«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Тоҳир Қаҳҳор: Мошкичири… (Туркия сафари)
МОШКИЧИРИ
Шоир Тоҳир Қаҳҳор ҳикояси:
— Бу воқеа 1990 йил, Ўзбекистон ҳали Мустақилликка эришмаган даврлар, Туркияда бўлиб ўтган эди. Биз, бир гуруҳ ёзувчилар Туркияда бўлаётган халқаро анжуманга чақирилган эдик. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов, Ўзбекистон халқ шоирлари Шукрулло, Жамол Камол ва мен. У пайтлар Ўзбекистондан Туркияга ҳали ҳеч ким бормаган, биз учун, бу сафар ниҳоятда ҳайратланарли, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада фавқулодда ҳодиса эди.
Бизнинг боришимиз турклар учун ҳам ғоят қизиқарли ва таажжубланарли эди. Шунинг учун бизни ўтирғизишга жой топишаолмас, катта-катта зиёфатлар билан сийлашар эди. Анжуман бошланганда ҳам “ҳе йўқ, бе йўқ” биринчи бўлиб бизга сўз бериб юборишди. Улкан залда минглаб одам ўтирибди. Анжуманниг мақсади нима, дастури нима, мавзуси нима, бизга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, ҳамма минбарга чиқишимизни сўраб ётибди.
Биз катта оқсоқолимиз Одил акага, “Сиз чиқинг”-десак, “Йўқ, йўқ” деб қўлларини пахса қилдилар.” Мен кейин гапираман, аввал тушиниб олай, булар нимага йиғилиб, биздан нима гап кутаётганини,”- дедилар. Кейин Шукрулло акага, ”Бўлмаса сиз чиқинг, бир нарса деворинг”,-дедик.
Шукрулло ака шартта ўринларидан турдилар, салобат билан минбарга қараб юриб кетдилар.
Ҳамма жим. Ҳамма қотиб турибди. Шу даражадаки, етмиш йилдан буён кўришмаган ота-бола, етмиш йиллик айрилиқдан кейин кўришгандаги биринчи гапи нима бўлади, етмиш йиллик узилишдан кейин Ўзбекистоннинг Туркияга айтган биринчи гапи нима бўлади, дегандай бутун дунё туркий халқ вакиллари тарихий воқеа устида турибди. Асабларим таранг тортилган, ўт-олов бўлиб ёнаябман, қанийди Шукрулло ака оламшумул гаплардан олиб, бутун зални, оғзини очиб лол қилиб ташласа, дейман.
Аксига олиб Шукрулло ака, — Бизда бир таом бор, — деб бошлаб қолдилар-ку. Оҳ, қовун туширдилар, — деб, лабимни тишладим. – Бу таомнинг номи мошкичири дейилади, сал қаровсиз қолса тагига олиб кетади. Агар куйиб, тагига олган мошкичирини куч билан кўчираман десангиз, ё чўмич қайрилиб кетади, ё това синади. Товани қотиб қолган мошкичирадан ажратиб олиш учун нима қилиш керак. Товага сув қуйиб, ивишини кутиб туриш керак. Кутиб турилса, мошкичири товадан осонгина ажралади,- деди
Шукрулло ака ва қўлларини тароқ қилиб, сочларини орқага ташладилар ва улкан залга қараб бир неча дақиқа ғолибона сукут сақлаб қараб турдилар. Бироз жим турган зал, гапнинг фаҳмига етиб, гулдурос қарсак чалиб юборди, баъзилар ўрнидан туриб чапак билан анча вақтгача олқишлаб турди.
Шукрулло ака, сув қуйилган, мошкичири товадан ажралаяпти, озгина кутиб туринглар деб, Ўзбекистонни ўша пайтдаги ҳолатини, СССР таркибидан ажралиб чиқиши ҳаракатлари кетаётганини соддагина қилиб тасвирлаб берган эдилар.
Мен ўшанда Шукрулло аканинг нотиқлик маҳоратига, билимдонлигига, жасоратига, осон ва содда қилиб жуда катта маъноли гапни айта олиш заковатига, шунча одамнинг олдида совуққонлик билан, худди ёш болага тушинтиргандай бемалол ва беҳадик ҳамма гапни тушинтириб берганига қойил қолганман.
СССРдан ажралиб чиқишимиз мумкинлигини эса, ҳали тасаввуримизга сиғдираолмасдик, шунчаки “Товадан ажралиш” жараёни кетаётганди, холос.
Суратда: Таниқли шоир Тохир Қаҳҳор (ўртада) шогирдлари билан
SHOIR.UZ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ