“Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Бахтиёржон: “Ғалаба куни” ҳақида
Ҳар йилги май одамларимиз орасида Совет Иттифоқи давридаги катта байрамлардан бири бўлган “Ғалаба кунини нишонлаш керакми ёки бу кунни умуман унутиш лозимми?” деган саволни қайта янгилайди. Жавоб кўп. Жавоблар ҳар ҳил. Бу кундан фаҳрга тўладиганлар, бу кундан нафратланадиганлар, бу кунга бепарволар кўп.
Унитиб бўлмайдиган, инкор этиб бўлмайдиган факт эса – битта. Уруш бўлган. У бизнинг Ватанимизга қарши эди. Урушда ўзбеклар нобуд бўлган. Бу уруш ўзбеклар уйларига оғриқ, очлик ва мотам келтирган. Одамларимиз азаларида, суҳбатларида шу урушни, ёвни лаънатлашган . Ичларида балки ўрисни, ҳукуматни ёмон кўришган. Ғалабадан ўзбеклар ҳам қувонишган. Ғалабадан яхшиликлар кутишган.
Булар – аниқ фактлар. Шунақа бўлганини инкор этиб бўлмайди.
Бундан кейин уруш ва ғалаба мавзусига ҳозирги авлоднинг ҳиссиётлари аралашади. Мавзу минг ҳил рангга бўялиб, таниб бўлмай, тушиниб бўлмай қолади. Ҳиссиётларни миямизга оммавий аҳборот воситалари ва интернетдаги миллион ҳил сайтлар, ҳар ҳил ниятдаги ҳар тоифа одамлар қоплаб ташишади. Ақлини, шуурини ташқаридан келаётган ҳужумдан сақлай олмайдиган, мияси ланг очиқ калтафаҳмлар эса тўлиб ётибди.
Ғалаба кунини нишонласак, шу куни қувонсак нима бўлади?
Бу кунни унутсак нима бўлади?
Унутсак хеч нарса бўлмайди. Яна бир икки авлоддан кейин уни хеч ким эсламайди. Ўтмишга бориб келган буюк тарихчиларимиз балки бу куннинг, урушнинг изини йўқотишолмаса-да, битта сатрга жойлаб қўйишар. Ё украинлардек немисларни кўкка кўтариб, ўрисни ерга қоришар.
Унутмасакчи?
Одатда одам ўзининг ҳаётдаги муваффақиятлари ва ўзига бўлган ишончига таяниб қудратли шахсга айланади. Чунки биров берган ёрдам ҳамиша ҳам қувонадиган ҳолатга кўтаролмайди, бирор жойгача кўтарсаям одамни бақувватлаштирмайди.
Ҳалқлар ҳам шунақа.
Одамларда ғурурни, ўзига фаҳрни ўстириш учун хукуматлар турли программалар ишлаб чиқишади. Китоблар ёзилади. Кинолар яратилади. Лекциялар ўқилади. Фақат бизда унақамас. Бизда одамлар ҳамма томондан узилиб, муваллақ ушлаб турилади. Тарих йўқ ҳисоб. Амир Темурдан фаҳрланадиган, Навоийни тушунадиган кам. Ибн Синони тожик, Бобурни монгол деган гапларни айтадиганлар бор. Келажакка умид йўқ. Динга аралашиб бўлмайди. Жа кўтарилиб кетиб бўлмайди. Жа зўр бўлиб кетиб ҳам бўлмайди…
Агар эҳтирослар ва аҳмоқона ҳисларни бир чеккага йиғиштирилса, Ғалаба куни балки миллатимизни ўзини таниши учун, тирноқдай бўлсаям фаҳр туйиш учун бир пойдевор бўлармиди. Оталаримиз нимададир ғолиб бўлишган. Буюк Темурнинг болалари Гитлерни енгган. Биз фашизмни енгган ғолиб миллатмиз. Бу нотўғримас-ку! Чеченлар оталарининг ҳикоялари ва тарбияси, миллатининг эртак ва асотирлари асосида қайтмас бўлиб ўсишини биламиз-ку!
Қўлидан хеч нарса келмаган, чалажон ва мияси чайилган битта-иккита калтакесак бизни тарихимиздан ажратиб, оёғимизни ердан узишди. Америка, Европа, демократия, сўз эркинлиги дейишади, беш тамойил дейишди, буюк миллатмиз, дейишди. Нимага буюклигимизни айтишмади. Ва ҳаммамиз пишган шафтолидек ҳавода муаллақ осилиб турамиз. Ҳоҳлаганимизни уриб туширса бўлади. Бошқаларимиз бизни қоқиб олмаганига Худога шукр деб, осилиб тураверамиз. Дардимиз-бойлик. Пойдеворимиз йўқ. Дунёда дўстимиз йўқ. Меҳрли қўшнимиз йўқ. Кимларгадир шу керак, шекилли.
Ғалаба куни – биздан ош- нон тиламайди. У хеч кимнинг зеҳниятини қорайтирмайди. Бизни бировга қул қилмайди. Бизни бир ердан узиб -иккинчи тупроққа ўтирғизмайди. Майли, бу миллий байрам бўлмасин. Парад бўлмасин. Унутмасак бўлди. Бу кунни сўкмасак бўлди.
Мен фашизмни енгган инсонларнинг авлоди эканлигимдан фахрланаман. Мен ўтмишдаги ва бугунги кундаги фашизмдан нафратланаман.
Ҳамманинг ўз танлови бор.
Бахтиёржон,
Тошкент
“Дунё ўзбеклари”дан:
Бахтиёржоннинг фикрларини ўқиб, ажиб ҳайратларга ошно бўлдик. Муаллиф ўз фамилиясини аниқ ёзмаган ва ошкор қилмаган бўлса-да, бу фикр ва мулоҳазалар биз учун ғоятда муҳим ва қадрлидир. Сизга-чи, азиз мухлис?
Фурсатдан фойдаланиб, Бахтиёржонни биз бундан кейин доимий равишда ижодий ҳамкорликка чорлаш орзусидамиз. Қани энди у кишидек фикри уйғоқ ва зеҳнли муаллифларимиз кўпроқ бўлса эди. Биз нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни қамраб олган ва “қўлга киритган” бўлардик…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
24 апрель, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ