Тожикистон: ‘Қундуздаги жангларни яқиндан кузатиб турибмиз’
Тожикистон: ‘Қундуздаги жангларни яқиндан кузатиб турибмиз’
-
6 соатлар аввал
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, бешинчи кундирки, қўшни Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош Қундуз вилоятида давом этаётган қақшатқич жангларга ана шундай муносабат билдирган.
Ташқи ишлар вазирлигининг ўзларига боғланган айрим маҳаллий журналистларга айтишича, ҳозирча, вазият назорат остида.
Вазирликка кўра, мамлакат куч тизимлари ҳам давлат чегарасининг Афғонистон билан қисмида ҳар қандай эҳтимолга қарши шай аҳволда туришибди.
Аксарияти хорижликлар экани айтилаётган юзлаб жангарилар ўтган ҳафта жума куни Қундуз вилоятининг тўрт туманида ҳукумат кучларига қарши ҳужумга ўтишган ва бугун, бешинчи кундирки, қақшатқич жанглар ҳануз тинмаётгани айтилади.
Шу орада вилоятнинг айнан Тожикистонга бевосита чегарадош Имом Соҳиб туманининг Толибон назорати остига ўтиши хавфи пайдо бўлган.
Устига устак, жанглар Қундуз шаҳри сарҳадларига яқинлашаркан, ҳудудга бутун Афғонистондан минглаб аскарлар ва ўнлаб танклар ташланган.
Вилоятдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳозирга келиб, исёнчилар Қундуз шаҳри сарҳадларидан сиқиб чиқарилган, аммо қолган тўрт тумандаги вазият ҳалиям хатарнокдир.
Қундуз
Тожикистонга бевосита чегарадош, Бадахшон, Бағлон ва Тахор вилоятларининг ўртасида жойлашгани боис, Қундуз Афғонистон шимоли-шарқидаги стратегик жиҳатдан муҳим вилоятлардан бири саналади.
Бундан ташқари, Қундуз Тожикистон билан икки ўртадаги Панж дарёсида Афғонистон учун муҳим бўлган Шер Хон бандаргоҳига эга.
Бу бандар орқали Покистон ва Эрондан келувчи турли қурилиш маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар Тожикистон ва бошқа минтақа давлатларига тарқалади.
Шер Хон — Афғонистон шимоли-шарқидаги муҳим транзит тармоқларидан бири саналади.
Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилги оммавий сафарбарликларига қадар, Қундузда юзлаб сондаги олмон қўшинлари ҳозир бўлишган.
Аммо, шунга қарамай, сўнгги йилларда вилоят қатор туманларининг толиблар назорати остига ўтиши хавфи пайдо бўлган.
Қундуз ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг янги таянч нуқтасига айланишга-да улгурган.
Ўтган яқин ойлар ичида эса, вилоятнинг икки туманида ўнлаб жангариларнинг “Исломий Давлат” байроғи остида фаолият юритишга ўтишгани, ҳудудда ўз истеҳкомлари ва тайёргарлик жамлоқларини барпо этиш ҳаракатида эканликлари ҳам айтилганди.
Таъкидлаш жоиз, хавфсизлиги учун масъулият асосан Афғонистоннинг ўз зиммасида қолган бир йилда Қундуз – Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган биринчи вилоят бўлади.
Афғонистон Толибон ҳаракати айнан ўтган ҳафта чоршанба куни ўзининг бу йилги баҳорги амалиётларига оид расмий баёноти билан чиққан, афғон ҳукумат кучлари, давлат мулозимлари ва бошқа ҳарбий иншоотларни нишонга олиш билан таҳдид қилганди.
Оммавий сафарбарлик ортидан, Афғонистонда қолиши режаланган минглаб хорижий аскарларни эса, уруш заҳматларидан узоқроқ турай дейишса, зудлик билан афғон тупроғини тарк этишлари билан огоҳлантиришганди.
Покистон
Афғонистонлик мулозимларга кўра, Покистон Қуролли кучларининг, йилларки, турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келган Шимолий Вазиристон минтақасидаги давомий амалиётлари ҳам мамлакат шимоли-шарқидаги вазиятнинг жадаллик билан издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Миллати ўзбек, тожик, араб ва чечен бўлган юзлаб хорижлик жангарилар ўз оилалари билан бирга Афғонистонга қочиб ўтиб, қаерда толиблар фаол бўлишса, ўша ердан бошпана топишмоқда.
Масъуллар эса, Қундузда нега катта сондаги хорижий жангарилар ҳозирлиги сабабини худди ана шу омил билан изоҳлашади.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Покистон Толибон ҳаракати ва “ал-Қоида” тармоғи аъзолари экани ишонилувчи бу жангариларнинг Афғонистонда асосан Толибон сафларида қайта жанг қилишга ўтишгани, аммо ораларида “Исломий Давлат” гуруҳи билан алоқа ўрнатиш ҳаракатида бўлганлари ҳам борлиги айтилади.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўтган йил охирларида «Исломий Давлат» гуруҳига аллақачон тўлиғича байъат келтириб бўлган.
Ҳали йил аввалидаёқ мавжуд вазият Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг жиддий хавотирларига сабаб бўлган, афғон раҳбари, агар, халқаро ҳамжамият бунга кўз юмса, оқибатлари ёмон бўлиши билан огоҳлантирганди.
Эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош яна бир шимолий-шарқий Бадахшон вилояти ҳам худди шундай жангариларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлган, ўнга яқин афғон аскарининг боши танасидан жудо қилинганди.
Шундоққина биқинларида жойлашган Афғонистондаги вазиятнинг Ироқдагиси каби тус олиб кетиши эса, аллақачон барча минтақа давлатларининг жиддий хавотирларига молик мавзуга айланган.
Ўзбекистон дохил Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатларининг барчаси ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва қўшимча хавфсизлик чоралари кўриш ҳаракатига тушиб кетишган.
Шимолий-шарқ…
Таъкидлаш жоиз, сўнгги пайтларда Қундуз ва Бадахшондан ташқари, Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилоятида ҳам толиблару, ўзбекистонликлари дохил улар сафларида жанг қилаётган турли хорижий жангариларнинг фаоллашгани кузатилади.
Маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра эса, афғон ҳукумат кучларининг уларга қарши йўлга қўяётган ҳарбий амалиётларининг самараси амалда сезилмайди.
Худди шу манзарада Қундуздагиси – жангарилар Афғонистоннинг шундоққина Марказий Осиё билан ўзаро чегарасида амалга оширишга муваффақ бўлган илк кенг кўламли ва қақшатқич ҳужумлар бўлади.
Тожикистон эса, Афғонистон билан қарийб 150 чақиримга узанган ўзаро чегарага эга.
Ўз навбатида, маҳаллий ҳарбий таҳлилчилар, унча узун эмаса-да, бу чегара чизиғи муайян қисмининг Панж дарёси орқали ўтиши ва у ерда ҳали-ҳануз қай бир томонга тегишли экани расман белгилаб олинмаган оролларнинг борлиги Тожикистон учун хавф туғдириши эҳтимолини инкор этишмайди.
Аммо, уларга кўра, Тожикистоннинг Афғонистон билан жанубий чегараларидаги вазият ҳам халқаро ҳамжамият, ҳам Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти диққат-эътиборида экани ва Россия 201-сонли ҳарбий бўлинмасининг ҳозирлиги боис, вазият у қадар хатарли тус олмайди. Тожикистон ҳар қандай хавфга муносиб жавоб бера олади.
Эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Тожикистон айнан Афғонистон билан бевосита чегарадош минтақасида 30 мингдан ортиқ саф ва захирадаги ҳарбийлари, юздан ортиқ ҳарбий техника, хусусан, танклар, бронетехника ва ҳарбий учоқлар иштирокида йирик ҳарбий машқлар ҳам ўтказганди.
Минтақадаги қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга кўра эса, ўтган ҳафта Ўзбекистон ва Тожикистон Чегара қўшинлари Бош штаби бошлиқлари қарийб чорак аср давомида илк бор учрашиб, икки томонлама самарали ҳамкорлика оид жорий йилга мўлжалланган битимни ҳам имзолашган.
Сўнгги вазият
Қундуздан олинган сўнгги хабарларга кўра эса, қақшатқич жанглар бошланган ўтган жума кунидан буён ўнлаб жангарилар ўлдирилган, ўзлари ҳам ўнга яқин аскарларини бой беришган. Аммо бир қанча полиция ходимининг олиб қочилгани, ўнлабининг бедарак кетганига оид хабарлар ҳам бор.
Қундуз вилояти ҳокимининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, шу пайтгача ўлдирилган ўн хорижий жангаридан иккитаси ўзбек, биттаси турк, тўрттаси тожик, иккитаси чечен ва яна бир нафари қирғиз эканини аниқлашган.
Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари билан кечган 2014 йил эса, шундоқ ҳам Афғонистон Қуролли кучлари учун Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буёнги энг қонлиси бўлганди.
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, шу йил бошида Покистонда ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ҳам Афғонистондаги вазиятни анчагина мураккаблаштириши ва афғон ҳукумат кучлари учун қўшимча бошоғриққа айланиши мумкин.
Гуруҳ сўнгги ойларда Афғонистонга ҳар томондан сизиб киришга уринаётган бир манзарада афғонистонлик юқори мартабали мулозимларнинг ўзлари ҳам “Исломий Давлат” нафақат шимолий вилоятлари, балки-да бутун Марказий Осиё учун ҳам жиддий хавф экани билан огоҳлантиришганди.
Хавфсизлик билан боғлиқ сўнгги вазиятга якуний баҳосини бераркан, куни-кеча Афғонистон парламенти қуйи палатаси раиси мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий минтақаларини Покистоннинг Шимолий Вазиристонига қиёс берганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
Skype — bbcuzbekradio