Ўзбекларнинг даҳо шоири Абдулла Ориповнинг энг янги шеърлари билан танишинг
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ИРИМ
Талош палласи деб шеър ёздим у вақт,
Оқшомнинг бу сири гарчанд ноаён.
Иримга биноан айнан ўша пайт,
Ҳатто урушлар ҳам тўхтаган бир он.
Шеърда истагимни айтмабман, эркам,
Ишонгум, ишорат сенга кифоя.
Дейман, қовоғингни очиб юр сен ҳам,
Токи иримларга қилгин риоя.
15.04.2015
КАССЕТА
Набирам кассета қўяр гоҳида,
Узоқдан келади ўктам бир нафас.
Ер-осмон ёнгудек унинг оҳида,
Муҳаббат аталмиш ҳеч ўлмас бу сас.
Баланд қил, кўкларга ўрласин нолам,
Бу менинг навқирон чоғим-ку, болам.
Тағин овоз келар йироқ-йироқдан,
Ватан деб, элим деб тортилган наъра.
Ҳануз нур оламан ўша чироқдан,
Сен ҳам шу Ватаннинг корига яра.
Қоғоз жанггоҳ эди, туғим-чи – қалам,
Бу менинг улғайган йилларим, болам.
Турфа садоларни тургайман тинглаб,
Мана бу суҳбатим, мана бу – достон.
Бари муҳрланиб қолмишдир, ажаб,
Бирида маъюсман, бирида шодон.
Умримни ўтказдим қандоқ бўлса ҳам,
Бу менинг етуклик давримдир, болам.
Охир эшитилар паришон овоз,
Сўзин англаб бўлмас, бари аралаш.
Ҳар шеър ўқилганда шилдирар қоғоз,
Ўрнимдан қалқаман, кўнглим бўлар ғаш.
Бас қил, юрагимни эзмасин алам,
Бу менинг кексалик пайтим-ку, болам.
14.04.2015
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ