А. Орипов: Юрагинг сиқилса, Тиқилса нафас, Сен борлиқ қўйнига олиб кетгин бош…
АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон халқ шоири
ТАСКИН
Юрагинг сиқилса,
Дилинг бўлса ғаш,
Турфа давраларни йиғиштир барин.
Яхшиси, дарахтлар билан суҳбатлаш,
Баҳам кўр ям-яшил хотираларин.
Юрагинг сиқилса,
Қийнаса ўйлар,
Юзни бур дарёнинг мавжлари томон.
Тиниқ чашмалардан сўйлайди улар,
Бундоқ суҳбатдошни топмоғинг гумон.
Юрагинг сиқилса,
Тор келса дунё,
Эрка шамолларнинг этагин тутгин.
Улар кўпни кўрган сайёҳдир гўё,
Улардан энг ажиб эртаклар кутгин.
Юрагинг сиқилса,
Тиқилса нафас,
Сен борлиқ қўйнига олиб кетгин бош.
Балки ўзга дийдор энди шарт эмас,
Балки керакмасдир бошқа суҳбатдош.