин…
Суҳбатимиз Екатеринбург ва Челябинскдан машина ҳайдаб, юк билан келаётган йўловчиларнинг у томонларда қорнинг қалинлиги 35-40 сантиметрга етганлигини, аёз эса, тобора авжга минаётганлигини, йўл жуда хатарли эканлигини баён қилишлари билан якунланди.
Начора, эл ахтариб, йўлга отланаман. Куннинг иккинчи ярми даҳшатлироқ кечди. Шундай эса-да, не-не азоб-уқубатлар эвазига Европа — Осиё чегарасини кесиб ўтгач, эл жойлашган Юрузань шаҳри яқинидаги бир кемпингга эсон-осон жойлашиб олдим.
1996 йил 4 май.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ