Абдулла Орипов: Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос, Апрел осмонининг қалдироқлари…
АПРЕЛ
Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар-баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрел осмонининг қалдироқлари.
Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.
Қофия йиғишар шеърга – назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрел осмонининг қалдироқлари.
06.04.2015
ЁМҒИР
Ёмғир ёғса шоирлар
Эрк берарлар мияга,
Тайёр мавзу топилди,
Тизарлар қофияга.
Ёмғир ёғса қушлар-чи,
Таҳликага тушади
Ва лекин севишганлар
Зонтикка ёпишади.
Ёмғир ёғса бемаҳал
Куяр ўзбек деҳқони:
— Ҳосилни поймол қилди,
Етди қанча зиёни.
Женевалик қувонар
Ёмғир ёғмасин қачон:
-Ҳаво яна тозариб,
Яшнайди яна газон.
Аллоҳ барака сочар
Қай фасл, қай палладир,
Ким қандай қабул қилар?
Бу бошқа масаладир.
04.04.2015й
Ҳаётга қайтиш
Ёнимда айтмагил бахт деган сўзни,
Танамда ногаҳон титроқ бошланар.
Тутиб туролмайман асло ўзимни,
Юрагим зўриқиб, кўзим ёшланар.
Ахир мен умримни ишониб роса
Ўша бахт йўлида сарфлаганим рост.
Ўтди у давронлар, ўрнида эса
Бир уюм ваъдалар қолдилар, холос.
Агар бўлсанг менга чиндан хайрихоҳ,
Дўст деган сўзни ҳам қилмагин такрор.
Кўксимдан вулқондек кўтарилар оҳ,
Инсонни дўсти ҳам айлар экан хор.
Қоронғу тунларда кўтариб машъал,
Дўст дея ўзимни урдим кулфатга.
Улар-чи, бир куни топиб куч, амал,
Ўзимни отдилар ўша зулматга.
Муҳаббат қанчалар сеҳрли калом,
Руҳингга суянчиқ, тоза, бокира.
Мен-чи, унутганман уни батамом,
Бул ажиб сўзни ҳам эслатма сира.
Мҳаббат деганда кўзимга энди,
Жафо кўринади, вафо кўринмас.
Дилдаги оловли ҳислар ҳам тинди,
У ёруғ хаёллар барҳам топган, бас.
Дейман, алданмасин ҳаётда инсон,
Саволи қолмасин зинҳор бежавоб.
Саробга айланса агарда армон,
Ҳатто бор нарса ҳам кўрингай хароб
Лекин ишонаман, тоғлар юксалиб,
Дарёлар гувиллар мен учун яна.
Тағин ҳаёт қайтар гулдурос солиб,
Яна севги қалбда қилгай тантана.
03.04.2015й
ТАЖРИБА
Икки дўхтир доим бахслашар эди,
Ҳар ким дорисин мақтарди чунон.
Охири тажриба ўтказсак деди,
Қай бири беморга бағишлар дармон.
Дастлабки дорини ичгани заҳот
Бемор ўлиб қолди, чораси йўқдир.
Биринчи даъвогар бўлган эди мот,
Мен ҳақ! – деб қичқирди иккинчи дўхтир.
02.03.2015й.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ